Annotation: This article outlines the stages of automation of the Scientific Medical Library of the Ministry of Health of the Republic of Uzbekistan. It provides a comprehensive overview of the automation of the State Scientific Medical Library after independence, the conditions and opportunities created for users, projects, and the library’s electronic databases. The achievements of the State Scientific Medical Library over the past two to three years deserve special attention. The article also discusses remote user services through electronic resources, the update of the library’s official website and its new features, automated services, and the conveniences created for users of the database, including medical professionals.
keywords: automated library, electronic catalog, healthcare, medical library, database, Internet, CD-ROM, DVD-ROM
Аннотация: Мазкур мақолада Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлигининг илмий-тиббиёт кутубхонасининг автоматлаштириш босқичлари келтириб ўтилган. Унда мустақилликдан кейин Давлат илмий-тиббиёт кутубхонасининг автоматлаштирилиши, фойдаланувчиларга яратилган шароит ва имкониятлар, лойиҳалар, кутубхонанинг электрон маълумотлар базалари ҳақида атрофлича маълумотлар келтирилган. Давлат илмий тиббиёт кутубхонасининг кейинги икки, уч йилликда эришаётган ютуқлари алоҳида диққатга сазавор. Фойдаланувчиларга электрон маълумотлар орқали масофадан хизмат кўрсатиш, кутубхона расмий веб-сайтининг янгиланиши ҳамда уларда қулайликлар, автоматлаштирилган ҳолатда хизмат кўрсатиш, маълумотлар базасидан фойдаланувчилар, қолаверса тиббиёт ходимлари учун яратилган қулайликлар ҳақида ҳам маълумотлар берилган.
Калит сўзлар: автоматлаштирилган кутубхона, электрон каталог, соғлиқни сақлаш, тиббиёт кутубхонаси, маълумотлар базаси, Интернет, СД-RОМ, DVD-RОМ
Аннотация: В данной статье представлены этапы автоматизации научно-медицинской библиотеки Министерства здравоохранения Республики Узбекистан после обретения независимости, условия и возможности, созданные для пользователей, проекты, электронные базы данных библиотеки. Особого внимания заслуживают достижения Государственной научной медицинской библиотеки за последние два-три года. Также была предоставлена информация о дистанционном обслуживании пользователей посредством электронных данных, обновлении официального веб-сайта библиотеки и его удобствах, автоматизированном обслуживании, удобствах, созданных для пользователей базы данных, а также для медицинских работников.
ключевые слова: автоматизированная библиотека, электронный каталог, здравоохранение, медицинская библиотека, база данных, Интернет, СD-ROM, DVD-ROM
Ўзбекистонда кутубхоналарни автоматлаштириш ишлари 1990 йилларнинг ўрталарида «Ахборотлаштириш» тўғрисидаги Қонун ва Миллий илмий-техник ахборотлар тармоғи яратиш бўйича дастур қабул қилиниши билан бошланди. Кутубхоналарни автоматлаштириш ишлари Ўзбекистон Республикаси Фан ва техника давлат қўмитаси ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим (ҳозирги Олий таълим, фан ва инновациялар) вазирлиги томонидан қўллаб қувватланди. Шундан сўнг электрон кутубхоналар ва кутубхона консорциумлари яратиш бўйича дастлабки қадамлар қўйилди. Фанлар академиясининг Фундаментал кутубхонасида биринчи электрон кутубхона ишга туширилди. Намунавий автоматлаштирилган кутубхона лойиҳаси Ўзбекистон Очиқ жамият институти кўмак жамғармасининг гранти асосида амалга оширилди.
Мазкур лойиҳадан кўзланган мақсад кутубхона фаолияти билан боғлиқ ахборотларни автоматлаштирилган ҳолда қайта ишлашнинг барча функцияларини намойиш этиш ва ўргатиш;
Кутубхоначиларни автоматлаштирилган кутубхонада ишлашга ўргатиш учун шароит яратишдан иборат эди.
