Abstract: This article analyzes the provision of students with literature and information resources by information resource centers in accordance with their age characteristics, needs, and interests. It also examines effective methods and technologies for developing and fostering a culture of reading among primary school students, as well as their practical application. Special attention is given to the rational use of books and library resources as a means of enhancing reading culture. In addition, the article highlights issues such as the responsibilities of information resource centers, the factors that have a constant and active influence on shaping students’ reading culture, the need for books, the literacy level of family members, their attitude toward books, the social role of libraries, and the importance of reading.

 

Keywords: information resource, reading culture, reader, literacy, book exhibition, family, presentation.

 

Аннотация: Ушбу мақолада ахборот-ресурс марказларини ўқувчиларнинг талаб ва эҳтиёжлари, қизиқишларига мос тарзда адабиётлар ва ахборот ресурслари билан таъминлашга оид масалалар, ўқиш маданиятини шакллантиришнинг самарали усуллари, кичик мактаб ёшидаги ўқувчиларда ўқиш маданиятини шакллантириш ва тарбиялашнинг самарали технологиясини ишлаб чиқиш, амалда қўллаш, ўқувчиларда китоб ва кутубхонадан рационал фойдаланиш, китобхонлик маданияти шаклланганлигининг самарадорлик даражасини орттириш каби масалалар кўриб чиқилган. Бундан ташқари, мақолада ахборот-ресурс марказлари олдидаги вазифалар, ўқувчиларда ўқиш маданиятининг тарбияланишига доимий ва фаол таъсир қилувчи омиллар, китобга бўлган эҳтиёж, оила аъзоларининг саводхонлик даражаси, уларнинг китобга муносабати, кутубхоналарнинг ижтимоий вазифаси, мутолаанинг аҳамияти каби масалалар ҳам ёритиб берилган.

 

Калит сўзлар: Ахборот-ресурс, ўқиш маданияти, китобхон, саводхонлик, китоб кўргазмаси, оила, тақдимот.

 

Аннотация: В статье проанализированы вопросы о том, как информационно-ресурсные центры обеспечивают учащихся литературой и информационными ресурсами, соответствующими их возрастным особенностям, потребностям и интересам. Также рассматриваются эффективные методы и технологии формирования и воспитания культуры чтения у младших школьников, а также их практическое применение. Особое внимание уделяется возможностям повышения уровня культуры чтения через рациональное использование книг и библиотечных ресурсов. Кроме того, в статье освещены такие вопросы, как задачи и факторы, стоящие перед информационно-ресурсными центрами, оказывающие постоянное и активное влияние на формирование культуры чтения у учащихся, потребность в книгах, уровень грамотности членов семьи, их отношение к книгам, социальная роль библиотек, а также значение чтения.

 

Ключевые слова: информационный ресурс, культура чтения, читатель, грамотность, книжная выставка, семья, презентация.

 

