Annotation: This article provides a brief overview of the history of the Ottoman Archives in Turkey, the stages of their development, the nature of the documents contained within, and the extensive scope of materials due to the sheer size of the collection. Particular emphasis is placed on the reflection of Central Asian history in the archives of the Ottoman Empire. Indeed, the fact that tens of thousands of documents among the more than one hundred million housed in the Ottoman archives have yet to be introduced into scholarly circulation highlights a significant shortcoming in the fields of history and source studies. The article presents information on key archival collections that form the core of the Ottoman archive’s formation process, such as the Bab-ı Ali, Bab-ı Defteri, Bab-ı Seraskeri, and Bab-ı Meşihat. As an example, the article refers to a portion of the vast number of documents concerning the history of the Central Asian khanates preserved in the archive, particularly those from the second half of the 16th century relating to regions such as Bukhara, Khwarezm, Fergana, Tashkent, and Samarkand. These documents contain valuable political, social, and economic information, as well as details about various historical figures.

 

Keywords: Archive, document, Ottoman Empire, Central Asia, diplomacy, Bab-ı Ali, Bab-ı Defteri, Bab-ı Seraskeri, Bab-ı Meşihat.

 

Аннотация: Ушбу мақолада Туркиядаги Усмонли архиви тарихи, унинг шаклланиш босқичлари, ундаги ҳужжатларнинг моҳияти, ўзининг катталиги билан таркибий материалларнинг кенг кўламлиги ҳақида қисқача маълумот берилган. Хусусан, Усмонли давлати архивларида Марказий Осиё тарихининг акс этишига алоҳида урғу берилган. Зеро, юз миллиондан зиёд Усмонли архив ҳужжатлари таркибида ўнг минглаб ҳужжатларнинг ҳамон илмий муомалага киритилмагани тарих ва манбашунослик соҳасидаги жиддий камчилик эканини кўрсатади. Усмонли архивининг шаклланиш босқичида асосий таркибини ташкил этувчи Боби Олий, Боби Дафтарий, Боби Саръаскарий ва Боби Машихат каби архив тўпламлари ҳақида маълумот берилган. Мақолада мазкур архивда сақланаётган катта ҳажмдаги Марказий Осиё хонликлари тарихига доир ҳужжатлар ичидан биргина XVI асрнинг иккинчи ярмига доир Бухоро, Хоразм, Фарғона, Тошкент ва Самарқанд каби ҳудудлар тарих ва турли шахсиятларига оид сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий маълумотларнинг акс этгани мисол тариқасида келтирилган.

 

Калит сўзлар: Архив, ҳужжат, Усмонли давлати, Марказий Осиё, дипломатия, боби олий, боби дафтарий, боби саръаскарий ва боби машихат.

 

Аннотация: В данной статье представлена краткая информация об истории Османского архива в Турции, этапах его формирования, характере содержащихся в нём документов, а также о широте охвата материалов, обусловленной масштабностью собрания. Особое внимание уделено отражению истории Центральной Азии в архивах Османской империи. Сам факт того, что десятки тысяч документов из более чем ста миллионов, хранящихся в Османском архиве, до сих пор не введены в научный оборот, свидетельствует о серьёзной проблеме в области исторической науки и источниковедения. В статье представлены сведения о ключевых архивных фондах, составляющих основу структуры Османского архива, таких как Баб-ы Али, Баб-ы Дафтари, Баб-ы Сераскери и Баб-ы Мешихат. В качестве примера рассматриваются отдельные документы, касающиеся истории центральноазиатских ханств, особенно относящиеся ко второй половине XVI века и затрагивающие такие регионы, как Бухара, Хорезм, Фергана, Ташкент и Самарканд. Эти документы содержат ценные политические, социальные и экономические сведения, а также информацию о различных исторических личностях.

 

Ключевые слова: архив, документ, Османская империя, Центральная Азия, дипломатия, Баб-ы Али, Баб-ы Дафтари, Баб-ы Сераскери, Баб-ы Мешихат.