Шу даврда йирик кутубхоналар elFL
Direct Project халқаро лойиҳаси бўйича Очиқ жамият институти кўмак жамғармаси орқали АҚШдаги EBSCO Publishing компаниясининг электрон маълумотлар базасини олди. Бу маълумотлар базасида 3500 дан ортиқ номдаги етакчи даврий нашрларнинг аннотацияли библиографияси ва тўла матнли материаллари мавжуд. EBSCO маълумотлар базасидан ташқари ахборотларни Интернет ва СD дисклардан қидириш имконини берувчи замонавий ахборот қидирув тизими elFL Directни ҳам тақдим қилади. Бу эса мутахассисларга фан, маданият, тиббиёт ва тижорат соҳасида жаҳонда эришилаётган ютуқлар ҳақидаги маълумотларни тезкорлик билан олишларига имконият яратади. 2001-йилда Ўзбекистондаги 84 та кутубхона EBSCO Publishing компаниясининг электрон маълумотлар базасига обуна бўлди.
Автоматлаштирилган кутубхона тизимилари ўз ичига қуйидаги автоматлаштирилган иш жойи (АИЖ)ни олади:
«Китобхон»нинг АИЖ
«Каталоглаштирувчи»нинг АИЖ
«Китоб берувчи»нинг АИЖ
Кутубхона фондини бутловчининг АИЖ
«Маъмур»нинг АИЖ [1]
Кутубхона жараёнларини автоматлаштиришни ўз ичига олган тизимлар ҳам амалиётда кенг тарқалмоқда.
Автоматлаштирилган кутубхона тизимларига мисол қилиб Россия давлат оммавий илмий-техника кутубхонаси томонидан ишлаб чиқилган «ИРБИС» (Интегрированная библиотечно-информационная система – Интеграллаштирилган кутубхона-ахборот тизими) тизимини келтириш мумкин.
Давлат илмий тиббиёт кутубхонаси ҳам бошқа йирик кутубхоналар қатори республикада биринчилардан бўлиб кутубхона иш жараёнларини автоматлаштиришга киришди. Кутубхонанинг маълумот-қидирув аппарати умумий ҳажми 7 миллиондан ортиқ карточка бўлган каталоглар (алифболи, тизимли ва мавзули) ва картотекалар тизимидан иборат бўлиб, бу китобхонларнинг зарур маълумотларни топиш имконини беради.
90-йилларнинг охирларида кутубхонада кутубхона ва ахборот жараёнларини автоматлаштириш бўйича тизимли ишлар олиб борилди. Автоматлаштирилган кутубхона тизимлари, хусусан, 5 та автоматлаштирилган иш ўрнини ўз ичига олган «IRBIS» кутубхоналарни автоматлаштириш дастури жорий этилди. Бу эса фондлар билан ишлаш ва китобхонларга хизмат кўрсатишнинг анъанавий технологияларини автоматлаштириш ва янгилаш имконини берди. Натижада кутубхонанинг маҳаллий компьютер тармоғи яратилди ва янада муваффақиятли иш фаолияти бошланди ҳамда электрон каталоглар яратиш, бошқа маълумотлар базалари билан ишлаш ва маълумотларни автоматлаштирилган тарзда излаш имконини берувчи дастурий-техник мажмуа ташкил этилди.
Кутубхона бюджетдан молиялаштириш билан бир қаторда турли хайрия жамғармаларидан молиявий ёрдам олиш имкониятларидан ҳам самарали фойдаланади.
2001 йилда Ўзбекистон Очиқ жамият
институти кўмак жамғармаси (Сорос жамғармаси)дан Ўзбекистон Республикаси тиббиёт ходимлари учун Интернетга уланиш орқали жаҳон ахборот ресурсларидан эркин фойдаланишни таъминлаш марказини ташкил этиш (EBSCO компаниясининг маълумотлар базаларидан фойдаланиш) учун грант олди. Марказнинг асосий вазифаси республика соғлиқни сақлаш тизимига Интернет ахборот технологияларини жорий этишдан иборат.
Олинган ускуналар ва жиҳозлар ҳамда кутубхонанинг турли бўлимларидаги 8 та компьютер (кейинчалик кутубхона ва унинг бўлимларидаги компьютерлар сони 25 тага етган)ни бирлаштирган ягона маҳаллий компьютер тармоғи тармоқнинг исталган компьютери орқали Интернетга кириш ва бошқа кутубхоналар билан маълумот алмашиш имконини берди. Бу эса ўз навбатида кутубхона-ахборот ресурсларини тўплаш ва тизимлаштириш, кутубхона Интернет-серверларидан фойдаланган ҳолда қидирув имкониятларини сезиларли даражада кенгайтириш имконини берди.