Маълумки, ҳар қандай давлат ўз фуқароларининг билим даражаси билан кучлидир. Фуқаролардаги онглилик эса ўз-ўзидан пайдо бўладиган тушунча ёки ҳодиса эмас. Хусусан, мактаб таълим-тарбия жараёнининг узвий қисми бўлган кутубхона узлуксиз таълимнинг таркибий қисми сифатида беқиёс вазифани адо этади. Чунки, кутубхонанинг ижтимоий вазифаси ҳозирги кун талабидан келиб чиқиб, тобора кенгайиб бормоқда. Маънавият ва маърифатга жиддий эътибор қаратилган бир пайтда кутубхоналарнинг ва умумтаълим муассасалари қошида ташкил этилган ахборот-ресурс марказларининг олдидаги вазифалар ҳам ортиб бормоқда. Ўқувчиларда ўқиш маданиятининг тарбияланиши доимий ва фаол ҳаракатлантирувчи манбалар таъсирида шаклланади.Бизга маълумки, китобга бўлган эҳтиёж бола ҳаётининг дастлабки йилларида шакллана бошлайди. Бўлажак китобхон ҳаётида, аввало оила, сўнг мактабгача тарбия муассасалари ва ниҳоят мактаб ҳал қилувчи ўрин тутади. Демак, ўқиш маданиятини шакллантиришнинг илк, дастлабки асоси бу – оила. М. Қуроновнинг уқтиришича, «Ўзбек оиласи миллий дунёқараш манбаидир. Миллий истиқлолнинг муваффақияти ҳам кўп жиҳатдан оиланинг миллий тарбиявий имкониятларини такомиллаштиришига боғлиқдир» [1]. Оила аъзоларининг саводхонлик даражаси, уларнинг китобга муносабати бола қалбида китобхонлик асосларининг ривожланишига сабабчи бўлади. «Фарзандингизни мутолаага қизиқтириш учун ўзингиз ҳар куни у билан камида ярим соат китоб ўқинг. Бу жараён бола учун худди ўйин ўйнаётгандагидек мароқли бўлсин», дейишмоқда психологлар. Чиндан ҳам, бола нимадан кўпроқ завқ олса, имкон қадар шунга талпинади. Китоб ўқишга ҳавас бир зумда шаклланмайди, албатта. Бунинг учун мунтазам равишда болани қизиқтириш, аввало, қалбида мутолаага бўлган интилишни уйғотиш зарур. Ҳаммамиз китоб ўқишнинг фойдали эканлигини эшитганмиз. Лекин унинг фойдалилиги айнан нимада? «AdMe.ru»сайти китоб ўқишнинг фойдалилиги борасидаги тадқиқотлар натижаларини эълон қилди. Мутолаа асабни тинчлантиради, уйқусизликдан қутулишга ёрдам беради, қалбни юмшатади, мия фаолиятини яхшилайди, ҳаётдаги мақсадни англашга ва қийинчиликларни енгишга ёрдам беради, ёзувчилик қобилиятини ривожлантиради, чет тилини ўрганишни осонлаштиради.

