Annatation: The article shows that the policies of the representatives of the Ashtarkhanid dynasty in the military sphere resulted in changes specific to the period in the defense of the country’s borders, the order of troop mobilization, military weapons, and discipline, and their causes and consequences are explained with specific examples. The tasks of military administration, khan, council, administrative-military, and military positions during the Ashtarkhanid dynasty are presented. It is noted that the total army that could be mobilized in military situations during the Ashtarkhanid dynasty amounted to 60 thousand people. The causes, consequences, and changes in the social protection and defense potential of the army are presented and conclusions are drawn.
Key words: Baqi Muhammad Khan, Imam Quli Khan, Abdulaziz Khan, Subhon Quli Khan, Ubaidullah Khan, defense of the borders of the country, order of gathering troops, army weapons and order discipline, fatherhood, kakaltash, devonbegi kalon, qushbegi kull, parvonachi, dodhoh, leading soldier, captain of the police, price.
Аннотация: Мақолада Аштархонийлар сулоласи вакилларининг (Боқи Муҳаммадхон, Имомқулихон, Абдулазизхон, Субҳонқулихон ва Убайдуллахон) ҳарбий соҳада юритган сиёсатлари натижасида мамалакат чегаралари мудофааси, қўшин тўплаш тартиби, қўшин қуроллари ва тартиб-интизоми масалаларида давр учун хос ўзгаришлар қилганлиги, уларнинг сабаб ва оқибатлари аниқ мисоллар билан очиб берилган. Аштархонийлар сулоласи давридаги ҳарбий бошқарув, хон, кенгаш, маъмурий-ҳарбий (оталиқ, кўкалтош, девонбеги калон, қушбеги кулл, парвоначи, додхоҳ каби мансабларнинг қўшимча ҳарбий вазифаларида сулола даврида содир бўлган ўзгаришлар сабаби, оқибатлари) ва ҳарбий мансабларнинг вазифалари келтирилган. Жумладан, ҳарбий мансаблар вазифаларининг бир-бирига яқинлигига қараб қўшин бошқарувига маcъул мансаблар, қўшинга доир ҳуқуқий масалаларга маcъул мансаблар, қўшин моддий таъминотига маcъул мансаблар ва махсус бўлинмаларга бўлиб, таҳлил этилган. Шунингдек, мақолада «илғорбоши аскар», «сардори сипоҳ», «баҳодир» каби ҳарбий унвонлар, уларни тақдим этиш ва имтиёзларидаги ўзгаришлар тилга олинган. Аштархонийлар сулоласи даврида ҳарбий вазиятларда умумий тўпланадиган қўшин 60 минг кишини ташкил этганлиги таъкидланиб, бу сон ҳар бир вилоятдан белгиланган миқдорда йиғилганлиги ҳақидаги қараш илгари сурилган. Шунингдек, мақолада сулола давридаги қўшиннинг таркибий қисми, ҳарбий тактика, қуроллар ва рамзлар (мисол учун аштархонийлар сулоласи давридаги асосий давлат байроғи тасвири манбаларда келтирилган маълумотлар асосида ишланган), қўшиннинг ижтимоий ҳимояси, мудофаа салоҳияти ва улардан содир бўлган ўзгаришлар сабаб, оқибатлари келтирилган ва хулосалар қилинган.
Калит сўзлар: Боқи Муҳаммадхон, Имомқулихон, Абдулазизхон, Субҳонқулихон, Убайдуллахон, мамалакат чегаралари мудофааси, қўшин тўплаш тартиби, қўшин қуроллари ва тартиб интизоми, оталиқ, кўкалтош, девонбеги калон, қушбеги кулл, парвоначи, додхоҳ, илғорбоши аскар, сардори сипоҳ, баҳодир.
Аннотация: В статье раскрывается, что военная политика представителей династии Аштарханидов привела к характерным для того периода изменениям в обороне границ страны, порядке сбора войск, военном вооружении, дисциплине, на конкретных примерах объясняются их причины и последствия. Представлены функции военной администрации, хана, совета, административно-военных и военных должностей в период правления династии Аштарского ханства. Отмечается, что во времена династии Аштарханидов общая численность армии, которая могла быть мобилизована в военных ситуациях, составляла 60 000 человек. Представлены причины и последствия изменений в социальной защите и обороноспособности армии, их последствия, сделаны выводы.
Ключевые слова: Боки Мухаммадхан, Имамкулихан, Абдулазизхан, Субханкулихан, Убайдуллаххан, защита границ страны, порядок сбора войск, военное оружие и дисциплина, аталик, кокалташ, деванбеги калон, кушбеги кулл, парвоначи, дадхох, предводитель воинов, капитан армии, бахадир.
Ўзбек давлатчилиги тарихида бир ярим юзйилликдан кўпроқ ҳукмронлик қилган Аштархонийлар сулоласи вакиллари ҳарбий соҳанинг аҳамиятини яхши билишган. Соҳада олиб борган сиёсатлари натижасида мавжуд бўлиб келган тизимни буткул янгиламаган бўлса-да айрим жиҳатларда давр учун хос хусусий ўзгаришлар қилган. Уларни бир-бирига яқинлиги жиҳатидан учга ажратиш мумкин:
мамалакат чегаралари мудофааси, қўшин тўплаш тартиби;
қўшин қуроллари;
қўшин тартиб-интизоми масаласи.