 

Ўрта асрларда Шарқий Рим империясини мағлуб этиб, тарихий ва марказий шаҳар бўлган Константинополни қўлга киритган мусулмонларнинг янги Турк Усмонлилари давлати яхлит бир қудратли султонликка айланди. Ушбу давлатнинг катталигини тасаввур қилиш учун ўз даврида ернинг уч қитъасида ҳам ўз тасарруфидаги ерлар мавжуд бўлганидан билиш мумкин. Шу билан бирга ХХ аср биринчи чорагида тарқатилган султонлик ўрнида 43 та алоҳида давлат пайдо бўлгани эса нечоғлиқ катта мамлакат эканига яққол мисолдир.

Тарихда Усмонлилар салтанати дунёнинг аксар мамлакатлар билан ҳамкорлиги маълум ва машҳур бўлса-да, аммо Марказий Осиё хонликларидан кўчиб борган шахслар, турли мақсадда сафар қилган ёки илм талабида ушбу ўлкаларга ҳижрат қилганларнинг аниқ бир ҳолатини акс эттирувчи чуқур ва кенг илмий тадқиқотлар ҳамон ниҳоясига етказилмаган.

Ана шундай шонли тарихга эга катта давлатдан кўлами жиҳатдан салмоқли ҳужжатлар тўплами ҳам сақланиб қолган. Сўнгги маълумотларга кўра, Усмонли давлат архиви сақловхоналарида юз миллиондан зиёд архив ҳужжатлари мавжуд. Ўша ҳужжатларнинг етмиш миллионига яқини рақамлаштирилиб, тадқиқотчилар учун электрон қидирувчи имкониятлари очиб қўйилган. Бундан келиб чиқиб Марказий Осиё тарихи, бу ўлкаларда яшаган халқларнинг ҳали очилмаган тарихий саҳифаларини мазкур адоғи йўқ тарихий ҳужжатлар ичидан аниқлаш ва илмий муомалага киритиш учун изланишларни талаб қилади.

Тарихий манбашуносликда архив ҳужжатлари алоҳида ўрин тутади. Уларнинг ҳар бир варағи ўз ичига чекланган маълумотларни олса-да, аслида илмий метадологик ёндашувларни зукколик билан ишга солиб, ушбу архив ҳужжатларда ишлатилган ҳар бир луғат, жумла, гап ва белгисидан боғлиқли ва тегишли аниқ маълумотларни юзага чиқариш мумкин бўлади. Ҳар бир манбанинг зоҳирий, яъни очиқ кўриниб турувчи ва ўқувчи бир ўқишда мазмунини англаши мумкин бўлган хусусияти бўлса, ўз вақтининг унинг ботиний (яширин), маънолари ҳам борки, бу маъно-мазмунни зийрак, нуктадон ва ҳар бир сўз ва жумлага танқидий назар билан боққан тадқиқотчи ва тарихчилар очиши мумкин.

Усмонли давлатида шаклланган архивчилик, ҳужжат юритиш, ҳужжатлар тури, уларнинг хусусиятлари, жамлаш ва ёзилиш мақсади ва услублари, девонхона ишлари ҳамда иш мамлакатдаги юритиш хусусиятларини англаш тегишли ҳужжатларнинг тадқиқот мавзуси билан боғлиқлигини аниқ ва қисқароқ йўлдан борган ҳолда мақсадга етишишга кўмак беради. Зеро, бундай катта давлатдаги ҳужжатларнинг тури ўша ердаги яшаган халқ ва ҳудуднинг катталиги билан боғлиқ бўлиб, ҳужжатлар сони ва турлари ҳаддан зиёдадир.

