В статье описывается научная деятельность учёного - востоковеда Абдуллох Ахмад Насафий, проживавшего в средние века, который был также известным критиком. Он написал книгу «ал-Мустафо», которая была посвящена научному труду Юсуфа Хасаний Самаркандий «ал-Фиқҳ», где учёный комментировал и анализировал происходящие события в области правоведения. По воспоминаниям Абдулхай Лакнавий, в кругу ханафийских взглядов различали неправдоподобные рекомендации при изучении права. Учёный, достигший такого статуса в своих произведениях не упоминает слабовыраженные научные рекомендации и книга «ал-Мустафо», пропагандирует правоведение, подтвержденное важными источниками и фактами.
Муаллиф Бурҳониддин Абулҳасан Али ибн Абу Бакр ибн Абдулжалил ал-Фарғоний ал-Марғиноний 1123 йил ҳозирги Марғилон яқинида Риштон туманида туғилиб, 1197 йил Самарқандда оламдан ўтган. Марғиноний ўз оиласи тарбиясида ўсиб, энг машҳур ва иқтидорли олимлардан дарс олиб, юксак истеъдоди ва изчил фаолияти туфайли ҳанафий мазҳаби бўйича буюк фақиҳ ва мужтаҳид даражасига кўтарилди, шайхулислом номига сазовор бўлди. Фиқҳ илмининг аҳамиятини чуқур тушунган Бурҳониддин ал-Марғиноний ўз фарзандларини ҳам ушбу соҳада тарбиялаб камолга етказди.
«Ҳидоя» асари қўлёзма нусхаси 2003 йил август ойида Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан Ўзбекистон халқаро Ислом академияси Манбалар хазинасига туҳфа қилинган.
Алооманинг «Ҳидоя» асари Ўзбекистон халқаро ислом академияси Манбалар хазинасида 48 рақами остида сақланмоқда. Ушбу нусха асарнинг, қадимий қўлёзмаларидан биридир. Қўлёзма насх хатида шарқ қоғозига китобат қилинган.
Бурҳониддин Марғиноний ёзган тўрт жилдли «Ҳидоя» китоби суннийлик оқимида ҳанафия мазҳаби бўйича жуда муҳим ва мукаммал ҳуқуқий манба сифатида 55 дан ортиқ китоб, юзлаб бобу фаслдан таркиб топган бўлиб, мерос ҳуқуқидан ташқари, ислом ҳуқуқининг бошқа барча соҳаларини қамраб олади. Бурҳониддин Марғиноний мерос ҳуқуқини ўз китобига киритмаганининг сабаби шундаки, Имом Аъзам Абу Ҳанифа мерос муаммоларини бир мустақил «ал-Фароиз» деб атаган.
«Ҳидоя»нинг биринчи жилди таҳорат ва амалий ибодатлар (намоз, рўза, закот ва ҳаж)га, иккинчи жилди оила ҳуқуқи, қул сақлаш муаммолари, ҳудуд жазолари (Аллоҳ томонидан белгиланган жазолар), халқаро ҳуқуқ меъёрлари, ширкатчилик, ислом ҳуқуқига хос бўлган вақф ҳуқуқи каби масалаларга, учинчи жилди фуқаролик ҳуқуқи, суд, суд жараёни, тўртинчи жилди эса, экинчилик ва ер муаммолари, жиноят турлари, гувоҳлик ва бошқа кўп мавзуларга бағишланган.
«Ҳидоя» асари Миср Араб Республикасидаги энг қадимий дорулфунун «Ал-Азҳар», Афғонистон Ислом дорилфунуни, Ҳиндистон Алигарх университети, «Девбанд» дору-л-улуми, бошқа ислом мамлакатлари олий ўқув юртларининг таълимий нисоблари (ўқув дастурлари) га киритилган. Бу улуғ китоб қонун тузиш тизимини ривожлантириш учун асосий манбалардан бири сифатида қўлланиб келинмоқда. Афғонистон ва Ҳинд ярим оролида Канз ва ал-Қудурий китобларидан кейин «Ҳидоя»ни етук устоздан ўқиб тамомламаган толиб, ҳақиқий фиқҳ олими ҳисобланмайди.
«Ҳидоя» асарининг муаллифи ниҳоятда муҳим ва мунозарали масалаларни ёритмоқчи бўлганда саҳобалар, мазҳаблар асосчилари, буюк фақиҳлар исмлари, жўғрофий ва тарихий жойлар, турли тоифа ва қабилалар номларини зикр этади. Абу-л-Ҳасанот Муҳаммад Абдулҳай Лакнавий ўз муқаддимасида «Ҳидоя»нинг биринчи қисмида зикр этилган саҳобалар ва тобиин исмлари 50 дан кўпроқ, тоифа ва уруғлар номлари 12 та, жўғрофий ва тарихий жойлар номи 55 та эканлигини кўрсатиб, уларнинг ҳар бири ҳақида қисқача маълумот бериб ўтган. У Марғиноний асарида келган 90 дан ортиқ буюк фақиҳлар, имомлар, мужтаҳидлар, жумладан, машҳур саҳобалар ва муҳаддислар исмларини ҳамда уларга тегишли бўлган маълумотларни зикр этади. Бунга биноан, «Ҳидоя» муаллифининг иши қанчалик оғир ва кенг қамровли эканлигини тушуниш қийин эмас.
