В статье рассматриваются вопросы научного труда ученого и просветителя Юсуфа Кардарий, проживавшего в государстве Кардар, ныне Приаралье Хорезмской области. Затронуты особенности его произведения «Фавоид баҳиййа фи таражум ҳанафиййа», в котором собраны юридические основы социального устройства общественной жизни того времени. В настоящее время первоисточник издания книги хранится в фонде Мичиганского Университета США.
ХIX асрда яшаб самарали ижод қилган ҳиндистонлик аллома Муҳаммад ибн Абдулҳай ибн Муҳаммад ибн Абдуҳалим Лакнавий (1264 – 1304/1847 – 1886) сарф, наҳв, мантиқ, илми мунозара, тарих ва ҳадисшуносликка оид кўплаб асарлар таълиф этган. Айниқса, аллома қаламига мансуб «Фавоид баҳиййа фи тарожум ҳанафиййа» (Ҳанафий фақиҳлари таржимаи ҳоллари ҳақида фойдали китоб) номли асарида асосан ўрта асрларда фаолият кўрсатган ислом оламидаги таниқли олимларнинг ҳаёти ва ижодига оид қимматли маълумотлар тўпланган. Манбада Мовароуннаҳр юртидаги, хусусан, Самарқанд, Фарғона, Шош, Насаф, Бухоро, Қорақалпоғистон ва бошқа ҳудуд олимлари ҳақида қимматли маълумотлар учрайди.
«Фавоид баҳиййа фи тарожум ҳанафий-йа» асарида Кардарийларга ҳам алоҳида ўрин ажратилган. Асарда Абдулғафур ибн Луқмон (баъзи манбаларда Нуъмон) ибн Муҳаммад Шараф қудот Тожиддин Абу Мафохир Кардарий (ваф. 562/1167 й.), Муҳаммад ибн Абдуссаттор ибн Муҳаммад ибн Кардарий (599/1163–633/1235), Муҳаммад ибн Маҳмуд ибн Абдулкарим Кардарий, Бадруддин Хоҳарзода (ваф. 651/1253 й.) каби кардарлик олимлар ҳақида маълумотлар бор. Жумладан, машҳур олим ас-Субкий илмий мероси ҳақида шундай дейилади: «Кардар» Қорақалпоғистоннинг Нукус туманида жойлашиб, асли «Кардар» Хоразм ноҳияларидан бирининг номидир. Ерли аҳоли на хоразмча ва на туркий тилида гаплашган. Қуйида биз Кардардан етишиб чиққан Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн аш-Шихаб ибн Юсуф Кардарий Бариқиний Хоразмий (ваф. 826/1422 й.) ҳақида маълумотлар бериб ўтамиз.
Баъзи манбаларда ёзилишича, олим 827/1423-4 йили рамазон/август ойининг ўрталарида Кардарда вафот этган. Бошқа манбаларда эса, робиус-саний / 3 март – 1 апрель ойида вафот этган, деб келтирилади. Яна баъзи манбаларда кўрсатилишича, олим 829/1425 йили вафот этган. Абдул-Ғаффор ибн Луқмон ал-Кардарий «Кардар»ни Хоразмдаги вилоят, деб ёзиб қолдирган. Олимнинг «Баззозий» деб аталишига қараганда, у газлама тижорати билан шуғулланган. Ғарб адабиётларида кўп ҳолларда олимнинг исми Муҳаммад Кардарий эмас, балки Муҳаммад Курдарий, деб келтирилади.
Юсуф Кардарий замонасининг етук олими, фиқҳ ва бошқа илмларни чуқур эгаллаган аллома бўлган. Аллома дастлабки илмни отасидан олади. Сўнг Кардардан Оил дарёси яқинидаги Сарой қалъасига сайр қилиб, у ерда бир қанча йиллар истиқомат қилади, кейин 806/1403 йили Қрим шаҳрига кўчади. У ердаги фақиҳлар иштирокида ўтказиладиган анъанавий илмий мажлислар иштирокчисига айланади. Илми толибларга дарс беради. Cўнгра мамлакатга қайтиб, Қримдан Рум мамлакатига сафар қилади. Уламолар ҳақида китоб ёзади, улар билан илмий баҳслар ўтказади.
«Ал-Фатовои ал-Баззозия» номли асари бизга етиб келган. Унда фиқҳий масалаларга қаратилган турли мавзудаги муҳим фатволар жамланган. Муаллиф далили кучли бўлган фатволарни алоҳида кўрсатиб ўтган. «ал-Фатовои ал-Баззозия» китобининг иккинчи номи «ал-Жомеъ ал-Важиз». Уламолар бу китобдаги фатволарга суяниш мумкинлигини таъкидлаганлар. Ушбу асар 812 ҳижрий йилда ёзиб битирилган. Маълумки, Абу Ҳанифанинг фиқҳий мактаблари райга асосланган бўлиб, китобда ҳам унга кенг ўрин берилган. Шунингдек, Муҳаммад Кардарийнинг «ал-Фатовои ал-Баззозия» асарида ҳам масалаларни ечишда қиёс ва истеҳсондан унумли равишда фойдаланилганлигини кузатиш мумкин.