Жумладан, Шайбонийлар сулоласи1 бошқарувининг сўнгги йилларида ўзаро урушлар натижасида мамалакатнинг шимоли қозоқлар, жануби эса Сафавийлар сулоласи2 томонидан ишғол этилган эди. Ҳокимият тепасига келган Аштархонийлар олдида уларни қайтариб олиш, сўнгра мудофаасини таъминлаш вазифаси турар эди. Бунда сулоланинг илк вакили Боқи Муҳаммадхон3 чегара қалъаларини мустаҳкамлаш ва у ерга ҳарбий маҳорати баланд қабилаларни жойлаштириш йўлидан боради. Масалан, Боқи Муҳаммадхон Сафавийлардан бирин-кетин Балх4 ва унга тобе Андҳуд, Шибирғон, Маймана, Фарғоб ва Мурғобни тортиб олади5. Шу тариқа, мамлакатнинг жанубий чегараси Мурғоб воҳасигача етади. Балх ва Ҳирот вилоятлари орасида жойлашган Чичакту қалъасини мустаҳкамлаб чегара манзилига айлантиради. У ерга қипчоқ, аймоқ ва шу каби бир қанча ўзбек қабилаларини кўчириб олиб бориб жойлаштиради6. Мамлакатнинг жануби Ҳирот вилояти билан чегарадош бўлади ва Чичекту Сафавийларга қарши турадиган мамлакатнинг энг жанубий чегара қалъасига айланади7. Ёки, Имомқулихон8 буйруғи билан 1630 – 1640 йилларда Балх ва унга бўйсинувчи қолган вилоятларда чегаралар тўлиқ қайта кўриб чиқилиб, қайта мустаҳкамланади9. Манбалардаги ушбу далиллар сулоланинг илк бошқаруви даврида Аштархонийзодалар чегаралар ҳавфсизлиги масаласининг муҳим эканлигини англаганлиги ва ўз эътиборларини қаратганликларини кўрсатади.
Сулола даврида қўшин тўплаш тартиботида ҳам кичик ўзгаришларни кузатиш мумкин. Бунинг учун, аввало, сулола даврида, ҳарбий вазиятда қўшин тўплаш тартиботини тушуниб олиш керак. Унга кўра ҳарбий вазиятда қўшин тўплаш бошқарувда бўлгани каби Бухоро ва Балх орқали амалга оширилган. Яъни, Бухорога бевосита у орқали бошқариладиган вилоятлардан қўшин етиб келган бўлса, Амударё бўйи ва жанубидаги вилоятлар Балх орқали бошқарилгани10 сабабли қўшин йиғилишига ҳам Балх жавобгар бўлган. Балх орқали бошқариладиган барча вилоятлар қўшини тўплангач эса Бухорога йўл олиши керак бўлган. Имомқулихон даврида шу тартиботда кичик ўзгариш содир бўлади. Унга кўра Хутталон вилояти Бухородан узоқлиги учун бошқаришда қийинчиликлар юзага келганлиги сабаб бошқарув Балх вилоятига берилади ва у орқали бошқарила бошланади11. Оқибатда вилоят қўшини ҳам ҳарбий вазиятда Балхга ва у ердан Бухорога етиб келадиган бўлади. Бундай ўзгариш Убайдуллахон даврида ҳам содир бўлади. Чунончи Шайбонийлар12 ва Убайдуллахон13 замонигача Термиз шаҳри бошқаруви Балх орқали амалга оширилар эди. Аммо Убайдуллахон даврида Термиз вилояти бошқаруви Балхга эмас тўғридан-тўғри Бухорога бўйсунадиган бўлади. Бунга Балх ҳокими Муқумхон билан тахт талашиб олиб борилган уруш сабаб бўлади14. Натижада Термиз қўшини ҳам тўғридан-тўғри Бухорога етиб келадиган бўлади.
Сулола вакиллари ўз даврининг замонавий порохли ўқотар қуроллари билан қўшинни қуроллантириш ҳарбий салоҳиятининг ошишига хизмат қилишини англаб етганлар. Шу сабабли ҳам Боқи Муҳаммадхон15 қўшинни замонавий қуроллар билан қуроллантиришга интилади. Жумладан, Усмонли султони Меҳмед III га16 юборган хатида ҳарбий қурол аслаҳадан ёрдам беришини сўрайди. Бунга жавобан Истанбулдан Бухорога икки юз дона тўфанг (милтиқ) ва уч дона тўп юборилади17.
Абдулазизхон18 ҳам ҳукмронлигининг илк йилларидан бошлаб қўшинни замонавий қуроллар билан қуроллантиришга киришади. Буни амалга ошириш учун ҳар бир эллик таноб ерга эга бўлган мулкдор битта милтиқ сотиб олиб бериши кераклиги ҳақида фармон чиқаради. Бироқ, йирик ер эгаларининг қаттиқ қаршилигига учрайди ва фармон бекор қилинади19.
