Annotation: The geography of sources that illuminate the late‑medieval history of Turkestan particularly that of the Uzbek khanates is not wide. Besides works produced within Turkestan itself, one may cite certain data found in texts written in Iran and in the Mughal state, the memoirs of Russian and English envoys and travelers, as well as various historical documents. In reality, however, the geographical spread of historical sources covering this period is considerably broader. The limited scope of sources can be explained, from the standpoint of source studies, by the fact that they have not yet been fully examined. For example, historical works composed in the Ottoman Empire or China, together with archival correspondence reflected in them, have not been thoroughly studied and widely employed in our scholarship. The same observation applies equally to historical sources of the Timurid‑Mughal, Safavid, Afsharid, and Qajar periods. One such source is the multi‑volume work «Tārīkh‑i Jevdet.» Up to the present day, the information contained in this work has not been drawn into Uzbek historiography. The article offers a translation of these data from Ottoman Turkish and provides their historical analysis.
Key words: «Tārīkh‑i Jevdet,» Aḥmad Jevdet Pasha, Amīr Shāhmurād, Manghit, Alemdar Meḥmed Saʿīd Agha, Ottoman Empire, Temur Shāh Durrani, ʿAbd al‑Ḥamīd I, Selim III, name-ras.
Аннотация: Туркистон кечки ўрта асрлари, хусусан, ўзбек хонликлари тарихини ёритувчи тадқиқотларнинг манбалар жуғрофияси кенг эмас. Уларга Туркистоннинг ўзида яратилган асарлардан ташқари, Эрон ва Бобурийлар давлатида ёзилган асарлардаги айрим маълумотлар, рус, инглиз каби элчи ва сайёҳларнинг эсдаликлари, шунингдек, тарихий ҳужжатларни мисол қилиш мумкин. Аслида эса бу давр тарихини ёритувчи тарихий манбаларнинг жуғрофияси анча кенгроқ. Тарихий манбалар кўламининг кенг эмаслигини ҳали манбашунослик жиҳатидан уларнинг тўлиқ ўрганилмаганлиги билан изоҳлаш мумкин. Мисол учун Усмонли ёки Хитойда ёзилган тарихий асарлар ва ўзаро ёзишмалар акс этган тарихий ҳужжатлар тарихчилигимизда тўлақонли ўрганилиб тадқиқотларда кенг жалб қилинган эмас. Аслида худди шу фикрни бобурий, сафавий, афшор, қожарлар даври тарихий манбаларига нисбатан ҳам қўлласак янглиш бўлмайди. Худди шундай манбалардан бири Усмонли давлати тарихига оид «Тарихи Жевдет» кўп жилдлик асари ҳисобланади. Ушбу асар ва ундаги маълумотлар бугунги кунимизгача ўзбек тарихчилиги тадқиқотларига тортилмаган. Мақолада манбадаги ушбу маълумотлар усмонли тилидан таржимаси, унинг тарихий таҳлили берилган.
Калит сўзлар: «Тарихи Жевдет», Аҳмад Жевдет пошшо, амир Шоҳмурод, манғит, Алемдар Меҳмет Саид оға, Усмонли давлати, Темуршоҳ дурроний, Абдулҳамид I, Салим III, номарас.
Аннотация: География источников, освещающих историю позднесредневекового Туркестана, в частности узбекских ханств, не отличается широтой. Помимо произведений, созданных в самом Туркестане, в качестве примеров можно привести отдельные сведения из сочинений, написанных в Иране и в империи Бабуридов, воспоминания русских и английских дипломатов и путешественников, а также исторические документы. На самом деле география исторических источников, освещающих этот период, гораздо обширнее. Ограниченность корпуса источников можно объяснить тем, что с точки зрения источниковедения они ещё полностью не изучены. К примеру, исторические труды, написанные в Османской империи или Китае, разоного рода переписки, до сих пор не были всесторонне исследованы и широко привлечены в работах. То же самое можно отметиь в отношении исторических источников эпохи Бабуридов, Сефевидов, Афшаров и Каджаров. Одним из таких источников является многотомный труд по истории Османской империи – «Тарих-и Джевдет». До наших дней сведения из этого произведения не привлекались в узбекскую историографию. В статье приведён перевод этих данных с османского языка и их исторический анализ.
Ключевые слова: «Тарих-и Джевдет», Ахмед Джевдет-паша, амир Шахмурад, мангиты, Алемдар Мехмед Саид-ага, Османская империя, Тимуршах Дуррани, Абдулхамид I, Селим III, наме-рас.
Тарихи Жевдет» Усмонли давлати1-нинг машҳур тарихий манбаларидан бири бўлиб, унинг тарихига оид муҳим манба ҳисобланади. Унинг қўлёзма ва тошбосма нусхалари Туркия Миллий кутубхонаси, Сулаймония (Туркия), Британия, Конгрес (АҚШ) каби дунёнинг машҳур кутубхоналарида сақланади. Асар муаллифи Аҳмад Жевдет пошшо (1822 – 1895) ҳуқуқшунос ва тарихчи. У бир вақтнинг ўзида бир неча муҳим давлат лавозимларида хизмат қилган ва илмий фаолияти билан танилган. Аҳмад Жевдет пошшо турк тарихчилигига замонавий ёндашувларни жорий қилган ва ўз асарларида тарихи воқеаларни таҳлил қилишда замонавий илмий усулларни қўллаган.