Кутубхона «Кутубхоналар учун электрон маълумотлар» (eLFL) лойиҳасининг иштирокчиси бўлиб, EBSCO компаниясининг мутлақо ноёб маълумотлар базасига эга (бу журналларга босма шаклда обуна бўлиш эквиваленти 3,5 миллион АҚШ долларини ташкил этади). Унинг асосий таркибий қисми Мedline маълумотлар базаси бўлиб, бу базага 80 та асосий биотиббиёт журналларининг тўлиқ матнлари киритилган бўлиб, кутубхона китобхонларига, тиббиёт ходимларига (талабадан тортиб тадқиқотчи, олимларгача) бу маълумотлар базаси билан ишлаш ва олинган ускуналардан фойдаланиш имкониятини яратди.
Фанлар академиясининг Фундаментал кутубхонаси томонидан ташкил этилган
курсларда кутубхона ходимларини компьютер саводхонлиги ва Интернетда навигация кўникмаларига ўқитиш (IREX ва Model кутубхонаси) кутубхона фойдаланувчиларининг сўровлари бўйича ахборот излашни янада юқори профессионал даражада амалга ошириш имконини берди ва уларнинг иш сифатига ижобий таъсир кўрсатди.
Фойдаланувчиларнинг сўровлари бўйича электрон тиббий маълумотларни танлаш хизматларини ташкил этиш анъанавий (қоғоз) манбалардаги бирламчи маълумот манбаларини тўлдириш имкониятлари чекланган шароитда, юқорида айтиб ўтилганидек, китобхонларга сўралаётган мавзулар бўйича маълумот манбаларининг электрон вариантларини тақдим этиш имконини берди, бу эса қидирув чегараларини сезиларли даражада кенгайтирди ва фойдаланувчиларнинг сўровларини вақт жиҳатидан, ҳам турли тилларда маълумот тақдим этиш бўйича тўлиқ қондириш имконини берди.
Ахборот олиш имкониятлари чекланмаган – бу Online режимида ишлаш (EBSCO компаниясининг маълумотлар базасига бепул кириш учун паролдан фойдаланиш), СD-RОМ ва DVD-RОМдаги маълумотлар базасидан фойдаланиш имконияти мавжуд. Масалан, Россия Давлат марказий илмий тиббиёт кутубхонасининг автоматлаштирилган маълумотлар базалари, «Россия тиббиёти (1988 – 1995 йиллар)», «Россия тиббиёти (1995–2000 йиллар)» шулар жумласидан.
1996 йил июнь ойидан бошлаб кутубхона Ўзбекистонда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ҳужжатлари маркази ҳисобланади ва Ўзбекистонда унинг материалларини кенг тарғиб қилмоқда. ЖССТ томонидан тиббиёт ва соғлиқни сақлашни ташкил этишнинг долзарб масалалари бўйича чоп этиладиган барча нашрларни қоғоз шаклида ва СD-RОMдаги мавзули маълумотлар базаларини олади: «Здоровье для всех», ҳар йили янгиланадиган статистик маълумотлар базаси, «Охрана воздуха и водоемов», «Rerroductive Healtx», йиллик нашрлар, шунингдек, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти кутубхонаси маълумотлар базасидан Оnline режимида фойдаланиш имкониятига эга.
Шу йилдан бошлаб кутубхона Европа тиббиёт кутубхоналари ассоциацияси аъзоси ҳисобланади ва 1998 йилдан бошлаб эса унга Ўзбекистондаги ЖССТ кутубхона-депозитарийси вазифалари юклатилган.
Кутубхона ҳузурида барча даражадаги тиббиёт ходимлари ҳамда тиббиёт ўқув юртлари ва муассасалари талабаларини ахборот билан таъминлашни амалга оширувчи ўқув-ресурс маркази фаолият кўрсатади.
2000 йилдан бошлаб янги келган адабиётларнинг мамлакатимиз ва хорижий адабиётлар, норматив ҳужжатлар, авторефератлар ва диссертациялар, Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикасининг барча даврий нашрлари мақолаларининг электрон каталоги IRBIS AATB базасида юритилади ва 200 мингдан ортиқ библиографик ёзувларни ўз ичига олади. Электрон каталог адабиётларни турли мезонлар бўйича қидириш имкониятини беради, сўров шаклига қараб алифбо, мавзу, тизимли ва мавзу каталогларига айланади.