Манбалардаги маълумотлар таҳлили Субҳонқулихон нафақат қўшинни ўз даврининг порохли ўқотар қуроллари билан таминлашга, балки улардан фойдаланиш малакасини оширишга ҳам катта эътибор қаратганлигини ва бу ўзининг ижобий самарасини берганлигини кўрсатмоқда. Масалан, Баломурғоб жангида ҳар икки томон саф тортганида, олдинги Турон қўшини Эрон аскарларини милтиқдан ўққа тутади. Ўқлар зарбига чидай олмаган эронликлар қочишга мажбур бўлади20. Эътиборлиси, «Дастур ал-мулук» асари муаллифи туронлик аскарлар жангда милтиқлардан бехато нишонларга отаётганлиги, бу эронликларни таажублантирганлигини алоҳида урғу билан қайд этади21. Ёки, Субҳонқулихоннинг 1695 йилда Хушҳолбий додхоҳ бошлиқ юборган қўшинидаги тўпчилар исёнчиларга қарши жангда ғалаба қозонишда асосий ўрин эгаллашади22. Қолаверса, Қалмоқларга қарши юборилган Аҳмадбий Ниёзқули бошчилигидаги23 қўшиннинг муваффаққиятга эришишида24, Ҳушикабий оталиқ бошлиқ қўшиннинг 1689 йил 24 октябрида Марвга қилган юриши ва Миробод қалъасини эгаллашида25 ҳам порохли ўқотар қуроллар ва улардан фойдаланиш малакаси қўшиннинг устунлигини таъминлаганлиги табиий, албатта. Шунингдек, 1695 йилда исён кўтарган Шоҳ Мансур мирохур асирга олинар экан ҳукмдор ҳузурига қилич билан эмас, балки қўштиғли милтиқ билан бўйни ва қўлларидан қисиб олиб борилганлиги26 ҳам бундай қуроллардан ҳар қачонгидан-да кенгроқ фойдаланила бошланганлигини кўрсатади.
Аштархонийлар сулоласи вакиллари қўшин тартиб-интизомига ҳам ўз эътиборларини қаратган. Жумладан, Субҳонқулихон ҳарбий аскарлар орасида тартиб-интизомни мустаҳкамлаш учун фармон чиқаради. Унда ҳарбий ҳаракатлар вақтида ҳарбийлар йўл давомида деҳқонларнинг зироати ва мол-мулкига тегинмаслиги керак эканлиги, агар тегинса қаттиқ жазога тортилиши таъкидланади27. Хожа Самандар Термизий бу фармон ижроси жуда қаттиқ бўлгани учун қўшин деҳқонлар зироати ва ризқ-рўзи олдидан ўтаётганларида тўхтамай экинларни пайҳон қилмай тинч-осойишталик билан ўтиб кетганлигини ёзади28. Бундай қўшин тартиб-интизоми бўйича қабул қилинган фармон, юқорида қайд этилган Субҳонқулихон давридаги муваффақиятларнинг асосий сабабларидан бир ҳам бўлган.
Ўзбек давлатчилигида мавжуд бўлган барча сулолалар сингари Аштархонийлар даврида ҳам ҳарбий бошқарув мавжуд бўлган. Сулола вакилларининг олиб борган сиёсатлари сабабли айрим хусусий ўзгаришлар ҳам содир бўлган. Ҳарбий бошқарув тепасида хон турган. У қўшиннинг Олий бош қўмондони ҳисобланган. Ҳарбий соҳага доир мансаб ва унвонларни тайинлаш ёки озод этиш хон томонидан амалга оширилган.
Хондан кейинги ўринда маслаҳат идораси бўлмиш кенгаш турган. Кенгашда мамлакат ҳаётига доир барча масалалар, шу жумладан, ҳарбий юришлар ҳам муҳокама қилинган. Жумладан, Абдулазизхон бир сафар Балхга бостириб кирган Бобурийлар сулоласи қўшинларига қарши кенгаш уюштириб юриш масаласини муҳокама қилган29, бошқа сафар мамлакат ҳудудига бостириб кирган Анушахонга қарши курашиш масаласида кенгаш чақирган бўлса30, Субҳонқулихон Балх ҳокими Сиддиқ Муҳаммад исёнини бостириш учун кенгаш ўтказади31. Мамлакат ҳаётининг турли соҳалари масаласида ўтказилган кенгашлардан ҳарбий вазиятда ўтказилган кенгашларнинг фарқи фақатгина кўриладиган масаласидагина бўлиб қолмай, иштирокчилар миқдорида ҳам сезилган. Хусусан, ҳарбий вазиятдаги кенгашларда вилоят ҳокимлари ҳам иштирок этиши ҳисобига аъзолар миқдори ортган.
Аштархонийлар ҳарбий бошқарув тизимидаги мансаб ва унвонларни вазифларига қараб икки турга бўлиш мумкин. Биринчиси маъмурий-ҳарбий мансаблар; иккинчиси ҳарбий мансаблар.
Саройнинг маъмурий амалдорлари уруш пайтида асосий вазифаларидан ташқари ҳарбий соҳа бошқарувига киришганлигига кўра уларнинг мансаб фаолиятини маъмурий-ҳарбий деб аташ мумкин. Уларга оталиқ, девонбеги калан, парвоначи, додхоҳ, кўкалтош, эшикоғабоши, баковули калон, мирохури калон, шуғовул ва бошқалар кирган.
Сулола даврида қўшиннинг асосий қисми оталиқ мансабига юклатилган. Манбаларда бу ҳақида кўплаб мисолларга дуч келиш мумкин. Масалан, Абдураҳмон Толе Абулфайзхон қўшиннинг марказий қисмини Ҳакимбий оталиқ бошқарганлигини қайд этади32.
Марказий бошқарувдаги девонбеги калон ҳам ҳарбий юришларда иштирок этган, қўшинга қўмондонлик ҳам қилган. Имомқулихон 1616 йилда Хуросонни эгаллаш учун юборилган ўттиз минг кишилик қўшинга Нодир девонбегини бош этиб тайинлаганлигини Искандарбек мунший ўз асарида қайд этса33, Муҳаммад Амин Бухорий Субҳонқулихон даврида Анушахонга қарши тузилган қўшинда Искандар девонбеги сарой, Хўжа Қулибий девонбегилар махсус бўлинмаларни бошқариб, фаол иштирок этганлигини ёзади34. Эътиборлиси, манбалардаги маълумотлар таҳлили кўп ўринларда қўшиннинг чап қаноти девонбеги мансабига ишониб топширилганлигини кўрсатмоқда. Масалан, Убайдуллахон даврида жангларда қўшининг чап қанотини Ўз Темур девонбеги35, Абулфайзхон даврида Қутлуқ девонбеги бошқарганлигига36 гувоҳ бўлиш мумкин. Умуман, барча манбалардаги маълумотлар девонбеги мансабидаги шахснинг барча даврларда жангларда фаоллик кўрсатганлигини кўриш мумкин37.