Асар усмонли тилида ёзилган бўлиб, « تاریخ دولت علیه » (Терихи девлети аълийе) деб номланади ва «Тарихи Жевдет» ўлароқ турк тарихчилигида машҳур. Даврий жиҳатдан асар Усмонли империясининг 1774 – 1826 йиллар оралиғидаги тарихини қамраб олади. Унда Усмонли давлати сиёсий, иқтисодий ва маданий тараққиётига оид муҳим воқеалар, шу жумладан, давлат ислоҳотлари, ҳарбий юришлар ва ташқи алоқалар таҳлил қилинган. Асарда Усмонли давлатининг Европа давлатлари билан муносабатлари, ички ислоҳотлари ва сиёсий ҳолати кенг ёритилган. «Тарихи Жевдет» 12 жилддан иборат бўлиб, ҳар бир жилд муайян бир тарихий даврни ўз ичига олади. Асарнинг 5 жилди XVIII аср Усмонли давлатининг ташқи сиёсати масалаларини ёритишга бағишланган. Ушбу жилд-нинг 3 боби манғитлар даври Бухоро хонлиги билан боғлиқ муносабатлар тарихига бағишланган.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, бу даврда Бухоро хонлиги XVIII аср 60 – 70 йилларда кучайган инқироздан чиқишни бошлаган, ҳудудлардаги исёнлар, уруғ бекларининг марказий ҳокимиятга бўйсунмаслик давридан ўтиб, қайта марказлашув, сиёсий ва иқтисодий тикланишни бошидан кечираётган эди. Дониёлбий оталиқ (1758 – 1785) бу масалада маълум бир ишларни амалга оширган бўлса-да, унинг даврида ташқи савдо алоқаларини ўрнатиш ва карвонларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун 92 уруғнинг беклари билан кенгашиш ва келишишга мажбур эди2. Давлат марказлашуви сиёсий ва иқтисодий соҳадаги тўлақонли ислоҳотлар амир Шоҳмурод (1785 – 1800) даврида бошланди3. «Тарихи Жевдет» асарида амир Шоҳмуроднинг ҳокимиятни қўлга олиши, ташқи алоқалар, хусусан, савдо муносабатларини ривожлантириш ва ҳудудларнинг сиёсий тарқоқлигига қарши олиб борган марказлаштириш ишларини олиб бораётган даврдаги хонликдаги вазият тўғрисида қимматли маълумотлар келтирилади.
Асардаги Бухоро хонлиги билан боғлиқ боблар қуйидагича номланган:
«Бухоро ҳокимининг номаси»4 ;
«Бухоро элчисининг тақрири (аризаси – О.З.)»;
«Бухородан авдат эдан номараснинг5 тақрири» (Бухородан қайтган хат келтирувчининг аризаси).
Кўриб турганимиздек муаллиф асарда уч тарихий ҳужжат: мактуб, ариза ва ҳисоботнинг матнини берган. Биринчи ҳужжат усмонли султони Салим III (1789 – 1807) га юборган элчиликка жавобан Бухородан юборилган элчи ва мактуб. Иккинчи ҳужжат Бухородан келган элчининг султонга ёзган аризаси. Усмонли ва Туркистон ҳукмдорлари ўртасида азалдан элчилик алоқалари йўлга қўйилган бўлса-да, асардаги ушбу ёзишма ва элчиликларнинг асосий сабаби Усмонлининг Россия билан бошлаган уруши эди.
1774 йили тузилган Усмонли ва Россия ўртасидаги Кучук Қайнаржа сулҳи натижасида йўқотилган ерларни қайтариш ва 1783 йили Россия томонидан Қрим ҳудудининг тўлиқ эгаллаб олиниши сабаб Усмонли давлати Россия билан урушга киришиш, бошқа ҳудудларни қўлдан бой бермаслик мақсадида мусулмон давлатларидан моддий ва маънавий ёрдам олиш ҳаракатига тушади6.
Айнан шу мақсадда 1786 йили элчи Алемдар Меҳмет Саид оға амир Шоҳмурод ҳузурига султон Абдулҳамид 1 (1774 – 1789) дан мактуб олиб келади. Асардаги учинчи ҳужжат шу элчининг ҳисобот матни ҳисобланади. Султоннинг хонга юборган мактубида русларнинг усмонли ҳудудларига ҳужум қилиб, уруш бошланганлигини билдиради. Амир Шоҳмуродга Дашти Қипчоқда яшовчи қозоқ ва қирғизлар орасида ташвиқот олиб бориб, русларга қарши ғазовот олиб бориш ишларини ташкил қилишни сўрайди7.
Асарда амир Шоҳмурод «Муҳаммад Маъсум»8 ва «Шоҳмуродбек» номлари билан тилга олинади. Тарихий воқеалар кечганига бир аср ўтган бўлса-да, манғит – усмонли ёзишмалар таржимасининг асарда келтирилиши муаллифнинг усмонли ҳужжатларидан фойдаланиш имконияти бўлганлигини кўрсатади. Чунки асарда келтирилган ҳужжатлар тўғрисидаги маълумот Усмонли архив жамғармаларида сақланиб қолган. Қизиғи архивдаги ҳужжатлар Бухородан юборилган мактубнинг усмонличага қисқа таржимаси бўлиб, Аҳмад Жевдет пошшо асарда унинг тўлиқ матнини келтиради. Ўзи амир Шоҳмурод даври тарихи тўғрисидаги миллий манбаларнинг кўлами ҳам кўп бўлмай ва улар одатда бир-бирининг маълумотини такрорлайди. Ушбу сабаблар «Тарихи Жевдет» манбавий аҳамиятининг ўта қийматли эканлигини кўрсатади.
Қуйида асардаги ушбу бобларнинг таржимасини келтирамиз:
Биринчи боб9
«Бухоро ҳокимининг номаси».
«Бухоро ҳокими Муҳаммад Маъсумхон тарафиндан элчиси Муҳаммад Бадиъ воситаси билан юборилган мактубининг таржимаси шаввол ойи 1203 йил (1789 йил)»
«Унвонлардан келтириб ўтилган сўнг, бундан олдинги 1202 (1787/88) йили юборилган подшоҳлик хатингизнинг келиши отамизнинг ўлими муносабати10 билан қайғуга чўмган вақтимизда юрагимизга куч бериб, хотиржамлигимизга сабаб бўлди. Шу каби бу сафар ҳам шоҳона хатинингизни олиб турганимизда Русия тоифасининг аҳдни бузишлари11 баён бўлди ва диёримиздаги олимлар, солиҳлар ва барча мусулмонларга диннинг нусрати учун дуо қилишларига фармон бердик12. Мулкимиздаги барча дуои хайр учун турдилар. Мавароуннаҳрда хусусан Русия ва Дашти Кабир (Дашти Қипчоқ – О.З.) орасида яшовчи қозоқ ва қирғиз ва бошқаларнинг кофирлар билан урушиш борасида юборилган олий кўрсатмага мувофиқ қабила ва элатларнинг хон ва бийларига элчиларимизни юбордим. Балки барчага фарз бўлган кофирларга қарши ушбу урушга Аллоҳ розилиги учун ўзим жонимни фидо қилмоқчиман. Аммо нима қилайки орзу қилинган барча ишлар ҳам дунёда амалга ошмай охиратга қолажак. Эшитган бўлсангиз керакки тўрт тарафимиздаги бизга бўйсунмаётган ва қарши чиқаётган ўзбек тоифалари бор бўлиб, улардан уч тўрт қабила бизга мухолифатдирлар. Уларнинг фитналарини бостириш билан бандлигимиз, бизга жиҳодга қўшилишимизга фурсат бермаяпти.