 Ҳозирги кун талабидан келиб чиқиб қарайдиган бўлсак, китобхон учун кутубхонанинг ҳам алоҳида ўрни бор. Шу боисдан бўлса керак, кутубхоналарнинг ижтимоий вазифаси тобора кенгайиб бормоқда. Китоб, кутубхона ва китобхон ҳар қандай жамият ривожини таъминловчи муҳим бўғиндир. Китоб – инсон ҳаётида ўзининг маърифий ҳамда тарбиявий аҳамияти билан муҳим мавқелардан бирини эгаллайди. Лекин китобни ўқиш, унинг тўла маъносига тушуниш, ундан маънавий озуқа олинган маълумотларни ҳаётга татбиқ этиш доимо долзарб муаммолардан бири бўлиб қолган ва бўлиб қолмоқда. Аввало, кутубхона фаолияти таълим жараёни билан узвий алоқадордир. Ҳар қандай шахснинг камол топишида унинг болалик давридаги китобхонлик даражаси ўта муҳим саналади. Агар китобхон кутубхоначида ақлли, меҳрибон суҳбатдош, китобларни яхши билувчи, мурожаат этганларга ёрдам беришга тайёр бўладиган киши сингари фазилатларни кўрса, бу ҳолат боладаги ўқиш сифатига таъсир кўрсатиши мумкин. Кўринадики, китобхонни ўзига жалб этиши учун бир кутубхоначининг қатор фазилатларга эга бўлиши тақозо этилади. Кўрсатиб ўтилган фазилатлардан ташқари, кутубхоначининг хушмуомалалиги, ширинсўзлиги, ўз касбига фидойилиги ўқувчини кўпроқ ўзига жалб қилади. Бундан ташқари, кутубхоначи китобхон қизиқишларини кучайтириб бориш мақсадида, китоб кўргазмаси, плакатлар, расмли картотекалар, турли хил альбомлардан унумли фойдаланиши ҳам яхши самара беради. Буларнинг орасида китоблар кўргазмаси алоҳида ажралиб туради. Зеро, адабиёт тарғиботининг энг кўзга кўринган ва таъсирчан кўргазмали воситаларидан бири китоб кўргазмасидир. Унда ўқувчи бевосита китобнинг ўзини ўз кўзи билан кўради, китоб ташқи қиёфаси билан уни ўзига тортади. Болаларни ноихтиёрий диққатини ёрқин сарлавҳалар, қизиқарли саволларни ёритувчи китоблар, албатта жалб қилади. Кўргазма материалларининг китобхонлар ўртасида оммавийлашиши учун кўргазмалар ёш китобхонларнинг қизиқиш ва имкониятларидан келиб чиқиб тузилган бўлиши керак. Кўргазмаларнинг бир афзаллиги болаларни аниқ бир мақсадга қаратилган режали мутолаа қилишга ўргатади. [2]. Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида хар йили 200дан зиёд маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилиб келинмоқда. Ўтган, 2024 йилга мўлжалланган маънавий-марифий тадбирлар режасига асосан 63 та Ўзбекистоннинг муҳим ва унутилмас саналарига бағишланган мавзули ва шахсга оид кўргазмалар, 82 та «Миллий кутубхонага келиб тушган янги нашрлар кўргазмалари, 9 та расмлар ва амалий санъат асарлари кўргазмаси, 6 та маълумотлар, фильмлар ва видеороликлар намойиши, 57 та муассаса ва ташкилотлар билан ҳамкорликда ижтимоий-маданий тадбирлар, 26 та китоб тақдимотлари, 55 та адабиётлар кўргазмаси, 57 та фото-расмлар кўргазмаси, танловлар, фильмлар ва видеороликлар намойиши бўлиб ўтди. Шунингдек, ўтган давр мабойнида 33 та давра суҳбатлари, хотира кечалари, ижодий учрашувлар ва адабий-мусиқий кечалар ўтказилди. Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлашга қаратилган 6 та тадбир, 27 та кўргазма ташкил этилди. Жорий йилнинг 9 ойи давомида Миллий кутубхона томонидан 12 та китобхонликни тарғиб қилишга йўналтирилган тадбирлар ўтказилди. Ёшлар, айниқса мактаб ўқувчилари орасида китобхонликни тарғиб қилиш бўйича қатор ишлар олиб борилди. Жумладан, 2024 йил 1 ноябрь куни Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида «Sevinch school » мактаби ўқувчиларини Ўзбекистон Миллий кутубхонаси билан яқиндан таништириш мақсадида экскурсия ташкил этилди.

Ўқувчилар кутубхона билан танишар экан, кутубхонанинг катталиги, қизиқарли китобларнинг кўплиги ва китобхонлар учун яратилган имкониятларни кўриб, чексиз таассуротлар билан экскурсияни якунлашди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат-нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди кўмагида болалар ва ўсмирлар учун мўлжалланган «Китобхон болалар» ва «Дунё даҳолари» туркумида «Ўзбекистон» ва «Asaxiy books» нашриётлари томонидан нашр этилган 10 номдаги китобларнинг тақдимоти бўлиб ўтди [3].

Кутубхона ходимлари ўз фаолият йўналишларини давр талабларидан келиб чиққан ҳолда белгилаб, янги-янги тадбирларга қўл урмоқдалар. Мана шундай тадбирлардан бири – кутубхоналарда ўтказиладиган ижодий учрашувлардир. Чунки бундай учрашувларда китобхон намуна-идеал бўлган кишилар билан юзма-юз кўришиб, уларнинг суҳбатини тинглаб, ўзи ҳам саволлар бериб, жуда кўп масалалар юзасидан жавоблар олиши мумкин. Кутубхонада илм-фан, маданият ва санъат арбоблари, машҳур спортчилар билан ўтказиладиган ижодий учрашувлар китобхонда жуда ёрқин таассурот қолдиради. Кутубхоналарда болалар ёзувчилари, шоирлари, адабиётшунос олимлар, турли соҳа мутахассислари билан учрашувлар уюштириш керак. Бундай учрашувларда асосий эътибор учрашув иштирокчиларининг китобларга бўлган муносабатига қаратилмоғи лозим.