Қўшиннинг ўнг ва чап қанотлари ҳамда марказий қисми ҳам Шайбонийлар давридан фарқли тарзда шаҳзодаларга эмас кўп ўринларда марказий бошқарувдаги оталиқ, девонбеги калон, парвоначи, додхоҳ ва бошқа амирларга берилган. Масалан, Парвоначи ҳам бошқа мансаблар сингари, ҳарбий ҳаракат вақтида қўшинга бошчилик қилиш, айрим вақтларда якка тартибдаги мудофаага раҳбарлик қилган38. «Дастур ул-мулук»даги ахборотларга қараганда кўп ўринларда уларга қўшиннинг чап қанотини бошқариш ишониб топширилган бўлса39, додхоҳ ҳам ҳарбий вазиятларда қўшиннинг айрим бўлинмаларига бошчилик қилиш40 ва кўп ўринларда қўшиннинг ўнг томонини назорат қилиш берилган41. Эшикоғабоши эса урушда асосан қўшиннинг авангард қисмига бошчилик қилган42.
Иккинчи – ҳарбий мансабларни ҳам вазифаларининг бир-бирига яқинлигига қараб қуйидаги гуруҳларга бўлиш мумкин:
қўшин бошқарувига маcъул мансаблар;
қўшинга доир ҳуқуқий масалаларга маcъул мансаблар;
қўшин моддий таъминотига маcъул мансаблар;
махсус бўлинмалар;
Қўшин бошқарувига маcъул мансабларга ҳарбий вазиятларда қўшин аскарларининг сафланишига маcъул – удайчи, қурол аслоҳага жавобгар – жевачи, аскарлар тўпланишига жавобгар – тавочи, сонли қисмларга жавобгар – мингбоши, юзбоши, элликбоши, ўнбоши, бўлинмалар бошлиқлари кирган.
Қўшинга доир ҳуқуқий масалаларга маcъул мансабларга қози аскар, муфтий аскар, ўроқи калон кирган. Қози аскарнинг асосий вазифаси Шайбонийлар сулоласи давридагидек43 ҳарбий хизматчиларнинг мурожаатларини кўриб чиқиб, керакли суд қарорини чиқариш бўлган44. Қози аскарга Бухоро ва унга қарашли барча мулк ва музофотлардан ташқари Кеш, Насаф ва Хузор вилоятлари ҳам бўйсунган45. Қози аскар қози калонга бўйсунган46. Шунингдек, ҳарбий ҳаракатлар вақтида ҳудудий қозиларнинг иш фаолияти тўхтатилиб, барча масалалар, шу жумладан, фуқаролик масалалари ҳам ушбу қози аскарга юклатилган47. Сулола даврида одатда қози мансабига эришмоқчи бўлган номзод нафақат мадрасада ақлий ва шаръий илмларни яхши эгаллаган48, балки ўша даврдаги энг таниқли бир қозига шогирдликка тушиб амалий тажрибага ҳам эга бўлган бўлиши керак бўлган. Қози аскарликка тайинланадиган номзод ҳам бундай амалиётдан йироқ бўлмаган. Масалан, Абдулло исмли тафсир, илоҳиётдан жуда зўр хабардор бўлган шахснинг машҳур Балх қозиси Абу Насрга шогирд тушиб, бир қанча йиллар амалиёт ўтаб келгач, мамлакат қози аскарлигига тайинланганлиги ҳақида маълумот мавжуд49.
Муфтийлар ичида ҳам муфтий аскар мансаби мавжуд бўлган бўлиб50, унинг асосий вазифаси – ҳукмдорнинг ҳарбий юришлари ва мамлакатнинг бошқа ҳудудларига қилган сафарлари вақтида ҳарбий воқеалар юзасидан ҳуқуқий асос қабул қилиш бўлган51. Ҳарбий ҳаракатлар амалга оширилаётган вақтда муфтий аскар ҳам қози аскар билан бирга ҳаракат қилган52.
Марказий бошқарувда асосий вазифаси ҳарбий қўшин муҳтасиблиги бўлган ўроқи калон мансаби ҳам мавжуд бўлган53.
Қўшин моддий таъминотига маcъул мансабларга девонда фаолият юритувчи мушриф, дафтардор, тўшакхона меҳтари каби мансаблар кирган. девонхонадаги мушриф мансаби хоннинг барча мансаблар хусусан, ҳарбийларга берадиган инъом, ҳадялар, эҳсон ва илтифотларини махсус «инъом дафтари (ﺪﻔﺗﺮ ﺍﻨﻌﺎﻡ)»га ёзиб борган бўлиб, унинг ижросини назорат қилган54. Дафтардор ҳам барча билан бир қаторда ҳарбийлардан бўлганларга берилган танҳо ва суюрғоллар масаласи билан шуғулланган55. Тўшакхона меҳтари қўшин ва аскарларни зарур бўлган кийим-кечаклар билан таъминлаш, маошларини хазинадан бериш вазифасини бажарган56. Ушбу мансаблар девони калонга, у эса девонбеги калонга бўйсунган.