1453 йилдаги Истанбул фатҳидан сўнг биринчи ҳужжатлар омбори сифатида Едикулe ишлатилган. Шу билан бирга, Эдирна саройидаги девонхона ва лашкарий девонларга оид дафтарлар фақатгина султон Аҳмад III давридан кейин Тўпқопи саройига кўчирилган. Архив материаллари дастлаб киса (халтача), торба (қоп) ва сандиқларда сақланган бўлиб, улар девон мажлислари ўтказилган Қубба Алти яқинида жойлашган «Хазина-и Омирада» («Давлат хазинаси»)да олтин ва кумуш тангалар, қимматбаҳо буюмлар билан биргаликда сақланган. Саккиз гумбаздан иборат, икки эшикли кенг бино бўлган Хазина-и Омирага девон дафтарлари ва батталлар (катта дафтарлар)ни жойлаштириш ва сақлаш ҳақида бир неча марта фармонлар чиқарилган.

Султон Абдулҳамид I даври (1773 – 1789)да бошланган ислоҳот ҳаракатлари архивчилик соҳасида ҳам ўз ифодасини топган. Бу даврда давлат ёзувларини сақлаш ва уларнинг аҳамияти борасида, маълум маънода, бугунги кун архивчилик тизимига йўл кўрсатувчи бир қатор принциплар ва низомномалар қабул қилинган.

 Девон мажлислари ўзининг аввалги аҳамиятини йўқотгандан сўнг, расмий ҳужжатларнинг бир қисми Султонаҳмаддаги «Саройи атиқ» («Эски сарой») деб аталган омборга, бошқа бир қисми эса Боби Олий («Сарой эшиги»)нинг яқинидаги «Томруқ идораси»га кўчирилди. Муҳим ҳужжатларнинг бир қисми эса Қубба Алти ёнида жойлашган ва ҳозирда қуроллар музейи бўлган ташқи хазинада тўпланган. Молияга оид ҳужжатлар эса яна Султонаҳмадда жойлашган Чодир меҳтарлари казармасида сақланган. XVIII аср охирига келиб Боби Олий шаклланиши билан бирга, ҳужжатлар тўпланадиган тўрт муҳим идора:

1) Боби Олий – Султон Абдулҳамид I давридан бошлаб садразамнинг расмий қароргоҳи бўлган Пошо дарвозасига берилган номдир. Девони Ҳумоюн мажлисларининг Пошо дарвозасида ўтказила бошлаши билан бирга, девон дафтархоналари, раисулкуттаб (девон котиблари бошлиғи, котибият раиси), ташрифотчи ва бошқа масъул ходимлар шу ерга кўчирилган. Садоратга (бош вазирликка) оид ички ишлар ва ташқи ишлар бўлимлари, Мажлиси Воло, Девони даъво каби идораларнинг бирлашиши натижасида Бобо Олий номи билан маълум бўлган маъмурий бирлик шаклланган.

2) Боби Дафтарий – (яъни Молия идораси) дафтархоналарига тегишли ҳужжатлар аввал бошда Тўпқопи саройидаги Дафтархонада сақланар эди. Девони Ҳумоюн ўз аҳамиятини йўқотиб, мунтазам тўпланмай қўйгач, Дафтархона ҳам Боби Ҳумоюн (Сарой дарвозаси) орқали кириладиган ерда жойлашган бўлиб, 1866 йилда ёнган ва ҳозирги кунда ҳам бўш турган ўнг томондаги эски молия бўлимига кўчирилди. 1837 йилда Молия назорати ташкил этилгач, Султонаҳмадда Боби Дафтарий учун махсус архив омбори қурилди. Кейинчалик, 1867 йили Боязиддаги Фуад Пошо саройи Молия назорати ихтиёрига берилгач, 1899 йилдан бошлаб хазина бўлими остидаги дўконлар бўшатилиб, ҳужжат омбори (еврак махзани) барпо этилди.

3) Боби Саръаскарий – салтанатдаги Яничарлар уюшмаси тугатилишидан аввал Яничар ва Ачами уюшмаларига тегишли маош ва шахсий маълумот дафтарларини ўз ичига олар эди. Ушбу идора Яничар уюшмаси тугатилгандан сўнг ҳозирги Истанбул университети марказий биноси жойлашган Саройи Атиқга кўчирилган ва у ерда махсус ҳужжат омбори (еврак махзани) ташкил этилган. У ерда эса эски дафтарлар ва янги ёзувлар сақланган. Кейинчалик бу идоранинг номи Ҳарбия назорати деб ўзгартирилган бўлиб, у ердаги ҳужжатларнинг жуда кичик қисмигина Усмонли архивига ўтказилган.