2003 йилдан Ўзбекистоннинг энг йирик кутубхоналари (Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, Ўзбекистон Фанлар академияси Фундаментал кутубхонаси, Тошкент техника университети кутубхонаси ва бошқалар) саъй-ҳаракатлари билан яратилган Ўзбекистон очиқ жамияти кўмак жамғармаси (Сорос жамғармаси) гранти бўйича Ўзбекистон Республикаси кутубхоналарининг йиғма электрон каталогининг иштирокчисига айланди [2].
Ўзбекистон тиббиёт кутубхоналаридаги тиббий адабиётлар фондлари тўғрисида энг тўлиқ ва тезкор маълумот олиш учун зарур бўлган йиғма электрон каталогни (ЙЭК) яратиш муҳимдир.
ЙЭКни ташкил этиш учун йиғма каталогнинг тайёр рўйхатларидан фойдаланиш орқали электрон каталогларни яратиш харажатларни ва нашрларни каталоглаштиришнинг меҳнат сарфини сезиларли даражада камайтиради. Ўзбекистон Республикасининг тиббиёт соҳасидаги илмий салоҳияти тўғрисидаги маълумотлар базаларини самарали шакллантириш ва уларни тезкор тарқатиш, шунингдек, маҳаллий ва хорижий тиббиёт кутубхоналари ахборот фондлари ва ресурс-
лари билан самарали алмашиш имконини беради.
Кутубхона 2004 йил сентябрь ойидан
бошлаб «Марказий Осиёда тиббий ахборот ва дипломдан кейинги тиббий таълимни давом эттиришга кўмаклашиш» халқаро лойиҳасида иштирок этмоқда. Лойиҳанинг энг муҳим мақсадларидан бири Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишга ахборот ёрдами кўрсатишдан иборат бўлиб, Ўзбекистон тиббиёт кутубхоналари Россиянинг, яқин ва узоқ хориж мамлакатларининг энг йирик тиббиёт кутубхоналаридан интернет орқали олинган тиббиётнинг долзарб масалалари бўйича тезкор маълумотлар билан таъминланади.
Кутубхонанинг ушбу лойиҳада иштирок этиши тиббий маълумотлар алмашинувига ва Ўзбекистон шифокорларининг дипломдан кейинги таълимини давом эттиришга, шунингдек, Ўзбекистон тиббиёт ходимларининг хориждаги ҳамкасблари билан ҳар томонлама тажриба алмашишига кўмаклашади. [3]
«Ўрта Осиё республикаларида тиббиёт фани ва амалий соғлиқни сақлашни ривож-
лантиришга кўмаклашиш» дастури доирасида кутубхона ўрнатилган Grateful Med дастури соҳибига айланди ҳамда тиббиёт фани ва амалий соғлиқни сақлашни ахборот билан таъминлаш учун Medline тизими орқали АҚШ Миллий тиббиёт кутубхонаси (Вашингтон) маълумотлар базасига кириш имкониятига эга бўлди.
Кутубхона ахборот ресурсларининг муҳим таркибий қисми хорижий профессионал журналлардир.
Кутубхона ўқувчилари PubMed жаҳон тиббиёт даврий нашриёти маълумотлар базасидан кенг фойдаланадилар. PubMed - бу АҚШ Миллий соғлиқни сақлаш институти (National institutes of Health - NIH) таркибига кирувчи АҚШ Миллий тиббиёт кутубхонаси (National Library of medicine - NLM) нинг бўлинмаси бўлган Миллий биотехнологик маълумотлар марказида (National Centr for Biotechnology information - NCBI) ишлаб чиқилган қидирув тизимидир. Мавзу бўйича MEDLINE биология ва тиббиётга оид кенг кўламли соҳаларни ўз ичига олади: илмий тадқиқотлар ва уларнинг методологияси, клиник амалиёт, ҳамширалик иши, стоматология, фармакология, ветеринария, шунингдек, тегишли фанлар, хусусан, биология, зоология, ботаника ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишнинг тиббий жиҳатлари. PubMed даврий базаси маълумотларни ҳам рефератлар, ҳам тўлиқ матнли мақолалар кўринишида тақдим этади.
Кутубхонадаги маълумотлар базаси бўйича қидирувни амалга оширишда инглиз тилини мукаммал биладиган малакали мутахассислар ёрдам беради, бу эса сўралаётган мавзу бўйича аниқ, тўлиқ ва қимматли маълумотларни олиш имконини беради.