Қўшинда чухралар, тўпчилар, тўфангчилар, сувчилар, ғажарчилар, нақбчилар, шотичилар, шотирчилар, юртчилар, туғчилар, мусиқачилар, махфий хизмат каби махсус бўлинмалар ҳам мавжуд бўлган. Ҳар бир бўлинманинг ўз вазифаси мавжуд бўлган. Масалан, тўпчилар тўплардан фойдаланишга маcъул бўлган. 1695 йилда Субҳонқулихон ўзига қарши кўтарилган исённи бостириш учун Хушҳолбий додхоҳ бошлиқ қўшин юборади. Жангда тўпчилар алоҳида жасорат кўрсатишади57. Тўпчилар бўлинмасига тўпчибоши калон етакчилик қилган58. Тўфангчилар бўлинмасини эса сарбоз тўфангчибоши назорат қилган59.
Вилоят ва туман ҳокимлари ўша вилоятдан олдиндан белгиланган миқдордаги қўшинни тўплаш, етарли миқдордаги қурол-аслаҳа ва озуқа билан етиб келиши керак бўлган60.
Сулола даврида ҳам бир неча ҳарбий унвонлар мавжуд бўлган. Улардан энг йириги «илғорбошийи аскар» ёки «сардори сипоҳ» унвони бўлган. Ушбу унвон эгаси бутун қўшинга сардорлик қилган. Жумладан, Абулфайз-
хон даврида оталиқ мансабидаги Фарҳодбийга қўшин қўмондони «илғорбошийи аскар, ёки сардори сипоҳ» энг йирик ҳарбий унвон берилган61.
Қўшинда яна «баҳодир» унвони ҳам мавжуд бўлган. Унвон жангларда жасорат кўрсатган аскарларга берилган. Масалан, Субҳонқулихон Аллабердибий мингга жанг-
ларда кўрсатган жасорати учун «баҳодир» унвонини бериш ҳақида махсус фармон чиқаради62.
Аштархонийлар сулоласи даврида ҳарбий вазиятларда умумий тўпланадиган қўшин 60 минг кишини ташкил этган63. Ҳукмдор махсус фармон чиқаргач, барча вилоятдан аскарлар йиғилган. Хусусан, Хожа Самандар Термизий ҳукмдор аскарликка йиғиш ҳақида махсус фармон чиқаргач, барча вилоят ва туманлардан аскарлар тўпланганлигини ёзади64. Бу сон ҳар бир вилоятдан белгиланган миқдорда йиғилган. Масалан, турли манбалардаги турли давр маълумотларини таҳлил этиш Самарқанд вилояти доимий 6 минг кишилик қўшин билан етиб келиши керак бўлган65. Вилоят ҳокимлар белгиланган чақириққа жавобан белгиланган миқдордаги қўшин билан биргаликда уларга етарли миқдорда қурол-яроғ, аслаҳалар ҳам олиб келиши керак бўлган. Масалан, Абдулазизхон даврида Самарқанд вилояти ҳокими Абдукаримбой найман 6 минг кишилик қўшин ва уларга етарли миқдорда қурол-яроғ билан келиб қўшилади66. Ҳар бир вилоятнинг ўзида тўп, тўфанглар мавжуд бўлган. Масалан, Субҳонқулихон ўғли Сиддиқ Муҳаммадхон исёнини бостириш учун Балх қалъасини қамал қилганида қалъа ҳимоячилари тўп ва тўфанглардан тинимсиз ўқ отишгани ва Субҳонқулихон жанг қилмай ўғлига салом хатини юборгани қайд этилади67. Қўшинда ҳарбий асирлар, қуллар ва бошқа тоифа вакиллари мавжуд бўлган. Қўшинда турклардан ташқари араблар, форслар, туркманлар ва тожиклар, қозоқ, қорақалпоқлар мавжуд бўлган68.
Ҳарбий қўшин таркибига кўра отлиқ ва пиёда аскарлардан иборат бўлган69. Қўшиннинг асосини ўнг қанот (баронғор) ва чап қанот (жавонғор) ҳамда орқа қисм бўлинмаларидан иборат марказий қисм (қалб) ташкил этган. Қўшин ҳарбий юриш бошлаган вақтда унинг олдида илғор деб аталувчи қисм борган. Унинг вазифаси йўлнинг хавфсизлигини, пистирма қўйилган-қўйилмаганлигини аниқлаш бўлган. Илғордан сўнг манглай (авангард) борган. Унга марказий қисмни душманнинг бехосдан қилинадиган ҳужумидан сақлаш юклатилган. Қўшиннинг қоровул қисми умумий қўшинни қўриқлаб борган. Катта ва кичик ғуллар эса махсус қисм бўлиб, ҳукмдор ва саркардаларни ҳимоя қилган70.
Қўшин аскарларининг ёши чекланмаган. Унинг таркибида ёшлардан тортиб кексаларгача иштирок этишган. Кексаларнинг тажрибаларидан унумли фойдаланилган. Жумладан, Хожа Самандар Термизий Анушахонга қарши қилинган юриш тафсилотида шундай ёзади: «тажрибали, обдан ўйлаб иш қиладиган қариялардан посбонлар қўйилди, хушёр, сергак, чавандоз йигитлардан айғоқчилар тайинланди»71.
Қўшин фойдаланган қурол-яроғ ва асла-ҳаларни қўллаш мақсадига кўра қуйидаги гуруҳларга бўлиш мумкин:
1. Тиғли қуроллар: найза, болта, қилич, чўқмор, ханжар72.