4) Боби Машихат – тўртинчи идора бўлиб, Яничарлар уюшмаси тугатилгандан сўнг бу идора «Оға Қаписи» деб аталган ва ҳозирги Истанбул Муфтийлиги жойлашган бинога кўчирилган. Шундан сўнг, турли маҳаллалардаги шаръий судлар дафтарлари (ҳуқуқий ёзувлар) 1312 ҳижрий / 1894 милодий йили айнан шу ерда жамланган.

Ўтган асрдаги архив соҳасида олиб борилган кенг ислоҳотлар натижасида Туркия Жумҳурият томонидан Бош вазирлик архивини тартибга солиш ва таснифлаш мақсадида 1976 йил октябрь ойида, Анқарадаги Бош вазирлик марказий тузилмаси таркибида Жумҳурият архиви бошқармаси ташкил этилди. 1982 йил 28 февралда чиқарилган, 8/4334-сонли «Вазирликларни қайта ташкил этиш ва ишлаш асослари тўғрисидаги қарорнома»га мувофиқ, Бош вазирлик архиви бош бошқармаси номи ва мақоми ўзгартирилиб, Усмонли архиви бошқармаси деб атала бошланди.

Кейинчалик, 1984 йил 18 июнда, Расмий газетанинг 203-сонли, 18435-рақамли махсус нашрида эълон қилинган «Бош вазирлик тузилмаси ва вазифалари тўғрисидаги қонун кучига эга қарорнома» асосида Бош вазирлик таркибида Давлат архивлари Бош бошқармаси ташкил этилди. Ушбу бошқармага Усмонли архиви ва Жумҳурият архиви бошқармалари бириктирилди.

Шунингдек, 1984 йил 10 октябрда, 3056-сонли қонунга кўра, Бош вазирлик марказий тузилмасининг асосий хизмат бўлинмаларидан бири сифатида расман тан олинди. Бош вазирлик Усмонли архивининг асосини Девон-и Ҳумоюн, Бобооли ва Садоратга оид рўйхатлар, дафтарлар ва ҳужжатлар ташкил қилган. Жумҳурият даврида XIX асрда тузилган айрим назорат ва муассасалар ҳужжатларининг архивга топширилиши орқали архив материалларини тўлиқлаштириш йўлида муҳим қадамлар қўйилди. Бу муассасалар қаторига Ички ишлар, Молия, Хазинаи хосса, Қурилиш (Нофиа), Вақфлар, Савдо, Қишлоқ хўжалиги, Ўрмон ва Конлар, Зарбхона, Чегара, Соҳил ва дарё, Соғлиқ бошқармаси, Умумий хавфсизлик бошқармаси кабилар киради.

Энг сўнгги босқичда, Ташқи ишлар вазирлиги таркибида сақланаётган Хорижий ишлар назоратининг Хазинаи Евроқи ҳам Бош вазирлик Усмонли архивига топширилди.

Ана шундай мураккаб тузулмага эга Усмонли архивида ХХ аср бошигача сақланган тарихий ҳужжатларда Марказий Осиё хонликларидан борган шахсларнинг фаолияти ва тарихига доир ҳужжатлар бир неча ўн минглаб якка сақловдаги варақларни ташкил қилади, десак хато бўлмайди. Зеро, сўнг-ги икки йил давомида Ўзбекистон Миллий архиви мутахассислари билан ушбу мақола муаллифи (НМ) ҳам махсус хизмат ва илмий сафар уюштириш натижасида дастлабки аниқланган ҳамда электрон нусхалари олиб келинган материаллар Ўзбекистон Миллий архиви электрон базасига фойдаланиш учун топширилган жами ҳужжатлар сони ўн мингга яқиндир.

