Автор статьи пишет о своем отце  Хабибулло Кадыри, его воспоминаниях о дедушке, первом романисте узбекской литературы Абдулле Кадыри. Свои знаменитые произведения «Минувшие дни», «Скорпион из алтаря» Абдулла Кадыри посвятил жизни ташкентских и кокандских узбеков в XIX веке. Абдулла Кадыри много читал и пропагандировал чтение своему народу, особенно он уделял внимание молодому поколению. У себя дома он выделил маленькую комнату для детей, как читальная комната, но в годы репрессий многие книги из его архива были просто уничтожены.

     Дадамиз Ҳабибулла Қодирий бобомиз ҳақида кўплаб хотиралар ёзганлар. Унда Абдулла Қодирийнинг китобга бўлган муносабати борасидаги хотиралар ҳам талайгина. Масалан, эслашларича, бедана, хўроз, ит уруштириб бекор юрган болаларнинг юришига ғаши келган дадалари кўчанинг бошидаги ўтинхонани таъмирлаб, кутубхона очиб берган эканлар. Маҳалла болалари тезда китоб ўқишни ўрганишган экан. У кутубхона икки йилча ишлаганига қарамай, у ерда ўқишни ўрганган болаларнинг кўпчилиги кейинчалик мактаб ва маориф идораларининг турли соҳаларида ишлаб кетишган экан.

«Бизнинг уйда нима бўлар эди? Қоғоз, қалам, китоблар...» – деб яна эслаб ўтадилар дадам. Бир куни Фитратнинг «Қиёмат» асарини ўқиб ўтирган эдим, дадам китобни қўлимдан олиб ундан бир неча сатр ўқидилар ва дедилар: «Буни қара, жумлалар қандай ихчам, пишиқ тузилган. Ундан бирор сўзни ололмайсан ҳам, қўшолмайсан ҳам. Менинг тузган жумлаларимга ҳам бирор сўз қўшиб кўрчи, ёки олиб, ўзгартириб кўрчи, қилолмайсан – дедилар бир турли фахрланиб, сўнг: – Бизда ҳали адабиёт жуда оз, ўқишга арзирлиси қўл билан санарли. Сен рус, форс, турк, араб тилларини ўрган, шунда битмас адабиёт хонасига кирасан, сендек чоғимда мен рус адабиётидан анча асар ўқиб чиққан эдим» – дедилар. Китобга бўлган ана шу муносабат кейин ҳам бизнинг оилада давом этиб келди ва давом этмоқда. Дадам баъзан кўчадан китоб олиб келсалар, қўлларидан олиб, албатта, биз ҳам ўқиб, фикр алмашар эдик. Китобларни жавонда тартиб билан териб қўяр эдик. Баъзан эса айрим китобларнинг устига матодан ғилоф тортиб тикиб қўйишни ойимга айтиб қўяр эдилар. Демак у китоб қадрлироқ.

Бир куни дадам Чорсу бозорига тушганимизда бозордан сўнг, «Турон» кутубхонасига олиб кирдилар. 1919 йилда ташкил этилган мазкур кутубхона ҳақида дадам қуйидаги гапларни айтиб ўтдилар: «Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтининг илмий ходими, марҳум Абдулла Носиров шундай ҳикоя қилиб берганди: «Мен 1920 – 1930 йиллар мобайнида «Турон» кутубхонасида мудир бўлиб ишлаганман. Бўш пайтларида Абдулла ака тез-тез келиб, мендан китоб олиб турардилар. Шу йўсин у киши билан танишиб қолгандим. Бир куни Абдулла ака келиб менга: Махсум, вақтингиз бўлса, китобимни кўчириб берсангиз, қўлёзмани олиб қолиб, кўчирмани нашриётга топширмоқчиман», – дея илтимос қилдилар. Мен мамнуният билан илтимосини қабул қилдим. «Ўтган кунлар» романини кўчириб бердим. Абдулла акадан олган қалам ҳаққига ўша вақтларда энди расм бўлган радио сотиб олганман...»

Афсуски, Абдулла Қодирий ва ўша пайтдаги барча маърифатпарварларга илм берган зиё маскани айрим амалдорлар томонидан бузиб ташланган ва кутубхонанинг ўзи шаҳар чеккасига кўчириб юборилган. Мен бу кутубхонадан ҳозир ҳам китоб олиб тураман.