2. Ўқотар қуроллар: ўқ-ёй73, тўфанг, замбарак, нафтандоз, манжанақлар (палаҳмон)74.
3. Жангчиларнинг танасини ҳимоя қилувчи аслаҳалар: қалқон, қалқон75, совут, дубулға76, жавшанлар, кўкрактўш, елкатўш, тирсакбанд, баргуствон77.
4. Ёрдамчи аслаҳалар: нарвон, cол, кетмон, арра ва бошқалар.
Аштархонийлар сулоласи даврида қўшинда замонавий порохли ўқотар қуроллар ҳисобланмиш кичик туя устига ортиладиган тўп ва қўш тиғли милтиқлардан [илова 1] кенг фойдаланилган. Масалан, 1695 йилда Субҳонқулихонга қарши исён кўтарган Шоҳ Мансур мирохур қўштиғли милтиқ билан хон олдига олиб келингалиги таъкидланади78.
Ҳарбий ҳаракатлар вақтида қўшин яшил рангдаги, шер, ой ва юлдуз тасвирли, янги ой шаклига эга туғи мавжуд бўлган давлат байроғи остида жангга кирган [илова 2]. Шунингдек, ҳар бир ҳарбий қисмларнинг ҳам ҳар хил рангдаги байроқлари мавжуд бўлган. Масалан, қалмоқлардан иборат бўлинма жангга қизил рангдаги байроқ билан кирган.
Қўшиндаги аскарларнинг ижтимоий ҳимоясига алоҳида эътибор берилган. Жумладан, қўшин таркибида аскарлар саломатлиги учун маcъул махсус табиблар мавжуд бўлган. Уларда зарур дори-дармонлар билан таминланган. Масалан, Бешкент жангида Қаландарбек биқинидан ёй ўқи тегиб жароҳат олади. Уни табиб даволашга ҳаракат қилади. Унинг биқинидан ўқни суғуриб олади. Лекин, ички қон кетишини тўхта олмайди. Оқибатда у ўлади79. Аскар ҳалок бўлган бўлса-да, бу жараён қўшинда табиблар мавжуд эканлигини, шунингдек, улар инсон танасининг ички аъзоларида ҳам даволаш ишларини олиб боришга қодир бўлганлигини кўрсатади. Аскарлар маданий ҳордиқ чиқариш учун турли ўйинлар ўтказилиб турилган. Масалан, манбаларда чавгон ўйини кўп тилга олинади80. Ҳарбий вазиятларда аскар оилалари солиқлардан озод этилган. Ҳарбий сафар вақтида аскарларнинг ўзи билан олган нарсаларига зарар етса, масалан, хачири, оти, туяси ўлса унинг учун товон пули тўлаб берилган. Жангда ҳалок бўлган аскарларнинг оиласига муайян тарзда ёрдам кўрсатилган. Масалан, дафн маросими ўтказиш учун оиласига маблағ берилган. Аскарнинг асбоб ва анжомлари оиласига қайтарилган.
Сулола даврида қалъалар мудофаасига ҳам алоҳида эътибор берилган. Шайбонийлар даври билан қиёслаганда мудофаа иншоотларининг тузилишида ўзгаришлар кўзга ташланмаса-да, мудофаа қуролларида фарқлар кузатилади. Яъни, порохли ўқотар қуроллар, тўп ва тўфанглардан ҳар қачонгиданда кўпроқ фойдаланила бошланганлигини кузатиш мумкин81. Шунингдек, айрим сулола вакиллари урушлар натижасида вайронага айланган қалъа деворларини қайтадан қурдиради, таъмирлатади. Масалан, Боқи Муҳаммадхон 1604 йилда вайрона ҳолга келиб қолган Самарқанд қалъаси аркини қайтадан қурдиртиради82. Надр Муҳаммад ҳам харобага айланиб қолган Ҳиндувон номи билан маълум Балх шаҳрининг ички арк деворларини қайтадан қурдиради, Тохаристон вилоятининг Шаҳри Равон номли тумани, Боғиаварс, Боғихабаш, Кишм каби вайрон бўлиб, қишлоққа айланиб қолган шаҳарларига аҳоли кўчириб бориб жойлаштиради, вайронага айланган қалъа деворларини таъмирлатади83.
Хуллас, Аштархонийлар сулоласи вакиллари, жумладан, Боқи Муҳаммадхон, Имомқулихон, Абдулазизхон, Субҳонқулихонлар мудофаа, қўшинни порохли ўқотар қуроллар билан қуроллантириш, улардан фойдаланишни такомиллаштиришга интилганлар ва бир қанча ютуқларга эришганлар. Аксинча, Убайдуллахон, Абулфайзхонлар бошқаруви давридаги сўнгги қирқ йиллик даврда бу соҳага эътибор қаратилмаган. Бу бутун сулола даврида қўшин қуролланиши қолоқ бўлган деган фикрларнинг асоссиз эканлигини кўрсатган ҳолда, сулоланинг айрим вакилларининг эътибори билан қўшин ўз даврининг замонавий қуроллари билан таъминлангани, бошқа вакиллари даврида аксинча, соҳада ортга кетиш бўлганлигинини кўрсатади. Шунингдек, Аштархонийлар сулоласи даврида ҳам олдинги сулолалар сингари қўшин ҳар бир вилоятдан йиғилиши, қўшин қурол-аслаҳаси, моддий таъминоти ўша вилоятга юклатилгани, марказ учун хавфли қўшин тўплаш амалиётидан фойдаланиш (Бухородан ташқари Балхда қўшин тўплаш тизими), булар учун вилоятларга имтиёзлар берилиши (моддий, ҳарбий мансаблар сақлаш ва бошқалар), қўшин борасида вилоятларга қарамлик юзага келтирган ва тез-тез исёнларни келтириб чиқарилишига сабаб бўлган, сулола инқирозига олиб келган.