Юқоридаги номи келтирилган (қозоқ, қирғиз) тоифаларда эса интизом ва ўзаро алоқанинг бўлмагани сабаб, эҳтимол душман билан уришишлари ва уларнинг молларини талашларида бизнинг кўрсатмаларимизга амал қиладилар. Лекин бирор кишига дахл қилманг, бировнинг молини олманг ёки асир қилган кишингизни менга беринг десам бўйсунмайдилар. Начора қозоқ ва ўзбеклар ҳолати юқорида тушунтирганимдек, агар (сиздан) ёрдамингиз билан бизга мухолифат бўлган ўзбек уруғлари итоатимизга кирса шоҳона хизматларига жонимизни фидо қиламиз.
Яна шуни сизга билдирамизки, бу диёр аҳолиси ва тижоратчиларининг ва қозоқлар тоифасининг кўпгина олди-сотди ва бошқа муносабатлари Русия биландир. Ўртамизда ушбу кофир давлатга қарши уруш бошланса, келди кетди бутунлай тўхтаб барча муомалаларга тўсқинлик қилади. Агар давлати олий (Усмонли – О.З.) кофирлар билан расмий сулҳ қилишни хоҳласа узоқ ва яқиндаги барча ислом аҳли давлати олиянинг роҳати ва осойишталиги умидидалар. Қолган масалаларни Бадиъбекка оғзаки тушунтириши учун кўрсатма берилди»13.

Ушбу мактуб Усмонли ва Россиянинг ўзаро уруши арафасида ёзилган бўлиб, ундан амир Шоҳмуроднинг Усмонли давлати билан қардошлик ва дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш тарафдори эканлиги, шундай бўлса-да хонлик аҳолисининг иқтисодий манфаатларига зид равишда Россия билан урушга кира олмаслиги тўғрисидаги тушунтиришларини англаш мумкин. Бу даврда хонликнинг жанубий қисмларидаги дурроний афғон сулоласи ва Эрон билан муносабатлари ёмон бўлиб савдо алоқалари яхши ҳолатда эмас, туркистонлик савдогарларнинг асосий савдо бозорлари, даромад марказлари Россияда эди. Айнан шу даврда бухорлик савдогарларнинг Россия ҳудудида имтиёзли равишда қизғин савдо алоқалари олиб бормоқда эдилар. Амир Шоҳмурод туркистонликларнинг деҳқончилик, чорвачилик ва ҳунармандчилик маҳсулотларини сотиш, маҳсулот айирбошлашнинг маркази бўлган шимолдаги ушбу муҳим бозорни йўқотиш аҳоли иқтисодиёти учун қимматга тушишини яхши англар эди. Иккинчидан эса Россия билан уруш бошлаш амирнинг марказлашиш тадбирига ҳам салбий таъсир кўрсатиб, сиё-
сий оқибатларга ҳам йўл очарди. Шу сабабдан ҳам амир Шоҳмурод мактубида буни англатишга ҳаракат қилган. Мактубда ёзилмаган масалаларни элчи оғзаки тушунтириш дипломатия тарихида кўп учрайди, бунда ёзилса душман тараф қўлига тушиш хавфини олдини олиш каби мақсадларда жиддий ва муҳим бўлган масалаларни элчилар оғзаки тушунтиришган.
Яна бир муҳим ва қизиқ жиҳати Усмонли архивида сақланаётган ҳужжатга кўра элчи Муҳаммад Бадиъ юқоридаги мактубни Россия ерларидан хавфсиз ўтказиш мақсадида Қуръони Карим қўлёзмаси муқоваси ичига яшириб олиб ўтган. Султон Салимга тақдим қилинган мазкур ҳужжатда қуйидаги келтирилади:
«Подшоҳим! Шавкатли, кароматли, маҳобатли, қудратли, валинеъмат жанобим.
Ҳозирда Бухоро ҳокими бўлган Муҳаммад Маъсумхон томонидан бу гал элчиси Муҳаммад Бадиъ воситасида улуғ ҳукмдор даргоҳларига тақдим этиш учун келган бир дона форсча мактуб, ва шунингдек, садр-азам бандаларига йўлланган14 бир дона форсча мактуб таржима қилинганидан кейин улуғ тахт пойига тақдим этилади. Бундан аввал ҳам бу ҳужжатлар подшоҳлик ҳузурига билдирилган эди. Ҳозирги ҳолатда мазкур мактуб ва ёзилган хат таржима қилинган ҳолда уларнинг таржималари билан бирга олий даргоҳ ҳузурига тақдим этилмоқда. Олий ҳазратлар амр қилсалар, буюк ва раҳмли, ҳашаматли ва қудратли неъмат соҳибим бўлган султонимнинг буйруғи ва фармонидандир.
Мазкур мактубнинг элчиси асосан Мос-ква шаҳарлари орқали келган бўлиб, эҳтиёткорлик чораларини кўргани учун бир дона Мусҳафи Шариф (Қуръони Карим – О.З.) жилдининг бир тарафига бир мактубни, иккинчи тарафига эса иккинчи мактубни жойлаштириб, уни қоғоз ва чарм билан ўраб, шу тарзда олиб келган. Мусҳафи Шариф ҳам мактублар билан бирга олий ҳазратлар ҳузурига тақдим этилган бўлиб, амр этмоқ ва фармон бериш, бу иш юзасидан тасарруф қилиш ҳақ-ҳуқуқи султонимга тегишлидир»15.