Китобхонлар учун очиқ (бепул) кириш имкониятига эга бўлган электрон журналлар ҳақидаги маълумотлар мавжуд.
E-Library базасида тиббиёт даврий нашрлари (116 ном) мавжуд бўлиб, уларнинг аксарияти очиқ фойдаланишдаги тўлиқ матнли ресурслардир. Бундан ташқари, «Library.ru» веб-платформасида Россиядаги энг йирик илмий ахборот нашриёти – «Наука» нашриёт марказининг 123 та журналининг тўлиқ матнлари жойлаштирилган.
2007 йил декабрь ойидан бошлаб Давлат илмий тиббиёт кутубхонаси Россия ва Белорусь тиббиёт кутубхоналари томонидан яратилган ва Интернетда эркин фойдаланиш учун жойлаштирилган «MedArt» тиббий даврий маълумотларнинг корпоратив йиғма электрон каталоги (ЙЭК) нинг тўлақонли аъзосига айланди. «MedArt» ЙЭК тиббиёт олимлари, амалий соғлиқни сақлаш шифокорлари ва тиббиёт олий ўқув юртлари талабаларига мўлжалланган тиббий илмий-таълим ресурсидир.
Ресурснинг хронологик қамрови 2000 йилдан бошланади. Ушбу илмий-маърифий манба 470 дан ортиқ тиббий журнал номларини ўз ичига олади. Журналлардаги мақолаларни акс эттирувчи библиографик ёзувлар сони 430 мингдан ошади. Ушбу база кўп қиррали қидирувни (муаллиф, рукнлар, калит сўзлар, манба, мақсадли йўналиш ва хронологик қамров бўйича қидирув), амалга ошириш имконини беради ва турли хил каталогларга айлантирилади. Шунингдек, турли форматдаги библиографик рўйхатлар кўринишидаги маълумотларни олиш имконини беради. Ресурсни янгилаш ҳар чоракда амалга оширилади. «MedArt» тиббий даврий нашрининг Йиғма электрон каталогида жойлаштирилган мақолаларнинг аксарияти аннотацияланган бўлиб, бу ўқувчига мақола билан танишишнинг биринчи босқичидаёқ унинг мазмуни билан танишиш имконини беради.
Кутубхона ходимлари 26 номдаги Россия ва Ўзбекистон тиббиёт журналларидаги мақолаларни таҳлил қилиш орқали тақсимланган каталоглаштириш жараёнига муносиб ҳисса қўшмоқдалар.
Бундай ижодий иттифоқнинг натижаси фондларни ўзаро бойитиш жараёни ва кутубхоналар ўқувчиларини кўплаб маълумотлар ва ҳужжатлар (масофадан туриб фойдаланиш орқали бирламчи манбалар) билан таъминлаш бўлиб, бу жаҳон тиббиёт жамоатчилигини Ўзбекистон тиббиёт олимларининг маҳаллий журналларда чоп этилган ишлари ҳақида хабардор қилиш, мамлакатимиз олимларини эса Россия ва Беларусда олиб борилаётган тадқиқотлар ҳақида маълумот олиш имконини берди. Ўзбек олимларининг асарларидан бундай хабардорликнинг ижобий натижаси шундаки, кўпинча олимларимизнинг илмий мақолалари кутубхоналараро абонемент орқали масофадан фойдаланиш орқали сўралади.
Тиббий илмий-амалий журналлар барча тоифадаги китобхонлар учун:
талабалар рефератлар, курс ва диплом ишларини тайёрлаш учун;
докторантлар ёки тадқиқотчилар томонидан диссертациялар билан ишлаш учун;
ўқитувчилар маърузаларни янгилаш, мақолаларини тайёрлаш учун;
шифокор-курсантлар сертификатлаш ишларини расмийлаштириш ва ҳоказо каби турли мақсадларда фойдаланади.
Даврий нашрлар фонди фойдаланиш самарадорлиги бўйича хизмат кўрсатиш тузилмасида биринчи ўринни эгаллайди (яъни, журналларнинг айланмаси, уларни тарқатиш ҳажми, абонентлар сони ва ташрифлар сони динамикаси).