-------
1 Шайбонийлар — ўзбек давлатини 1501 – 1601 йиллари бошқарган сулола.
2 Сафавийлар — 1502 – 1736 йиллари Эронда ҳукмронлик қилган сулола.
3 Боқи Муҳаммадхон — 1601 – 1605 йиллари ўзбек давлатини бошқарган аштархоний ҳукмдор.
4 Мухаммед Юсуф мунши. Мукимханская история. Ташкент. 1956. С. 75.
5 İsgəndər Bəy Münşi Türkman. Dünyani bəzəyən Abbasin tarixi (Tarixe-aləmaraye-Abbasi). Bakı. 2010. S. 1108.
6 Dünyani bəzəyən Abbasin tarixi (Tarixe-aləmaraye-Abbasi). S. 1129.
7 Махмуд ибн Вали. Море тайн относительно доблестей благородных (География). Тaшкент. 1977. С. 37.
8 Имомқулихон — 1611 – 1642 йиллари ўзбек давлатини бошқарган аштархоний ҳукмдор.
9 Море тайн относительно доблестей благородных (География). С. 38.
10 Термиз, Бадахшон, Шибирғон, Маймана, Қўбодиён, Қундуз каби вилоятлар Балх орқали бошқарилган.
11 Море тайн относительно доблестей благородных (География). С. 38; Тарихи салотини Усмоний. 35б-бет.
12 Ҳофиз Таниш Бухорий. Абдулланома. Биринчи жилд. Тошкент. 1999. 228-бет.
13 Убайдуллахон — 1702 – 1711 йиллари ўзбек давлатини бошқарган аштархоний ҳукмдор.
14 Муҳаммад Амин Бухорий. Убайдулланома. ШИ АҚФ. Қўлёзма рақами 1532. 55a-бет.
15 Боқи Муҳаммадхон — 1601 – 1605-йиллари Ўзбек давлатчилигини бошқарган аштархоний ҳукмдор.
16 Меҳмед III — 1595 – 1603-йиллари ҳукмронлик қилган Усмонли султони.
17 А.Д. Васильев. «Знамя и меч от падишаха» Политические и культурные контакты ханств Центральной Азии и Османской империи (середина XVI – начало XX вв.). Москва. 2014. C. 89.
18 Абдулазизхон — 1645 – 1681 йиллари Ўзбек давлатчилигини бошқарган аштархоний ҳукмдор.
19 Муҳаммад Толиб. Матлаб ут-толибин. Тошкент. 2016. 204-бет.
20 Хўжа Самандар Термизий. Дастур ул-мулук. Тошкент. 2001. 210-бет.
21 Ўша ерда.
22 Ўша асар. 228-бет.
23 Мактубот, муншоат ва маншурот. АҚФ. Қўлёзма рақами 289. Субҳонқулихоннинг Усмонли султони Аҳмадга хати. 42б – 43а-бетлар
24 Ўша ерда.
25 Муҳаммад Амин Бухорий. Муҳит ат-таворих. Тошкент. 2020.103-бет.
26 Дастур ул-мулук. 230-бет.
27 Ўша асар. 197-бет.
28 Ўша асар. 198-бет.
29 Қожамқулибек Балхи. Тарих-и Қыпшақи. Алматы. 2017. 645-бет.
30 Дастур ул-мулук. 147-бет.
31 Муҳит ат-таворих. 80-бет.
32 Абдураҳмон Толе. Тарихи Абулфайзхон. АҚФ. Қўлёзма рақами 11.148б-бет.
33 Dünyani bəzəyən Abbasin tarixi. S. 1651.
34 Муҳит ат-таворих. 58-бет.
35 Убайдулланома. 118a-бет.
36 Тарихи Абулфайзхон. 148б-бет.
37 Дастур ул-мулук. 147-бет.
38 Дастур ул-мулук. 169-бет; Убайдулланома. 118б-бет; Б. Ахмедов. История Балха. Ташкент. 1982. C. 156.
39 Дастур ул-мулук. 153-бет.
40 Муҳит ат-таворих. 63-бет; Дастур ал-мулук. 195-бет; Buhara hanliği’nin askeri teşkilati (1500 – 1868). s. 152.
41 Тарихи Абулфайзхон. 148б-бет.
42 А. Алексеев. Политическая история Тукай-тимуридов по материалам персидского историчаского сочинения Бахр ал-асрар. Санкт-Петербург. 2006. С. 151; Истрия Балха. С. 160.
43 Зайниддин Муҳаммад Восифий. Бадое ул-вақое. Тошкент. 1979. 8-бет.
44 Мирзо Бадеи девон. Мачмаъ-ул-арқом. Душанбе. 2015. Баргаи. 152; Семенов А. Бухарский трактат о чинах и званях и об обязанностях насителей их в средневековой Бухаре // Советское Востоковедение. Том 5. 1948. С. 140; Buhara hanlig’i’nin askeri teskilati (1500 – 1868). S. 144.
45 Мактубот, муншоат ва маншурот. Лутфуллоҳни Бухоро вилояти ҳарбий қозилигига тайинлаш ҳақида ёзилган маншур. 103а – 104а-бетлар.