Ушбу ҳужжат мактубларни етказишда хавфсизлик чораларини кўриш борасидаги ўзбек дипломатиясининг юқори тажрибасини, шунингдек, амир Шоҳмуроднинг ташқи дунёда кечаётган сиёсий вазиятдан хабардор эканлигини кўрсатади. Ўзбек хонликлари ва усмонли султонлари ўртасида турли хилдаги қўлёзма китоблар алмашиш анъанаси мавжуд бўлиб, ушбу анъана мактубларнинг ҳам хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилган деган хулоса ҳам қилиш мумкин.
Иккинчи боб
«Бухоро элчисининг тақрири».
«Олдин зикр қилинган Муҳаммад Бадиъбекнинг (султонга) аризаси. 29 шаввол, 1203 йил»
«Бу арз этувчи Бухородан чиққанига ўн етти16 ой ўтди. Маскав мамлакати ёпиқ бўлиб, ажам эли (Эрон) орқали тўғри йўллардан юрмасдан, кўп турли машаққатлар чекиб келдим. Мен чиқмасимдан 5 – 10 кун олдин номаи ҳумоюн келажак. Бухоро хони аҳолиси кўп бўлиб, унинг итоати остидаги ва Мас-кав билан чегарада яшовчи қирғизлар ва тоторлар ва қозоқ хонлари элчилар юбориб, мусулмонлар халифаси бўлган Оли Усмон подшоҳи ҳазратларининг Маскавли билан уруши борлигини билдирди. Кофирлар билан уруш ва жиҳод бутун ислом аҳлига фарз қилингандир. Ичингизда ҳар қанча Маскав тужжорлари бўлса, барчаси ҳайдаб чиқариб ундан кейин маскавликларнинг сотиб олишга бўлган эҳтиёжлари бўлган қўй, ипак ва бошқа молларни сотмайсиз ва савдо муносабатларини бутунлай тўхтатасиз ҳамда Маскав мамлакатига интиқом мақсадида талончилик юришлари (торож) қиласиз деб ташвиқот қилди. Қирғиз ва қозоқ тоифалари кўп бўлиб, барчалари ислом аҳли, ҳанафий мазҳабидан бўлганлари билан кофирлар мамлакати яқин бўлиб, бу тарафдан душман мулкини хароб қилиш имкониятига эгалар. Бироқ хоннинг уларни бу ишга мажбурлаши мумкин эмас ва улар бу ишда унга итоат этмайдилар. Масалан бу дафъа буюрилган каби мамлакат душманларига ҳужум қилиб ва молларини қўлга олиб, сулҳ тузганингиздан сўнг моллар ва асирлар қайтариб беришга келишилганди, бироқ бу сулҳни бажариб бўлмайди, чунки улар буни қайтариб бермайдилар. Давлати олия билан Маскав ўртасида сулҳ тузилса, талон-тарож туфайли етказилган зарарни қоплаб беришни маскавликлар биздан талаб қилишади ва бу ижроси мумкин бўлмаган ишдир.
Хон ҳазратлари (амир Шоҳмурод – О.З.) мени сизга оғзаки тушунтиришим учун юборди ва (усмонли ва рус ўртасида) сулҳ тузилганда (унда) Бухоро хони тенг кўрилиши шарт киритилишини илтимос қилди.
Сулҳ тузилгунга қадар эса бу ерда яшашга буюрилдим. Ҳозир у тарафлар (Бухоро) билан ёзишмалар олиб бориш керак бўлганда, хат етказиладиган муносиб йўл ва Бухоро хонига ушбу хатни етказиш учун ишбилармон бир элчи керак бўлади.
Ушбу элчи тўғри Бағдодга бориб, ўша тарафдан тижоратчилар жамоаси билан Эрон ичидан Бухоро ҳудудига кирсин. 20 – 25 кундан кейин мазкур хоннинг ҳукумати остида бўлган Дашти Кабир (Дашти Қипчоқ – О.З.)га етиб боради. Бу тарафдан (усмонли) кетганларга ажамлар уларга тўсқинлик қилмайди, аммо Бухоро тарафдан келганларга тўсқинлик қилишади. Мазкур хонга бу тарафнинг ҳолини билдирмак ва улар тарафдаги ҳолатини билиши учун ўзаро ёзишма йўлини топиш керак. Бу эса бизнинг гумонимизча Бағдод йўли орқали бўлмайди. Бу тарафдан Анапага бориб ундан Доғистонга кейин Темир қопига (Дербент – О.З.) сўнг Аштархон томонидан Бухорога хат юбориш ва яна Бухородан шу йўл билан хат йўллаш мумкин»17.
Ушбу ҳужжат Бухоро элчиси Муҳаммад Бадиъбек томонидан султонга қилган оғзаки мурожаатининг усмонли муншийси томонидан ёзиб олинган матнидир. Ушбу матн ҳозирда Усмонли архивида сақланувчи «Ҳумоюн дафтари»да қайд қилинган ва ҳужжат сарлавҳасида «Ҳозирги Бухоро хони бўлмиш Муҳаммад Маъсумхон жаноблари томонидан юборилган ва ҳозирда Дор ал-олия (султон саройи – О.З.) келиб жойлашган Муҳаммад Бадиъ бекнинг оғзаки мурожаатининг ёзиб олинган матни» – деб ёзилган18. Демак, усмонли султонига оғзаки тарзда қилинган мурожаатларни ҳам дафтарга қайд қилиш тартиби бўлган. Аҳмад Жавдет пошшо ҳам асарида шу дафтар қайдларидан фойдаланган.