Кутубхона ходимлари каталоглаштириш жараёнига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшиб, илмий тиббий журналлардаги мақолаларни таҳлилий рўйхатдан ўтказадилар, уларнинг аксарияти Ўзбекистонда нашр этиладиган тиббий журналлардир.
Тиббиёт ходимларининг турли касалликларни ташхислаш ва даволаш соҳасидаги энг сўнгги ютуқлари, энг янги усуллар ва янги дори-дармонларни қўллаш ҳақидаги махсус адабиётларга бўлган қизиқишининг ортиб бориши янги ахборот манбаларини излаш чегараларини доимий равишда кенгайтириб боришга мажбур қилмоқда.
2013 йил бошидан буён карточкалардаги кутубхона каталогини юритиш тўхтатилди, бироқ АҚШ Миллий тиббиёт кутубхонаси томонидан яратилган ва бутун дунё бўйлаб автоматлаштирилган кутубхона-ахборот тизимларида қўлланиладиган тиббий нуфузли фан рукнлари ресурси бўлган MeSN тезауруси (Medical Subject Headings) дан фойдаланган ҳолда Электрон каталог яратиш давом эттирилди.
Фойдаланувчилар китоблар, даврий нашрлар (журналлар), диссертациялар, диссертация авторефератлар, CD-ROMлар, хорижий китоблар. Маъруза ва шарҳлар каби маълумотлар базалари билан ишлаши мумкин. [4]
Кутубхона кейинги икки-уч йилликда кенгайтирилган фойдаланувчи хизматлари, жумладан, кутубхона веб-сайтини янгилаш ва электрон коллекция учун қидирув тизимини такомиллаштириш бўйича тизимли ишларни олиб бормоқда. Фойдаланувчилар учун ўқув дастурлари, жумладан, ахборот саводхонлиги ва электрон ресурслар курслари, масофавий маслаҳатлар ва ресурслардан фойдаланиш бўйича кўрсатмалар фонддан максимал даражада фойдаланиш имкониятини бермоқда.
Бундан ташқари, Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларида, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Давлат илмий тиббиёт кутубхонасининг кутубхона филиалларида жойларда конференциялар ўтказиш билан ахборот-кутубхона хизмати кўрсатиш ҳамда янги шакллари билан шуғулланувчи ходимларни энг кўп қамраб олиш учун маълумотлар жойлаштирилган. Мутахассислар фойдаланувчилар маълумотлардан масофадан туриб фойдаланишлари учун электрон маълумотлар базасини тиббий ахборот-кутубхона ресурслар билан кенгайтириш ва тўлдириш бўйича ишларни давом эттирмоқда. Турли ҳудудлардаги тиббиёт кутубхоналари (Эл.КАА) ўртасида китоб алмашиш бўйича янги дастур ишга туширилди. Бу фойдаланувчиларга адабиётларнинг кенгроқ танловидан фойдаланиш ва бошқа минтақалардаги ҳамкасблари билан маълумот алмашиш имконини берди. Кутубхона фойдаланувчиларга маълумот ва ресурслардан қулай фойдаланиш имконини яратиш мақсадида фаол иш олиб бормоқда. Сайтда (https://uzmedlib.uz) тиббиёт ва соғлиқни сақлашга оид янгиликлар, воқеалар ва мақолалар берилади. «Ўзбекистон шифокорлари» картотекаси юритилиб, мунтазам янгиланиб турилади, «Ўзбекистон шифокорлари – Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари» бўлими очилди. Тиббиёт кутубхонаси тиббиёт ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги маълумотлар ва билимлардан фойдаланишни таъминлайдиган асосий манбадир.
2023 йилда китоб ва журналлар каталогини самарали бошқариш, шунингдек, фойдаланувчиларга кутубхонадаги маълумотлардан қулайроқ фойдаланиш имконини берувчи янги технологиялар жорий қилинди. 2023 йил 14 мартдаги DGU 2023 2170-сонли V-5.10.3 Tesseract ахборот-кутубхона қидирув тизими Tesseract электрон дастурини рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома олди. Бунга китоб матнлари, тавсифлар, мета-ахборотлар, аудио ва видео контент киради. Тез ва самарали қидирувни таъминлаш учун барча маълумотлар индексланади.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Давлат илмий кутубхонасининг барча тоифадаги фойдаланувчиларига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатиш сифати яхшиланди ва керакли маълумотларни топиш вақти қисқарди. Ушбу натижалар шуни кўрсатадики, Tesseract тизимининг жорий этилиши тиббиёт кутубхонасининг қулайлиги ва самарадорлигини самарали оширди. Бу фойдаланувчиларнинг ахборотга бўлган эҳтиёжларини яхшироқ қондириш йўлидаги ижобий қадам бўлиб, пировардида Ўзбекистон тиббиёт ҳамжамиятида янада самарали тадқиқотлар ўтказишга ёрдам беради [5].