Ўқувчилар китобнинг аҳамияти, жамият тараққиётидаги ўрни, умуман, китобсиз яшаш мумкин эмаслигини шоир ва ёзувчилар, олимларнинг ўз оғзидан эшитсалар унинг таъсири кучли бўлади. Болалар адабиёти ва китобхонлиги, ҳозирги адабий жараён ва адабий танқид хусусида билдирадиган
фикрлар китобхонларни ўзига жалб қилади. Ўйлаймизки, бундай учрашув китобхон қалбида бир умрга муҳрланиб қолади, уни фаол китобхон бўлишга чорлайди.

Кутубхоналарда ўтказиладиган ижодий учрашувлар китобхонларда муҳим бир омилни – китобга, адабиётга меҳр-муҳаббат билан ёндашувни юзага келтиради. Ёзувчи ёки шоир тимсолида ўз хаёлидаги идеал инсонни, келажак ҳаётида намуна бўладиган шахс-ни топгандек бўлади. Ўқувчи ўзига намуна бўлган шахснинг хулқ-атвори билан ўзининг хатти-ҳаракатини солиштиради ва ўзининг ижобий ёки салбий жиҳатларини англаб етади. Натижада унда ўзини тарбиялашга боғлиқ яна бир муҳим хислат вужудга келади [4]. Юқоридагилардан шундай хулоса чиқариш мумкин: ижодий учрашувлар ўқувчиларда ўқиш маданиятини тарбиялашдаги асосий воситалардан бири бўлиб қолади. Бунда:

• Ижодкор ва китобхон ўртасида ҳақиқий ижодий мулоқот шакли юзага келади.

• Китобхон ўз фикр-мулоҳазасини бемалол, эркин айтиш имконига эга бўлади.

• Айни пайтда ўқувчида адибнинг асарларига, умуман, китобга бўлган муносабат ижобий томонга ўзгара бошлайди.

• Китобхон адиб сиймосида ўз идеалини кўргандек бўлиб, унга эришишга, кўпроқ китоб ўқишга, ниҳоят ўзи ҳам келгусида шундай асарлар ёзишга рағбат сезади. Юқоридаги фикрлар далили сифатида қўйидаги тажрибани куриб чиқиш мақсадга мувофиқдир.

Хориж тажрибасидан фойдаланиб, ўқувчилар ўртасида китобга қизиқтириш бўйича ижобий натижаларга эришишга ёрдам беришини исботловчи махсус тадқиқот ўтказилди. Болаларнинг ўқишга бўлган қизиқиш даражаси ўрганилди. Мезонлар қуйидагича тақсимланди:

1.Интерактив тадбирлар ташкил этиш.

Кутубхонада ўқувчиларни қизиқтирадиган интерактив тадбирлар (китоб тақдимотлари, семинарлар, викториналар, адабиёт кечалари ва бошқалар) ўтказиш уларнинг кутубхонага бўлган қизиқишини оширади. Ўқувчилар учун қизиқарли ва фойдали бўлган дастурлар кутубхонага келишни рағбатлантиради.

2.Китоблар ва ресурсларнинг турли хил танлови.

Ўқувчиларни жалб қилиш учун кутубхонада турли ёш ва қизиқишларга мос китоб-
лар мавжуд бўлишини таминлаш. Масалан, замонавий адабиётлар, илмий адабиётлар, комикслар, электрон китоблар ва аудио-китоблар билан кутубхона фондини кенгайтириш ўқувчиларнинг кутубхонага қизиқишини орттиради.

3.Кутубхона муҳитини жозибадор қилиш.

Кутубхона дизайнини ўқувчилар учун жозибадор ва қулай қилиш жуда муҳим. Ёритишни яхшилаш, ўқувчилар учун махсус кутиш жойлари ва ўқиш бурчакларини яратиш, шунингдек, тоза ва тартибли муҳит яратиш, уларнинг кутубхонага доимий равишда келишига ёрдам беради.

4.Онлайн платформалар ва ресурсларни таклиф қилиш.

Кутубхонада мавжуд бўлган ресурслар ва хизматларни онлайн платформаларда тақдим этиш, масалан, кутубхонанинг веб-сайти ёки ижтимоий тармоқларда янгиликлар, мақолалар, китоб шарҳлари ва ўқув материаллари билан бўлишиш орқали ўқувчиларни жалб қилиш мумкин.