Элчининг оғзаки хонликнинг иқтисодий ҳолати ва Россия билан алоқасини тушунтириш, урушда қатнашишда имкон йўқлигини тушунтиришга ҳаракат қилган. Хусусан, амир Шоҳмурод мактубидаги каби мазмунда Муҳаммад Бадиъбек руслар билан уруш тугаб, сулҳ тузилган тақдирда Туркистон, Дашти Қипчоқдаги қозоқ ва қирғизларнинг аҳволи оғирлашишга олиб келишини айтган. Ҳақиқатан ҳам Россия давлатининг ҳарбий қудрати кучли бўлиб, Қора денгиз ва Кавказ ҳудудларини эгаллаш учун юришлар қилмоқда эди. Табиийки Усмонли билан сулҳ тузилгач, Россия интиқом учун Туркистонга юриш қилган тақдирда нима бўлади деган савол манғит амирини ўйлантирарди.
Шу сабабдан ҳам элчининг мурожаатидаги алоҳида талаб қилинган шарт бу уруш тугаб сулҳ тузилган тақдирда, Бухоро хонлиги ва амир Шоҳмурод ҳокимиятининг сиёсий мақоми ва ўрнини тан олиш ва буни сулҳга киритиш масаласи эди. Шунингдек, бу вақтда Шоҳмурод хонликдаги сиёсий ҳокимиятни тўлиқ ўз измига олган эди. Чет давлатларининг хонликда кечаётган сиёсий вазиятдан батафсил хабари йўқ ва ушбу ҳокимият алмашинувига шубҳа билан қаралмоқда эди. Буни қуйидаги усмонли элчиси Алемдар
пошшонинг ҳисоботида ҳам кўриш мумкин. Сулҳ шартномасига киритиладиган ушбу шарт эса бунинг гарови эди.
Элчи мурожаатидаги кейинги масалалар Усмонли давлатида қолиши, яшаш ва бошқа эҳтиёжлар билан боғлиқ. Одатда Туркистондан келган элчилар маълум бир меҳмонхоналарга жойлаштирилиб, уларга кунлик нафақа ҳам таъйин қилинган. Элчи сулҳ тузилгунга қадар Истанбулда қолишини билдириш орқали шуни назарда тутган. Шунингдек, Усмонли ва Туркистонда янгиликлардан тез хабардор бўлиб туришлик учун ахборот алмашинуви йўллари бўйича таклифларини берган. Асардаги маълумотларнинг таҳлили ахборот алмашинувининг қанчалик аҳамиятга эга эканлигини кўрсатади. Ушбу масалаларни қуйида усмонли элчисининг султонга ёзган ҳисоботида кўришимиз мумкин.
Учинчи боб
«Бухородан авдат эдан номараснинг тақрири».
Сурати тақрир номараси Бухоро.
(1786 йили Бухорога йўлланган элчи Алемдар Меҳмет Саид оғанинг ҳисоботи)
Вақтики шерикларим қулағузлар (йўл кўрсатувчилар – О.З.) билан тижоратчилар гуруҳида йўлга чиқишга жасорат қилмаганлари учун Ван орқали боришга қарор қилинди. Озарбайжон ерлари охирида қизилбош мамлакатига19 қарашли Миёна20 номли ерга 15 қўноқда борилди. Тижоратчи эмаслигимиз билиниб, жосусликда айблай бошладилар, беихтиёр номарас эканлигимизни билдирдик, улар ўзаро маслаҳатлашиб Бухорога қараб йўлимизни очдилар. Миёнадан қўзғалиб Исфаҳонга тобе Қийлоннинг Тав номли мавзеи ва ундан икки манзил Саржам номли мавзега ва ундан уч манзилдан кейин Зенгон ва етти ярим манзилдан сўнг Султон қалъаси ва икки манзилдан сўнг Ланкардуз ва уч манзил Ерлу ва ундан йигирма тўрт манзил кейин Исфаҳонга тобе Кошон номли катта шаҳарга борилди. Юқоридаги ерларнинг аксарияти ҳароб эди, Кошонда 18 кун турдик кейин ҳинду афғон шоҳи Темуршоҳ21 ўлкасига кирдик. Чўлдан кечиш учун отларимизнинг туяларга алмаштирдик. 51 кун чўлдан юриб Безд номли шаҳарда 7 кун турилиб, яна 50 кун қумликдан кетилди. Ниҳоят Ҳирот номли катта шаҳарга борилди. Бу шаҳарда шиа билан сунний аралаш бўлиб, қадимий ёдгорлик бинолар кўп эди. Уни Темуршоҳнинг ўғли бошқарарди. 24 кун туриб туяларни отларга алмаштирдик. 15 манзилда Торумчи қасабасига саккизинчи манзилда Ёвсага ва 14 да Қавчага борилди. У ерда Темуршоҳнинг вазири Ҳиббатуллоҳ хон ҳоким эди, 7 кун у ерда туриб ва яна 7 кун чўл кечилиб Сайҳун22 дарёси бўйидаги Карки номлик шаҳарга борилди. Бухоро хони билан Темуршоҳ жиддий хусуматлари бор экан. Карки хони Тўхтабой бизни меҳмон қилиб, рофизийлар23 ичидан соғ келганимизга ажабланди. Келганимиз тўғрисида Бухорога хабар юборилди. Кун чиқиши билан йўлга тушиб Бухорога икки соатлик йўл Жаҳон обод номли маҳаллага тушдик, уни Шайх ал-олам24 дерлар. Бир мўътабар зиёратгоҳлари бордир. Бу аснода меҳмондорчилик бошланиб зиёфат берилди. Бухоро шоҳи саййид Муҳаммад Ғозихон25, вазири Шоҳмуроднинг ҳибсида экан, исён кўтариб хонни ҳибсга ташлабди. Подшоҳ Чингиз наслидан эди, Шоҳмурод манғит деб аталувчи наслдан яъни шоҳ бўла олмасди. Чингиз наслидан қиз олиб, бир авлоди бўлиши билан ғози хонни бир баҳона билан қатл этиб ўз ўғлини шоҳ қилиш истарди. Атрофдагилар