Жумладан, Усмонли архивида сақланаётган Марказий Осиё хонликлари тарихига доир биргина XVI асрнинг иккинчи яримига доир маълумотлар билан танишганда қуйидагиларни кўриш мумкин:

1512 йилга тегишли ҳужжатда: Туркистон беги Бурундуқхон ва Мўғул хони Султон Мансур Қизилбош масаласи юзасидан Шайбонийхонга элчи юборгани, Темурхоннинг Бурундуқхон билан бўлган жангда мағлуб бўлгани, Қобул беги Бобур Мирзо эса бўш қолган Хуросонга Қизилбошларни юбориш учун хабар йўллагани ҳақида Хитойдан келган уч нафар шахс томонидан берилган маълумотлар (Тўпқопи сарой музейи архиви рақами: TSMA No: 6670/1).

1568 йилга тегишли ҳужжатда: Хоразм хонининг одамларидан Ҳайдар Баҳодирга Эдирнадан бошлаб йўлдаги туман ва шаҳарларда зарур ёрдам кўрсатилиши ва унинг хавфсизлиги таъминланиши ҳақида.

1568 йилга тегишли ҳужжатда: Аждархон вилояти кофирлар қўлига ўтгани сабабли, Хоразм томонларидан ҳажга бормоқчи бўлганларга тўсқинлик қилинмоқда. Шу сабабли, ўша ерларни забт этиш зарур деб топилганидан Кафа Беги билан Қрим хони ўртасидаги маслаҳатлашув, фатҳ учун муносиб шакл ва вақтни билдириши ҳақида.

1568 йилга тегишли ҳужжатда: У зот юборган мактубида ҳаж сафари давомида Шомда вафот этган Шайх Ҳусайн Хоразмий қабри устига бир иморат қурдирилишини илтимос қилган Самарқанд хони Абу Саъидга жавобан ёзилган номаи ҳумоюн (Султон мактуби): Мазкур марҳумнинг қабри устига аллақачон гумбаз қурилгани, унинг фарзанд-
лари ва фақир аҳлига ўз ҳақларига мувофиқ Байтулмолдан вазифа тайин этилгани, бундан кейин ҳам шу эҳтиёткорлик билан иш тутилишини таъкидловчи нома ҳақида.

1568 йилга тегишли ҳужжатда: Туркистонлик ҳожилар ва тожирларнинг хавфсиз сафар қилиши учун Аждархонни фатҳ қилиш масаласида Хоразм хони Ҳожи Муҳаммадхон томонидан мактуб юборилгани ҳақида сўз борар экан, Қозон ва Аждархон аввал Нўғайлар қўлида бўлган ҳолда қандай қилиб душман қўлига ўтиб қолгани, Аждархон ичида ва атрофида Татар мирзоларидан кимлар қолгани, шунингдек, Аждархонни фатҳ қилиш учун қандай тайёргарлик ва тадбирлар кўриш зарурлиги тўғрисида ўрганиб, маълумот тақдим этиши учун Татар хонига ёзилган номаи ҳумоюн.

1568 йилга тегишли ҳужжатда: Ҳаж сафаридан қайтиш чоғида Эронда қамалган хоразмлик ҳожиларнинг тақдири ва ҳожи ҳамда тожирлар учун Аждархон томонларидан йўл очилиши масалаларида Суддаи Саодат (Султон саройи)га нома юборган Хоразм хонига жавобан ёзилган номаи ҳумоюн: Мазкур ҳожиларнинг тақдири Эрондан келадиган элчидан сўраб аниқланиши ва уларнинг озод этилиши учун ҳаракат қилинишини, шунингдек, ҳожи ва тожирларнинг хавфсиз равишда бориб-қайтиши учун тегишли чоралар кўриш ҳақида қарор қабул қилингани баён этилган.

1571 йилга тегишли ҳужжатда: Бағдод беги ва дафтардорига ҳукм: Тошкент хонининг элчиси Сайидий Али билан бирга ҳузурига келган Абдулқодир Жийлоний мақбараси хизматкорларидан Ҳожи Ҳомис, Шайх Рабиъ, Шайх Абдуллоҳ ва Чаракчи Иброҳимга вақфдан белгиланган кунлик маошларини захира (озуқа) билан эмас, нақд пул шаклида беришлари ҳақида.