Ўтган асрнинг 1928 йилидан бошлаб большевиклар ҳукумати жорий бўлган араб алифбосидан лотин алифбосига ўтишга қарор қилди. Нашриёт ва матбуот аста-секин лотин имлосига ўта бошлади. Араб ҳарфидаги китобларга таҳдид кучайтирилди. Айниқса, 1930 йилдан бошлаб бу маданий-маънавий бойликдан фойдаланиш, уларни сақлашни большевиклар оммавий тарзда таъқиқлай бошладилар. Қодирий бу каби фожиавий ҳолатни кўриб, китобларга жони ачийди. 1935 йилда дўстлари билан биргаликда «Эски китобларнинг савдосини қўлга олайлик» номли мақолани ёзди. Қуйида ушбу мақолани эътиборингизга ҳавола этамиз:

«Эски китобларнинг аҳамиятини сўзлаб ўтиришга ҳожат йўқ. Умуман, ҳамма маданий мерослар ичида энг катта ўрин туткан китоблар экани барчага белгилик.

Жумҳуриятимизнинг турли бурчакларида, ҳар кимларнинг қўлида бекиниб, ортиқча матоҳ бўлиб ётган китоблар жуда кўп. Булар эгасини тополмай чанг-тупроқ орасида кўмилиб ётади. Ҳолбуки, кундан-кунга сони ўсиб турган илмий ходимларимизга улар жуда керак. Ундан ташқари, савияси ўсиб, маданий даражаси кўтарилиб турган омма ҳам янги ва эски китобларга талабгор.

Иттифоқнинг бошқа қисмларида эски китоблар савдоси давлат муассасалари қўлига олинган. Булар қимматли асарлар тушганда илмий ташкилотлар, кутубхоналар ва музейларга топширилади. Шу билан бирга, оммавий талабгорни ҳам қондириб турадилар. Чунончи Москвада нуқул эски китоблар олиб сотилатурган ўнларча давлат магазинлари бор. Бизда ҳам эски китоблар бойлигини зўр эканлигига қарамай, бутун Ўзбекистонда лоақал бир киоска ҳам йўқ. Шунинг учун бу иш алла қандай саводсиз одамлар, тўғриси, чайқовчилар қўлида қолиб келмоқда.

Бизнинг фикримизча, «Ўзнашр» бу ишга айрим аҳамият бериб «саҳҳофлик» (букинист) дўконлар очмоғи ёки ўз катта магазинларида айрим бурчаклар ташкил қилмоғи керак. Эҳтимол, баъзи ўртоқлар: «Ўзнашр» янги китоблар савдосини қанчалик йўлга қўйган эдики, энди эски китоблар билан машғул бўлсин?» деб айтардилар.

Ҳеч бўлмаганда, «Ўзнашр» тажриба учун Тошкентнинг ўзидан бундай бир магазин очиши мумкин. Бунинг устига яна, албатта, бу масала аҳамиятли бўлгани учун, маориф комиссарлиги ҳам кўмаклашмай қолмаса керак. Айрим кутубхоналар ҳам бу ишга қизиққани учун бу ишга аралашиб турарлар. Демак, жамоат контроллиги ва ёрдами билан таъмин этилажакдир.

Бундай бир магазин очилганда қадимги босма ва ёзма асарларни таниш, уларни керакли кишилар ва муассасалар қўлига тўплаш мумкин бўлганидек, сўнгги вақтларда чиқиб тарқатилиб кетилган ва қайтадан босилмаган китобларни айирбошлаб туриш учун ҳам имконият ҳосил бўлади.

Бинобарин, маориф комиссарлиги ва «Ўзнашр»дан бу ишга эътибор қилиб «саххофлик» (букинист) магазинлари очиш тўғрисида чора кўрмакларини сўраймиз.

А. Қодирий, Чўлпон, Элбек, Н. Алимуҳамедов, С. Сиддиқ «Қизил Ўзбекистон» 1935 йил, 27 май.

Юқорида «Бизнинг уйда нима бўлар эди? Қоғоз, қалам, китоблар...» жумласини ёзиб ўтган эдик, шунинг давоми ўлароқ қуйидаги фикрларни билдирмоқчиман. «Биринчи тинтувда қолдирилган икки юздан ортиқ шарқ китоблари, сандиққа солиб қулфлаб қўйилган «Ўтган кунлар», «Меҳробдан чаён», романларининг ҳамда «Обид кетмон» қиссасининг араб ҳарфидаги – дадам дасхатидаги қўлёзмалари, «Муштум» журнали ва газета бўлимлари бор эди».

Афсуски, онгу шуурига фикр берган, қаламига илоҳий илҳом бахш этган, Абдулла Қодирий даражасига кўтарган бу китоблар ва қўлёзмалар ўтган давр тузумининг, зулмининг қўли билан оловга ташланган ва йўқ қилинган эди.