бу хусусда безовта бўлиб, лекин истилоси битмагани учун хавфсираб, доим тилда Шоҳмуроднинг йўқолошини истайдилар. Шундай қилиб Жаҳонободда эшик оғаси26, туғчи боши27 ва девонбеги28 бизнинг келиш сабабимизни сўрадилар. Мактубимиз борлигини ва масаламиз нима эканлигини хабар бердик. Совға келтирдингизми? – деб сўрадилар. Биз бу қадар масофадан диний бир ишда маслаҳатлашиш учун жонимизни зўрға келтирдик. Ислом подшосига хизмат қилишда қусур қилмайдиган давлати олиянинг қуллари бордирки етарлича совға ва эҳсонлар берадилар дедик. Жавобимизни Шоҳмуродга билдирибдилар ва девонбеги бизнинг давлати олиядан мусофир эканлигимизга ишонч ҳосил қилгандан сўнг уламолар ва нақиб ал-ашрофлари келиб бизни шоҳ саройига олиб кетдилар. Учинчи дарвозадан ўтиб, ўзи (Шоҳмурод – О.З.) ўтирган арзхонасига келдик. Номаи ҳумоюнни29 бошим баробарида кўтариб салом бериб кирдим. Барча салом берди, Шоҳмурод пешвоз чиқиб олдин номани (мактуб) олмоқ истади. Мен мактубни 3 марта ўпиб унга бердим, у ҳам ўпиб девон муншийсига берди. Мунший мактуб ғилофини олиб қўйди, сўнг ўтирдик. Эшикдан чиқаётганимизда савол берди. Биз бир йил Ванда яшаб сўнг 8 ой йўл кечдик дедик. Маскав билан жанг ҳақида сўради. Маскав келишишни рад қилгани хабарини бердим. Сафар чоғимда (уларнинг) Маскав билан савдо-сотиқлари бўлиб уни бузиш ниятилари йўқлиги тўғрисидаги хабарни олгандим, унга кўра жавоб бердим. Кейин қўналғамизга келдик, орада зиёфат бердилар. Бошлиқлари дарвешона (амир Шоҳмуроднинг камтарлиги назарада тутилмоқда – О.З.) уламоси эса ҳашаматли кўринишда эди. Подшоҳ олампаноҳ ҳазратларини дуои хайр қилдилар. Бир куни девон бизни чақирди ва номаи ҳумоюнни жавоби ўлароқ: бизлар бир дарвешлар каби дуо қила оламиз, Маскав каби қувватли давлат билан тўп ва жабҳахонасиз тенг кураша олмаймиз, аввало, ўғлимга хонлик берилсин, хазинадан эҳсон олиниб Маскав чегарасида бўлган Сир қалъаси номли хароба қалъамиз таъмирга муҳтождир (таъмирлайлик). Бошқа томондан эса ҳозир аскаримиз жуда тушкун деб, ўз узрини билдирди. Биз яна юқори даражадаги жавоблар бериб, давлати олиянинг мақсади жиҳод ва ғазот эканлигини, агар мумкин бўлса булар ўз кучларини ислом хизматига сарф қилиб, бу тарфдан дин душманига ҳужум этасизлар, бу сизларга фарздир дедик. Барчалари келишиб агарчи бундай экан, лекин бизнинг асл душманимиз Ажам ва рофизийлардир (Эрон ва шиалар – О.З.), уларнинг устига юриш қиламиз деб, сен шу ишга фотиҳа бер дедилар. Яъни уларнинг қоидаларига кўра изн сўрадилар. Биз яна подшоҳнинг ҳозир душмани Маскавдир, Ажам билан бизнинг келишмовчилигимиз йўқдир дедик. Кенгашиб бир неча кун ўтгандан сўнг, ўн мингдан ортиқ аскар билан Шоҳмурод қўзғалиб Марвдан Машҳадгача юриш қилиш учун кетдилар. Тўла сандиқ, асир ва ғаниматлар билан қайтдилар. Марв шаҳри афғон мамлакатининг шоҳи Темуршоҳнинг мулк экан, аламзада бўлиб буларга элчисини юборди. Бу иш оқибатида катта тана ва хавфлар бўлишини билиб, биз бу ишни ўзимизча қилмадик, Усмонли подшосининг буйруғи билан юриш қилдик, махсус элчиси келди, Бухоро ҳожиларига Ажам ичидан йўл очиш мақсадида буюрилди деб янглиш жавоб хати юбордилар. Биз бу ишдан кейинчалик хабар топиб, Темуршоҳ ҳузурига борганимизда қаттиқ хайратга тушдик. У Марв ва Машҳад тарафларга қўриқчилар йўллаб, Бухорога юриш учун қўшин тўплашни бошлабди. Пешин бўлиб бизни чақирганларида қирғиз ва қозоқ қабилаларига хатлар тайёр, Маскав тарафга ҳужумга йўлланадилар, лекин сен энди Ажам тарафдан кета олмайсан, Доғистон йўли Маскав сабабидан ёпиқдир. Шундай экан сен энди Кобул шаҳрига Темуршоҳга бориб, ундан Қандаҳор сўнг Форс денгизидан Маскатга ва Басрага боришга мажбурсан дедилар. Истаклари энди ўртани ислоҳ қилиш учун бизни Темуршоҳ олдига юбориш эди. Биз яна менинг Ҳинд диёрида нима ишим бор, бу бўйича алоҳида мактубим ҳам йўқ, расмий мактубсиз подшоҳ одига бориш натижа бериши мумкин эмас дедик. Барча бир сўз билан қатъий равишда юқоридаги йўл билан боришга мажбурлигимни таъкидладилар. Темуршоҳдан хавфсираганлари учун сен бизнинг қўлга киритган мол ва асирлар қайтариб этиб берсанг розимиз дедилар. Давлати олиянинг икки элчиси ва Темуршоҳнинг икки элчисини сафарга тайёрладилар, биз мажбур бўлганимиз учун розилик билдирдик.