1572 йилга тегишли ҳужжатда: Ўзий деган ерга етгач, йўлда жойлашган бийлар ва қозиларга ҳукм: Бухородан келган элчининг Килий мавзеида қолиб кетган баъзи буюмларини олиб келиш учун юборган Шоҳ Муҳаммад номли шахсга йўлда ва сафар давомида тўсқинлик қилинмасин, балки унга ёрдам кўрсатилсин.

1573 йилга тегишли ҳужжатда: Кафа Бегига ҳукм: Бухоро хонидан келган элчига қайтиш учун рухсат берилганидан сўнг, Азоқ томонида бўлган Яхши соат Мирзо, Ислом Мирзо ва Қози Мирзога таъкид этилсинки, уларни Адил сувидан осонлик билан ўтказишсин ва ҳар бир масалада ёрдам кўрсатишсин.

1573 йилга тегишли ҳужжатда: Азоқ Бегига ҳукм: Самарқанд, Бухоро ва Мовароуннаҳрдан ҳажга келган кишилардан Азоқ Исқалъасида Яхши Мирзо номли шахс томонидан бож олинаётгани ҳақида хабар олинди. Ушбу зотлар тижорат учун эмас, балки шахсий буюмларини олиб келганларидан, улардан бож олинмасин.

1574 йилга тегишли ҳужжатда: Азоқ Бегига ҳукм: Самарқанд, Бухоро ва Мовароуннаҳрдан келган ҳожиларнинг буюмларидан Нўғай мирзоларидан Яхши соат Мирзо ва бошқа баъзи мирзолар томонидан «бож» номи билан анча пул олингани хабар қилингани муносабати билан, бу масалада Хон ҳазратлари билан маслаҳатлашиб, мазкур шахсларга (мирзоларга) ҳеч қандай таадди (босим ёки зўравонлик) қилишга йўл қўйилмасин.

1582 йилга тегишли ҳужжатда: Боғдан ҳудуди қозиси, Исакҷи исқалъаси амини Абдулкаримга ҳукм: Бухородан келган ҳожилар Исакҷи исқалъасига яқинлашганларида, Боғдан ҳудудининг одамларидан бир нечта киши Шайх Азизнинг икки бокира қизини, бир ўғлини ва баъзи от ва қозиларини олиб кетганини Исакҗи аминига хабар қилганида, уларни топиб, олган ҳиссаларини ва буюмларини тўлиқ қайтариб, ўзларини қўлга олиб, боғлаб пойтахтга юборишлари ҳақида.

1583 йилга тегишли ҳужжатда: Рум томонидан келган мухолифларнинг тақдирини ҳал қилиш, Ширвон чегараларида мухолифатнинг йўқлиги ва Хорасан ишидан воз кечилиши, Мавкиби Ҳумоюнга ёрдам кўрсатиш ҳақида Маҳмуд Султоннинг фармони Рутол кадхудоларига, Ғози Бей (Бухоро хони)га Фарғона ва Балх ҳокимига юборилган (Гурҷистон Тарихи Арxivи, №1453/1).

1583 йилга тегишли ҳужжатда: Шом Бийлари бегиси ва дафтардорига ҳукм: Мовароуннаҳр аҳолисидан ва Ҳазрати Умар Одилнинг авлодидан бўлган Шайх Аҳмад Содиқ, аҳли ва оиласи ва олтмишдан ортиқ дарвешлар билан ҳажга боради. Унга ва ҳамроҳларига давлатдан туя, озуқа ва заруриятлар берилсин ва уларнинг сафарни осонлик билан олиб боришлари таъминлансин.