46 Мачмаъ-ул-арқом. Баргаи. 152.
47 Бухарский трактато чинах и званях и об обязанностях носителей их в средневековой Бухаре. С 140; Очерки аграрных отношений в Бухарским ханстве. С. 89; История Балха. С.152; Политическая история Тукай-тимуридов по материалам персидского историчаского сочинения Бахр ал-асрар. С. 146; Бухоро таълим тизими тарихи. 71-бет.
48 Мактубот, муншоат ва маншурот. Лутфуллоҳни Бухоро вилояти ҳарбий қозилигига тайинлаш ҳақида ёзилган маншур. 103а – 104а-бетлар; Хўжа Шоҳни Бухоро вилояти ҳарбий қозилигига тайинлаш ҳақида ёзилган маншур. 104а – 105а-бетлар; Мир Иброҳим садрни Бухоро вилояти ҳарбий қозилигига тайинлаш ҳақида ёзилган маншур. 105а – 106б-бетлар.
49 Убайдулланома. 269б-бет.
50 Мактубот, муншоат ва маншурот. Мулло Мир Мўмин муфтийни Бухоро вилояти ҳарбий муфтийликка тайинлаш ҳақида ёзилган маншур. 113а – 113б-бетлар; Хожа Мир Абдуллоҳни Бухоро вилояти ҳарбий муфтийликка тайинлаш ҳақида ёзилган маншур. 114а – 114б-бетлар.
51 Мактубот, муншоат ва маншурот. Мулло Мир Мўмин муфтийни Бухоро вилояти ҳарбий муфтийликка тайинлаш ҳақида ёзилган маншур. 113а – 113б-бетлар; Хожа Мир Абдуллоҳни Бухоро вилояти ҳарбий муфтийликка тайинлаш ҳақида ёзилган маншур. 114а – 114б-бетлар; Мачмаъ-ул-арқом. Баргаи. 152; Бухарский трактато чинах и званях и об обязанностях носителей их в средневековой Бухаре. С. 140; Buhara hanlig’i’nin askeri teskilati (1500 – 1868). S. 144.
52 Бухарский трактато чинах и званях и об обязанностях носителей их в средневековой Бухаре. С. 140.
53 Мачмаъ-ул-арқом. Баргаи. 153.
54 Мактубот, муншоат ва маншурот. Муло Шоди девонни Бухоро вилояти мушрифлиги мансабига тайинлаш ҳақида ёзилган маншур. 165б – 166a-бетлар.
55 Мактубот, муншоат ва маншурот. Мирзо Улуғ девонни дафтардор мансабига тайинлаш ҳақида ёзилган нишон. 167б – 168a-бетлар.
56 Мактубот, муншоат ва маншурот. Муҳтари тўшакхона мансабига тайинлаш ҳақида ёзилган маншур. 176б – 177a-бетлар; Мачмаъ-ул-арқом. Баргои. 156.
57 Дастур ул-мулук. 228-бет.
58 Мачмаъ-ул-арқом. Баргаи. 160.
59 Бухарский трактат о чинах и званиях об обязанностях носителейих в средневековой Бухаре С. 149; Политическая история Тукай-Тимуридов. С. 154.
60 Мактубот, муншоат ва маншурот. Қарчиғайбий қалмоқни Чоржўй вилояти ҳокимлигига тайинлаш ҳақидаги маншур. 135б – 137a-бетлар; Ҳожи араб баковулни Каиф вилояти ҳокмилигига тайинлаш ҳақидаги маншур. 137a – 138a-бетлар.
61 Мактубот, муншоат ва маншурот. Фарҳодбий Баҳодир оталиқни Турон қўшини сардорлигига тайинлаш ҳақида ёзилган маншур. Фанлар академияси Шарқшунослик иститути Шарқ қўлёзмалари фонди. Қўлёзмалар рақамлари 289. 130а – 131а-бетлар.
62 Дастур ул-мулук. 186-бет.
63 Абулғози Баҳодирхон. Шажараи турк. АҚФ. Қўлёзма рақами 1110. 193a-бет.
64 Дастур ул-мулук. 230-бет.
65 Муҳаммадвафои Карманаги. Туҳфат-ул-хони. Хучанд. 2017. Баргаи 44; Дастур ул-мулук. 155-бет.
66 Дастур ул-мулук. 155-бет.
67 Ўша асар. 195-бет.
68 Ўша асар. 155-бет.
69 Ўша асар. 152-бет.
70 Buhara hanliği’nin askeri teşkilati (1500 – 1868). S. 372.
71 Дастур ул-мулук. 148-бет.
72 Муҳит ат-таворих. 68-бет; Дастур ул-мулук. 152-бет.
73 Муҳит ат-таворих. 63-бет.
74 Имомқулихоннома. АҚФ.. Қўлёзма рақами 89. 80б-бет; Муҳаммад Толиб. Матлаб ут-толибин. Тошкент. 2016. 204-бет; Шажараи турк. 192б-бет; Дастур ул-мулук. 147-бет; Мухит ут-таворих. 58-бет.
75 Муҳит ат-таворих. 63-бет.
76 Дастур ул-мулук. 152-бет.
77 Ўша асар. 152-бет.
78 Дастур ул-мулук. 230-бет.
79 Дастур ул-мулук. 204-бет.
80 Ўша асар. 152, 185, 200, 215-бетлар.
81 Ўша асар. 195-бет.
82 Мутрибий Самарқандий. Тазкират уш-шуаро. Тошкент. 2013. 246-бет.
83 Море тайн относительно доблестей благородных (География). С. 38.