Бухородан чиқиб 12 кунда Бухорога тобе Балхга борилди. 3 кун зиёфат қилдилар. Сўнг 2 ой йўл юрилиб Темуршоҳнинг пойтахти Кобулга борилди. Бунинг ўлкаси обод бўлиб, ярми сунний, ярми харрорий номли тоифа экан. Ҳазрат Алига худо деб сиғинишар экан. Меҳмондор бизни кутиб олиб 3 кун зиёфат қилдилар. Биз Шоҳмуроднинг кўрсатмаси билан келганимизни ва Бухорога қандай иш билан борганимизни билдирдик. Вазир таажжуб қилиб: подшоҳи олам афандимиз бутун аҳли қибла оламини бирлаштиргувчидир, Бухоро халқи каби дарвешона гуруҳга у кишининг нима эҳтиёжлари тушдики, уларни иш таклиф қилдингизлар деди. Биз уларнинг истаклари фақат Ажам ерларига юриш қилиш эканлиги, бу тўғрисида эса биздан ҳеч қандай мактуб ёзилмаганлигини тушунтирдик. Мактубингиз Бухорода кимнинг номига ёзилган эди. Мактубингизнинг кимнинг номига эди деб сўрадилар, Ғозихонга эди дедик, Пошшоҳмуроднинг исми сизларда ёд этиладими деди, биз кимса билмайди дедик. Бу гапдан хурсанд бўлиб, шоҳнинг (Абулғозихон – О.З.) ҳибсдалигини билиб афсусландилар. Эртаси мени ёлғиз Темуршоҳ ҳазратларининг ҳузурига этдилар, туриб ўтириш ҳар бир иши подшоҳона эди. Вазири нима савол берган бўлса, жавоб бердик. Қиблаи олам афандимизнинг биз дуочиларимиз деб, подшоҳимизни тилга олганда таъзим қилдилар. У кишига (султонга – О.З.) фахр билан хизмат қилиб ўз дўстлигини кўрсатмоқчиликларини билдирдилар. Бухородан ёрдам сўралганига таассуф этиб, улар бир тўда бош оёқсиз тоифа дедилар. Ёши етмишдан ўтган узун бўйли шаҳло кўзли жилмайган, виқорли подшоҳ (Темуршоҳ) эди. Унинг қирқдан ортиқ ўғиллари бор бўлиб, бири афғон тахтгоҳи Қандаҳорда, бири Ҳиротда ва ўзи Кобулда Ҳинд ўлкасининг уч шоҳликдан бирини забт этиб, бир бўлагида ҳукм суради. Вақтини кўп ҳарбий таълим ва тайёргарлик билан ўтказиб, кеча-кундуз энг муҳим ишлари ҳарбий машқларни бажариш эди. Ҳарбий машқлари фаранг машқлари каби бўлиб, 1 тадан 10 тагача, 100 минг, 200 минга етгунча зобитлик бўлиб, 200 минг аскар битта бирлик ҳисобланади. Юқоридаги таълим машқлар натижасида бир қанча душманлари устидан ғалаба қилиб, Ҳинд ва Эронни қўлга олганлар. Ўзи (Темуршоҳ) сунний, ҳанафий мазҳабида, ўзи, ўғиллари ва вазири аъзами Нурмуҳаммадхон вақтларини қўшин тартиби ва таълимига сарфлаб, уруш пайтида керакли турли қурол-аслаҳалар ва тезотар тўпларни важабахонага элтиб қўйиб, машқда енгил қуроллардан фойдаланадилар. Муҳандисларга алоҳида эътибор бериб, таъминот белгилаганлар. Темуршоҳнинг ўзи мендан давлати олиянинг барча тушумлари, ўлкалари, одатлари тўғрисида сўради. Мен ёнимдаги жизя варағини кўрсатдим. Олиб кўрдилар унинг қанча миқдорда эканлигини сўрадилар. Жизя варақларининг ўзи 100 туяга юк бўлади дедим. Кейин девоннинг бошлиғи тўрт элчи билан бизни ўзига таклиф этди. Борганимизда яна кўп савол жавоблар бўлди. Сайид Ғозихоннинг ҳибсда сақланганига таассуф қилиб, Шоҳмуродга нисбатан қаҳр ғазабларини билдирдилар. Иншаллоҳ, мен унга подшоҳни ҳибс қилишнинг қандайлигини кўрсатаман деди. Сўнгра бизнинг остонага (Бухорога) юбориш хусусидаги мактубларни ўқидилар ва унда Ажамга юриш қилиш тўғрисида ҳеч нарса ёзилмаганини кўрдилар. Мен Шоҳмуроднинг элчиларига эшик ёпувчи эмасман, қиблаи олам подшоҳи ислом афандимизнинг чопарларини ҳар тарафга йўлладилар, барча мамлакатларга, лекин сизнинг юртингизга йўл йўқдир деб билдик дедим. Бухоро элчиларини тўртасини бирданига қамадилар, беш ой тутқунликда сақладилар. Бизга тўлиқ таъминот берилди, кейин бизга номаи ҳумоюн (Темуршоҳнинг мактуби) бериб Қандаҳорга ўғли Ҳумоюн шоҳ ҳузурига жўнатдилар.
Кундузи вақти шоҳнинг ўзи кўп лашкар билан Бухоро томонга юриш қилди ва элчиларни илгарироқ хабар беришлари учун Бухорога жўнатди. 35 кун йўл юриб Қандаҳорга келдик, 1 ой у ерда ушладилар. Шоҳнинг Қундуз вилоятини олгани хабари келди. Неча кун ўтиб Балхга бориб Бухоро қўшинига қарши келганда енгиб Шоҳмуродни тутиб қатл қилиб, сайид Ғози Муҳаммадхонни қайта тахтга ўтказиб, Шоҳмуродни вазир қилиб, ўғилларини ва Бухоро уламосидан баъзини гаровга олиб ва мамлакатимизнинг олиб кетилган асирларини қайтардилар деган (афғонларнинг) хушхабарлари келди. 3 кун кечқуруни билан байрам қилдилар. Сўнг бизнинг одамлар қўшилиб Форс денгизига келиб, кемалар билан бешинчи кун Яман ҳудудидан Маскат бандаргоҳига чиқдик. Мутра деган шаҳарда ўша куни кучли шамол бўлгани сабаб катта кеманинг чўкканини кўрдик. Кўпчилиги инглиз ва бошқа фаранглар эди. Кўп мол талофат кўрди. Ушбу соҳилда денгиз подшоҳининг кучи кўп бўлиб франсиялик ва инглизлик иттифоқи билан катта урушга киришганлар, бизга эса Маскатдан Басрага келиб ундан Бағдод сўнг давлати олияга келиш насиб бўлди»30.