Усмонли давлати ва Марказий Осиё хонликларининг ўзаро алоқаларига доир тарихий матнларни қидиришда ўлкамизда кечган қуйидаги сиёсий веқеалар ривожи ва ўзгаришларни инобатга олган ҳолда қидирилса мақсадга мувофиқ бўлади: XV аср охирида Темурийлар давлати шимолидаги Дашти Қипчоқ ҳудудида пайдо бўлган Шайбонийлар сулоласи босқичма-босқич кучайиб, узоқ йиллар машҳур бўлган Мовароуннаҳр ҳудудлари томонга тарқала бошлади. Ботухоннинг укаси Шайбоний авлодидан бўлган Абулхайрхон ўзининг буюк бобокалони Ўзбекхон номи билан аталувчи қабилаларни ягона сиёсий тузилма остида бирлаштириб, мустақиллигини эълон қилди (831/1428 й.). У Темурийлар ҳудудига кириб борди, Темурийлар сулоласига барҳам берди ва (855/1451 й.) бутун мамлакатда ҳокимиятни ўз қўлига олди. Бир муддат заифлашган ўзбеклар Муҳаммад Шайбонийхон (1500 – 1510) даврида қайта куч тўплаб, қисқа фурсат ичида ҳукмронликларини бутун Марказий Осиёга ёйишга киришдилар. Бироқ XVI – XVII асрларда Туркистон ҳудудида давлат парчаланиб, бир неча кичик хонликлар ташкил топди. XVI асрда Хоразмда Хива хонлиги (Амударёнинг қуйи қисмида), Бухорода Бухоро хонлиги (Самарқанд, Бухоро, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятлари ва жанубий Тожикистон ҳудудларида), XVIII асрда эса Ҳўқанд хонлиги (Фарғона водийси, Тошкент, Сирдарё вилоятлари, Қирғизистон ва Қозоғистоннинг жанубий қисми) ташкил этилди. Туркистон тарихида бу давр «Уч Ўзбек хонлиги» номи билан машҳурдир. Айни пайтда Эронда пайдо бўлган Сафавийлар сулоласига қарши курашда ўзбек хонлари аллақачон XVI асрнинг ўзидаёқ Усмонлилар билан алоқалар ўрната бошладилар. Хусусан, XVI аср охирида бошланган Шоҳ Аббосга қарши урушларда ўзбек хонлари ва Усмонлилар ўртасидаги муносабатлар сиёсий жиҳатдан ҳам мустаҳкамлана бошлади. XVIII асрда Эронда ҳукмронликни қўлга киритган Нодиршоҳ Марказий Осиёдаги хонликларни ўз назорати остига олган бўлса-да, бу вазият узоқ давом этмади. Эрон билан бошланган бу сиёсий-ҳарбий тўқнашувлар XIX асрнинг биринчи чорагига қадар давом этди. Бу ҳолат Хива ва Бухоро хонликлари ўртасидаги рақобат ва тортишувларни янада кучайтирди. Бухоро амири Ҳайдар Эрон ва Хива хонлигига қарши курашда мураккаб вазиятга тушганидан сўнг, Истанбулга мурожаат қилди. Бироқ Россиянинг минтақадаги илгарилаши Хива, Ҳўқанд ва Бухоро хонликлари учун янги бир даврнинг бошланишига сабаб бўлди.

Ана шу юқоридаги ўзгаришлар икки турк қардош халқларининг тарихий алоқаларини бир зайлда барқарор ҳолатда давом эттиришга тўсиқлар бўлди ва архив ҳужжатларида акс этувчи маълумотлар эса, умумий муосфирлар, ҳожилар, тижоратчилар, илм йўлида Усмонли диёрига кўчиб ўтувчилар, сайёҳ ва йўловчи сифатида бориб қайдларга тушган Марказий Осиё халқларига доир ҳужжатлар шаклланган кўп ҳолатларни ҳам учратиш, мазкур ўзгаришлар таъсирида алоқаларнинг саёзлашганини таъкидлаш мумкин.