Давлат илмий тиббиёт кутубхонаси кейинги йилларда нафақат республикамизда, балки унинг чегараларидан ташқарида ҳам ўз фаолият доирасини кенгайтирди.
Бугунги кунда Виртуал кутубхона (кутубхона сайти https:uzmedlib.uz, 50000 га яқин электрон ресурсга эга бўлиб, кунига 2,5 мингга яқин фойдаланувчининг 1500 га яқин сўровини бажаради. 1300 га яқин электрон ҳужжатлар етказиб берилади. Бу фойдаланувчиларимиз сўровларини қондиришнинг 80 фоизини ташкил этади. Келгусида кутубхона ўзбек ва рус тилларида, шунингдек, хорижий тилларда электрон ресурсларни кўпайтириш орқали бу кўрсаткични 100 фоизга етказишни режалаштирмоқда.
Кутубхона фан ва амалиётнинг энг сўнгги ютуқларидан фойдаланишни ташкил этишда ходимлар олдида турган вазифаларни янада муваффақиятли амалга ошириш учун кўп ишларни амалга оширмоқда. Натижада фойдаланувчилар сонининг сезиларли даражада ошгани кутубхонанинг тиббиёт жамоатчилигида нуфузи тобора ортиб бормоқда.
Юқорида келтириб ўтилган ижобий ишларнинг амалга оширилишида кутубхона мутахассисларининг тинимсиз изланишлари, хорижий тажрибаларни ўрганиб, амалиётга жорий қилиши, фойдаланувчилар учун қулай шароит ва имкониятлар яратиши, МДҲ ва хорижий давлатларнинг тиббиёт кутубхоналари билан ҳар томонлама ҳамкорлик алоқалари ўрнатиши бугунги кундаги эришган катта ютуқларидир.
Давлат илмий-тиббиёт кутубхонаси кейинги йилларда ҳам янада юқори ишларни амалга оширишига ва фойдаланувчиларга, қолаверса тиббиёт соҳасининг ривожига катта ҳисса қўшишига ишонамиз ва кутубхонанинг фидоий ва жонкуяр ходимларига улкан зафарлар тилаймиз.
Фойдаланилган адабиётлар
1. Раҳматуллаев М., Умаров А., Каримов У., Муҳаммадиев А. Автоматлаштирилган кутубхона: Кутубхонашунослик ва ахборот тизимлари таълим йўналиши бўйича таҳсил олаётган талабалар учун ўқув қўлланма.- Тошкент : Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриёти, 2003.- Б. 12-13, 45.
2. Болкунова Ф. Деятельность Государственной научной медицинской библиотеки Министерства здравоохранения Республики Узбекистан и медицинских библиотек сети по библиотечно-библиографическому и информационному обслуживанию специалистов-медиков Республики Узбекистан.-Кутубхоналарнинг устуворлиги: 2003 йил Бетгерхонлиги давра суҳбати материаллари - Тошкент, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриёти, 2003.-Б. 67-75.
3. Болкунова Ф., Эргашева Л, Давлат илмий тиббиёт кутубхонасида тиббиётходимларига курсатилаётган ахборот-кутубхона хизматининг виртуаллашиши Fan, talim madaniyat va biznesda Internet va axborot -kytybxona resurslari: Central Asiya – 2014 Konferensiya materiallari toplami.- Toshkent : Alisher Navoiy nomidagi Ozbekiston Milliy kutubxonasi nashriyoti.- 2014.- B. 59-66.
4. Болкунова Ф. Роль периодических изданий информационно-библиотечного фонда ГНМБ в информационном обеспечении Фан, таълим маданият ва бизнесда Интернет ва ахборот-кутубхона ресурслари.-2013.- Б 442-444.
5. Эргашева Л. Опыт разработки и внедрения медицинской поисковой системы TESSERACT ГНМБ // Infolib ахборот-кутубхона журнали.- 2024.-№ 3.- Б. 70-73