Манбаларда Муҳаммад Кардарийнинг «ал-Фатовои ал-Баззозия» асари Яқин Шарққа 1516 – 1517 йиларда Туркия орқали тарқалгани ҳақида маълумот берилган. Бундан ташқари, олимнинг қуйидаги асарлари мавжуд: 1. «ал-Манақиб ал-Кардарий»; 2. «Мухтасар фи байан таърифат ал-аҳкам»; 3. «Адаб ал-қозий». Мазкур асарлардан бизгача етиб келгани, «ал-Манақиб ал-Кардарий» асарининг тўлиқ номланиши «Манақиб ал-имом ал-аъзам Аби Ҳанифа» бўлиб, бу асар Абу Ҳанифа ҳақидаги манбалардан иборат бўлиб, мақбул китоблардан ҳисобланади. Китоб муқаддима ва ўн бир бобдан ташкил топган. Бу асар Туркия ва бошқа ерларда жуда машҳур бўлган. Асарнинг 1321/1903 йили Хайдарободда «Доират ал-Маъариф» нашриётида чоп этилган.
Манбаларда бу ерда унинг шогирдларига «ал-Кофий», «Ҳидоя», «Мухтасар ал-Қуду-рий», «ал-Муфассал» каби фиқҳий асарлардан дарс бергани ҳақида ёзилган. Бу, ўз навбатида, Муҳаммад Кардарий ислом ҳуқуқшунослигининг ҳанафийлик мазҳабида масалаларнинг ҳуқуқий даражасига кўра биринчи ва иккинчи даражали масалага оид ёзилган ишончли манбалардан фойдаланганлигини кўрсатади.
«Ал-Фатовои ал-Баззозия»нинг энг қадимий қўлёзмасида Кардарийнинг 828/1424 йил вафот этгани қайд этилган. Қўлёзма аввал Туркиянинг Эрзурум шаҳарида, кейин Буюк Британия пойтахти Лондондаги музейда № 39 инвентар рақами остида сақланган ва кейинчалик АҚШга олиб кетилган. Қўлёзманинг дастлабки варағида асарнинг вақф қилинганлиги, ундан фақат Эрзурум шаҳрида яшовчи уламолар Абдуллоҳ Адибнинг ўйидаги сақланаётган китоблардан фойдаланиш мумкинлиги зикр этилган. Эрзурум (Туркия) шаҳрининг қозиси Жаннат Зодаҳ номи билан машҳур бўлган Абдуллоҳ Адибнинг номлари ва 1262/1845 сана ёзилган бўлиб, Абдуллоҳ Адибнинг доирабичимли муҳри мавжуд. «ал-Фатовои ал-Баззозия» номи билан машҳур бўлган «ал-Важиз» асари «Фатавои ҳамида»нинг ҳошиясига ёзилган. Бугунги кунда асар тошбосма нусхасининг биринчи жилди Тошкент ислом университетининг «Манбалар хазинаси»да 119 рақами остида, иккинчи жилди, 112 рақами остида, учинчи жилди 157 рақами остида сақланмоқда.
Юсуф Кардарий ақлий ва нақлий илмларни эгаллаган олим Ибн Баззозийнинг иккита қўлёзмаси бор.
1. Ибн Баззозийнинг «ал-Фатавои ал-Баззозия» китоби «ал-Фатавои ал-Кардария» деб ҳам юритилади. У, яъни «Важиз» (Мухтасар) СВР Х том, № 6903, ашёвий № 6644 асари 812/1409 йили ёзилган. У 51 фиқҳ китобини ўз ичига олган.
2. Носируддин Кардарийнинг иккинчи қўлёзмаси «Важиз».
Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, Абдулҳай Лакнавий «Фавоид баҳиййа фи тарожум ал-ҳанафиййа» асарида кардарийларнинг ноёб асарлари юртимиз ва хорижий давлатларнинг кутубхона ва фондларида ўз тадқиқотчиларини кутиб ётибди. Мовароуннаҳрлик алломалар асарларининг ноёблиги шундаки, аввало, улар ҳанафий мазҳабида ёзилган, ҳар бир ҳукм нақлий ва ақлий далиллар билан исботланган, нуфузли дин арбоблари асарларидан иқтибослар келтирилган, асарга кўра, муаллиф ҳар бир ҳуқуқий масала бўйича билдирилган фикр-мулоҳазаларини бир-бири билан солиштириб чиқиш баробарида, шахсий фикр ва хулосаларини ҳам бериб ўтиши анъанага айланган.