Хулоса қилганда, юқорида таъкидланганидек, мақолада Туркия тарихи билан Марказий Осиё тарихда ўзаро бир-бири билан жуда яқин дўстона алоқада бўлгани, Усмонли давлатида шаклланган архив иши ва иш юритиш тизимининг бойлиги, ушбу архивда сақланаётган салмоқли ҳужжатларнинг таркибида Ўрта Осиёга оид бебаҳо маълумотларни ташувчи воситаларининг мавжудлиги ва уларнинг ардоқланиб келинаётгани англашилади. Шу билан бирга, мазкур архивларда сақланаётган ўн минглаб Марказий Осиё хонликлари тарихига доир ҳужжатлар ичидан биргина XVI асрнинг иккинчи яримига доир маълумотларнинг қизиқарли тарих ва турли шахсиятларга доир сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий маълумотларнинг мавжудлиги муҳим аҳамиятлидир. Умид қиламиз, бу борада мутахассислар чуқур ва кенг кўламдаги илмий изланишлар натижасида янада аниқ ва таҳлилий хулосалар билан тарихимизнинг янги қирраларини очишади.

 

Фойдаланилган манба

ва адабиётлар рўйхати

1. Necati Aktaş, Yusuf Halaçoğlu. Başbakanlik Osmanli Arşivitdv // İslâm Ansiklopedisi’nin 1992 yılında İstanbul’da basılan 5. cildinde, 122-126 numaralı sayfalarda yer almıştır. (https://islamansiklopedisi.org.tr/basbakanlik-osmanli-arsivi - 19.04.2025).

2. Başbakanlık Osmanlı Arşivi, Mühimme Defteri. nr. 144, s. 3; nr. 166, s. 2; nr. 183, s. 4, hk. 11.

3. Başbakanlık Osmanlı Arşivi, İstanbul. İrade-Maliye, nr. 17, y. 1317.

4. A.DVNSMHM.d.7 (Başkanlık Osmanlı Arşivi Divan-ı Hümayun Sicillatı Mühimme Defterleri). nr. 2721 – 2723.

5. Salahaddin Elker, «Mustafa Reşid Paşa ve Türk Arşivciliği», TTK Tebliğler IV (1952), s. 182-189.

6. Lajos Fekete, «Über Archivali en und Archivwesen in der Turkei», Act.Dr. Hung., III, Wien 1953, s. 179-206.

7. Muzaffer Erdoğan, «Osmanlı Mimari Tarihinin Arşiv Kaynakları», TD, III/5-6 (1953), s. 95-122.

8. Cevdet Türkay, «Osmanlı İmparatorluğunda Arşiv», BTTD, II/7 (1968), s. 44-47.

9. Raoul Guêze, «Il Başvekalet Arşivi in Istanbul», Rassegna degli Archivi di Stato, XXVIII/3, Roma 1968, s. 598-622.

10. Stanford J. Shaw, «The Yıldız Palace Archives of Abdulhamid II», Ar.Ott., III (1971), s. 212-237.

11. Eşref Eşrefoğlu, «Bâb-ı Âlî Evrak Odası Sadâret Evrakı ve Provenance Sisteminin Uygulanması», TED, sy. 7-8 (1977), s. 225-232.

12. Rahim Erişti, «Devlet Arşivlerinde Yeni Bir Dönem», TKDB, XXXIV (1985), s. 30-32.

13. Маҳмудов Ш. Расмий ҳужжатларда Қўқондан Истанбулга юборилган элчиларнинг шахси ҳақидаги маълумотлар // Марказий Осиё тарихи расмий ҳужжатларда (VII-XIX асрлар) халқаро анжуман материаллари. Тошкент: Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси «Фан» нашриёти, 2021. – Б. 212-219.

14. Васильев А. Документы по истории дипломатических связей Османской империи и Центральной Азии (опыт сопоставительного анализа) // Марказий Осиё тарихи расмий ҳужжатларда (VII-XIX асрлар) халқаро анжуман материаллари. Тошкент: Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси «Фан» нашриёти, 2021. – Б. 220-231.

15. История Центральной Азии в османских документах Т. 1. Самарканд: МИЦАИ ТОА, 2011. – 312 с.