Бурҳониддин Марғиноний «Ҳидоя» китобини ёзишда ўзига хос услуб яратди. Унинг ҳар бир ибораси ниҳоятда қисқа ва мухтасар, фиқҳий ҳукмларни ифодаловчи жумлаларнинг ҳар бири умумий бир қоида шаклида бе-рилади. Унинг иборалари мўъжаз, яъни қисқа ва сермазмун, сўзларининг таркиби пухта, нуқсонсиз бўлиб, сунъийликдан узоқ. У кўп зарурат сезмаса, синоним сўзлардан фойдаланмайди. Керак бўлмаган ортиқча сўзларни ишлатмайди. Унинг ёзиш услуби «саҳли мумтаниъ» (осон, содда, лекин унингдек қилиб ёзиш мумкин эмас). Муаллиф, «Ҳидоя»ни ёзишда ўзига хос бўлган қисқа сўзлар, истилоҳлар (атамалар) ва ихчам ибораларни иш-латади.
«Ҳидоя»нинг форс, инглиз ва рус тилларига таржима қилиниб, ғарб олимлари учун ҳам мазҳабимизни ўрганишда аҳамиятли манба сифатида қўлланилаётгани бизни қувонтиради. Н. И. Гродеков «Ҳидоя»ни инглизча таржимасидан рус тилига ўгирган ва мазкур таржима 1893 йилда Тошкентда нашрдан чиққан. Олмониялик олим доктор Экарт Шийвак тўплаган маълумотларга кўра, «Ҳидоя»-нинг машҳур нашрлари қуйидагилардан иборат: арабча асл матни 1234/1818 йилда Калкуттада, сўнгра Бомбей, Лакнов, Кавнпооре, Деҳлида чоп этилган. Қоҳирада 19 асрда, 1888 йилда Қозон шаҳрида босилган. Унинг биринчи танқидий матни 1326/ 1908 йилда Қоҳира шаҳрида нашр этилган ва энг янги интиқодий матни ҳам 1980 йилда Қоҳирада босмадан чиқарилган.
«Ҳидоя» Шарқий Ҳиндистон ширкати тасарруфидаги Бенгалия вилояти маҳкамалари учун 1190/1776 йил Ғулом Яҳёхон томанидан форс тилига таржима қилинади. Ушбу таржима 1221/1807 йил Калкутта шаҳрида чоп этилган. Таажжубланарли жойи шундаки, «Ал-Ҳидоя» биринчи марта араб ёки форс тилида эмас, балки Чарльс Хамелтон таржимаси асосида инглиз тилида 1791 йил Лондонда нашр этилган. Ушбу 4 жилдли таржима жуда қиммат ва ноёб бўлгани учун 1870 йил С. Г. Гарийнинг назорати остида янгидан яхлит ҳолида бир жилдда чоп этилган. Охирги марта инглизча таржимаси 1982 йил Лоҳурда босмадан чиққан.
«Ҳидоя» асари устидан кенг кўламда тадқиқот ишлари олиб бориб, унга муқаддима ва ҳошиялар ёзган Абдулҳай Лакнавий «Ҳидоя» муаллифини қуйидаги иборалар билан танитади: «Имом ал-Марғиноний фақиҳ, Қуръон ҳофизи, муҳаддис, муфассир, барча илму фанни ўрганиб ўзлаштирган иқтидорли устод, ўткир назар билан текширувчи ва диққат билан иш юритувчи зоҳид, муттақий, маҳорат ва фазилатлар эгаси, усулий (фиқҳ усуллари илмини чуқур билувчи), илму адабда мисли кўрилмаган адиб ва шоир, илму-л-хилоф ва мазҳаб соҳалари бўиича юксак салоҳиятга эга бир зот эди».
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, «Ҳидоя» китоби саккиз асрдан буён ҳанафий мазҳаби бўйича энг муҳим ва мўътабар қўлланма сифатида барча мусулмон мамлакатлари мадрасалари ва исломий олий ўқув юртларида ўқитилиб келинмоҳда. Айниқса, Марказий Осиё мамлакатлари, Ҳинд ярим ороли, Туркия ва кўпгина Араб мамлакатлари учун энг ишонарли манбалардан бири вазифасини ўтаб келмоқда. Унинг матни ва қисқартмалари устидан машҳур фақиҳлар томонидан 60 дан ортиқ шарҳлар ва ҳошиялар ёзилиб, ушбу мазҳабнинг тарқалиши йўлида таъсирчан омил сифатида хизмат қилиб келгани ҳаммага маълум.