Аҳмад пошшо асарда элчи Алемдар оғанинг юқоридаги ҳисоботини биринчи бўлиб келтириш, хронологик жиҳатдан тўғри бўларди. Чунки амир Шоҳмуроднинг мактуби ҳам, элчи Муҳаммад Бадиънинг оғзаки хабари ҳам усмонли элчисининг Бухорога сафари натижасидаги жавоб эди. Бироқ кейинги даврда яшаб барча ҳужжатлар билан танишган Аҳмад пошшо олдин Бухоро томонининг жавоби орқали асл вазиятни кўрсатиб беришни истаган. Сабаби элчи Алемдар оға ҳисоботида баъзи ёлғон ва Бухоро хонлиги шаънига нисбатан салбий маълумотлар бор. Ҳисоботда усмонли элчисининг афғон ҳукмдори Темуршоҳ дурронийнг ахборот таъсири тушиб қолганини кўриш мумкин. Давлатлардаги сиёсий вазиятни, ўзаро алоқалар ҳолатини ва бошқа маълумотларни ўз манфаати йўлида талқин қилиш ёки улар тўғрисида ёлғон хабарлар тарқатиш каби ҳолатлар XVIII асрда ҳам ахборот урушининг қизғин кечганини кўрсатади. Бу борада Муҳаммад Бадиъбекнинг ҳам султонга оғзаки мурожаатида ўзаро ишончли ахборот алмашинувини йўлга қўйиш таклифи тўрисидаги масалани алоҳида тилга олгани ҳам бежизга эмас.
1758 йили биринчи манғит ҳукмдори Муҳаммад Раҳимхон (1756 – 1758) вафотидан сўнг, амакиси Дониёлбий оталиқ аштархонийлардан ҳисообланган чингизий Абулғозихонни расмият учун тахтга ўтказиб, давлатни унинг номидан ўзи бошқаради31. Танга зарб қилиш, ички бошқарувдаги фармонлар, чет эл ҳукмдорларига юбориладиган мактублар барчаси Абулғозихон номидан чиққан. Шу сабабдан ҳам давлатнинг ички ҳолатидан хабари бўлмаган усмонийларда Абулғозихон ҳақиқий ҳукмдор сифатида кўрилган. Амир Шоҳмурод ҳокимият тепасига келгач эса, кўпгина чингизий одатларини бекор қилиб, бошқарувни бевосита ўз қўлига олади. Амир Шоҳмурод даврида Абулғози аркдаги ўз уйида «уй қамоғида» яшаган, унга маош тайин қилинган. Амир Ҳайдар (1800 – 1826) даврига келиб у ўз уйидан ҳам ажраб, шаҳар ташқарисига чиқиб кетиб, 6 ойдан сўнг ўлади32. Яъни элчининг ҳисоботида келтирилганидек, сохта хон зиндонда сақланмаган.
Амир Шоҳмуроднинг Марвга юриш масаласида ҳам афғонлар элчига ёлғон маълумот берадилар. Амир ҳақиқатан ҳам ғаниматлар учун Хуросон ерларига бир неча юришларни амалга оширган. Шу жумладан, Марвни эгаллаб, Машҳадгача борган. Бу шаҳарлар эса бу даврда афғон дурронийларга эмас Эроннинг ўзидаги ҳукмрон доиралар томонидан бошқариларди. Масалан, Марвда Байрамалихон қожор ҳоким эди33. Машҳад эса афшорларнинг сўнги вакили Шоҳрухшоҳ томонидан бошқариларди.
Афғонларнинг Темуршоҳнинг ғалабаси тўғрисидаги маълумотлари ҳам яна бир ахборот ўйини эди. Усмонли элчисини Қандаҳорда бир ой сақлаб туриб, унга ёлғон маълумотларни бериб кейин мамлакатдан чиқарадилар. Бу Усмонли султони олдида Темуршоҳнинг обрўсини ошириши, минтақада дурронийларнинг асосий сиёсий куч эканлигини кўрсатиш мақсадида уюштирилган. Буни элчи ушбу маълумотни Истанбулгача олиб боргани, уни ҳисоботига киритганида ҳам кўрсататди. Дурронийларнинг яна бир мақсади амир Шоҳмурод мавқеини султон олдида тушириш эди. Чунки Шоҳмурод Туркистонда дурронийларга қарши кураша оладиган ягона куч сифатида майдонга келган эди. Шу сабабдан ҳам дурронийлар унга нисабатан курашда ушбу кўриб турганимиз ҳисоботдаги ахборот урушини ҳам қўллашди. Унда ҳатто Шоҳмуроднинг ўлдирилгани ҳам келтирилади. Аслида эса Ақча шаҳри ёнидаги Темуршоҳ ва Шоҳмурод қўшинларининг урушидан сўнг, келишув сулҳи тузилади. Унга кўра Балхнинг ғарбий қисми, Ақча шаҳри – амир Шоҳмуроднинг, Балх шаҳри – Темуршоҳнинг, Маймана, Шибирғон, Сарипул, Сонжорик, Андхўй каби шаҳаралар эса ўзбек уруғбошилари назоратига ўтади. Ушбу шаҳарларнинг ҳокимлари икки ҳукмдорга ҳам совғалар юбориб ўз итоаткорликларини изҳор қиладилар34.
Шундай бўлса-да, Алемдар оғанинг ҳисоботида тўғри ва муҳим бўлган маълумотлар кўп. Шундай маълумотлар қаторида элчиларни қабул қилишга оид ўзбек дипломатияси анъаналарини ҳам кўриш мумкин. Унда элчини қабул қилиб олган мансаблар, зиёфат, ҳукмдор қабули, мактуб тақдим қилиш тартиби каби масалалари батафсил ёритилган.
Хулоса қилиб, «Тарихи Жевдет» асари XVIII асрдаги дунёда кечаётган сиёсий вазият, унда Туркистоннинг тутган ўрни, ташқи алоқалар, савдо муносабатлари, ахборот уруши каби масалаларда янги маълумотларни киритиш ва бу борадаги қилинган тадқиқотлардаги қарашларни янгилаш, ўзгартириш имконини беради.