 Ушбу мезонлар билан бир қаторда учта қизиқиш даражаси (юқори, ўрта ва паст) кўрсаткичлари ишлаб чиқилди. Тегишли диагностика ишлари олиб борилгандан сўнг, натижалар кўриб чиқилди ва қуйидаги маълумотлар олинди: экспериментал гуруҳ ўқишга қизиқиши юқори бўлган болаларнинг 15 фоизини, ўрта даражадаги болаларнинг 53 фоизини, паст даражадаги болаларнинг 32% ни ташкил этди. Тадқиқотнинг назорат босқичида тажриба бошида бўлгани каби бир хил мезон ва кўрсаткичлар қўлланилди. Олинган маълумотлар шуни кўрсатдики, экспериментал гуруҳда ўқишга қизиқиш даражаси паст бўлган болалар фоизи 32% дан 10% гача камайди, ўртача даражадаги болалар фоизи 12% га ошди, юқори даражадаги болалар фоизи 15% га ошди. Ушбу усуллар кутубхонага ташриф буюрувчи ўқувчилар сонини ортишига сабаб бўлади. [5].

 Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, ўқиш маданиятини тарбиялашнинг асосий масъулияти кутубхоначиларнинг ҳам зиммасига тушади. Бу жараён эса кутубхоначидан жуда катта педагогик маҳоратни, профессионал билимни, энг муҳими, ўз касбига бўлган фидойиликни талаб этади. Бу асосан кутубхоначи кадрлар тайёрлаш жараёнида шаклланади. Шу сабабли ҳам кутубхоначи
кадрларга бўлган талабни кучайтириш, таълим сифатини ошириш зарур. Бундан ташқари, кутубхоналарда барча ёшдаги китобхонларга мос келувчи адабиётлар билан фондни бойитиб бориш, ахборот ресурслари фондларини шакллантириш, сақлаш ва уни фойдаланишга тақдим этиш. Кутубхоналарнинг моддий захирасини мустаҳкамлаш. Кутубхоналарни компьютер, моддий техника билан таъминлаш, сифатли интернет хизматларидан фойдаланишни йўлга қўйиш. Кутубхоналар китоб фондини тўлдириш учун нашриётларда чоп этилаётган барча нашрлардан мажбурий нусха ажратиш. Ҳомий ташкилот ва муассасалар билан ҳамкорликда маънавий-маърифий тадбирлар, ижодий кечалар, болалар китоблари тақдимотларини ташкил этиш. Кенг омма ўртасида, хусусан, ўқувчилар ўртасида кутубхоначилик билимлари тарғиботини кенг йўлга қўйиш. «Китобхон», «Зукко Болажон» каби интерактив ўйинлар ташкил қилиш. Болалар учун чоп этилаётган адабиётлар ҳақида тўлиқ маълумот олиш учун Давлат матбуот агентлиги билан шартнома тузиш каби салмоқли ишлар олиб бориш,
мавжудларини такомиллаштириш мақсадга мувофиқдир.

 

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

1. Қуронов М. Ўзбек умумтаълим мактабларида миллий тарбиянинг илмий-педагогик асослари: – Т., 1998.- Б.29

2. Kitob o‘qishning 21 ta foydasi Abodboy Qilichboyev http://pifagor10.zn.uz/yangiliklar/251-2/kitob-oqing/

3. https://www.natlib.uz/bbs/content/1

4. Ғозиев Э. Психология./ Ёш даврлари психологияси: Ўқув қўлл. – Т.: Ўқитувчи, 1994.- 223 б.

5. SHS Web of Conferences 97, 01047 (2021)

6. Йўлдошев Э. Кутубхона ва ёш китобхон. – Т.: Ўзбекистон, 2003. – 298 Б.

7. Курочкина М. Методы развития творческих способностей младших школьников // Ж. Воспитание школьников. – М.: 2009.

8.http://marifat.uz/marifat/v_pomosh_uchitelu-marifat/kitob.htm