Annotation: This article analyzes the development and formation of commodity-money relations in Central Asia during the early Middle Ages. Initially, commodity-money relations were based on the exchange of surplus products in a natural form agricultural goods and livestock. By the 3rd-4th centuries BC, the practice of minting metal coins began in regions such as Sogd, Khwarazm, and Fergana. During this period, coins were minted by the Seleucid, Greco-Bactrian, and Kushan empires. Chinese sources mention that coins from Central Asia depicted the images of rulers and horses, indicating their use as a means of payment in trade. During the Turkic Khaganate period, commodity-money relations further developed, and the use of coins became widespread. Trade was carried out either in barter form or through metal coins. The article also highlights the changes in the economic system of Central Asia and how these processes took shape and evolved through the inscriptions on coins and the titles of rulers during the Turkic Khaganate period. Archaeological findings confirm these developments and shed light on the economic life of Central Asia.

Keywords: Central Asia, Early Middle Ages, commodity-money relations, coins, agriculture, trade, Turkic Khaganate, archaeological findings, Chinese sources, Sogd.

Аннотация: В данной статье анализируется развитие и формирование товарно-денежных отношений в Средней Азии в раннем Средневековье. Изначально товарно-денежные отношения основывались на обмене избыточной продукции в натуральной форме — сельскохозяйственные товары и скот. К III-IV векам до н. э. в таких регионах, как Согд, Хорезм и Фергана, начала развиваться практика чеканки металлических монет. В этот период монеты начали чеканить Селевкиды, Греко-Бактрийское и Кушанское царства. В китайских источниках упоминается, что на монетах Средней Азии изображены образы правителей и лошадей, что свидетельствует о их использовании в качестве средства платежа в торговле. В период Тюркского каганата товарно-денежные отношения развились еще больше, и использование монет стало более широким. Торговля велась либо в форме бартерного обмена, либо с использованием металлических монет. В статье также рассматриваются изменения в экономической системе Средней Азии и то, как эти процессы формировались и развивались через надписи на монетах и титулы правителей в период Тюркского каганата. Археологические находки подтверждают эти процессы и освещают экономическую жизнь Средней Азии.

Ключевые слова: Средняя Азия, Раннее Средневековье, товарно-денежные отношения, монеты, сельское хозяйство, торговля, Тюркский каганат, археологические находки, Китайские источники, Согд.

Товар-пул муносабатлари бу – товар ишлаб чиқариш ва сотиш жараёнида одамлар ўртасида юзага келадиган ижтимоий муносабатларни ифодалайди. Бундай муносабатлар жамоалар ўртасида ортиқча маҳсулотлар алмашинувининг тасодифий ҳаракатлари пайтида пайдо бўлган. Дунё халқлари орасида, шу жумладан, йирик цивилизацияларни бошдан кечирган халқларда товар-пул муносабатларига ўтишдан олдин тўловлар натура шаклида амалга оширилган.

Бу усул дунё халқларининг табиий-географик жойлашуви ва иқлим шароитлари билан боғлиқ бўлиб, аҳоли хўжалик ҳаётидан келиб чиқилган ҳолда товар айирбошлаш йўлга қўйилган. Жумладан, ўтроқ деҳқон аҳоли кўпинча ўзлари етиштирган маҳсулотлар турларини ўзаро алмашиш орқали ўз моддий иқтисодий эҳтиёжларини қоплаган бўлсалар, чорвадор кўчманчи аҳоли эса қўй, эчки, қорамол ва отдан олди-берди воситаси сифатида ҳам фойдаланган. Шунингдек, океан ва денгиз қирғоқларида яшовчи халқлар бирор товарни сотиб олишда балиқ ва балиқ маҳсулотлари, қимматбаҳо минераллар қиймат белгиловчи тўлов воситаси вазифасини бажарган. Бу усул айрим минтақаларда ўтроқ деҳқон ва кўчманчи чорвадорлар орасида ҳам бирмунча ёйилган. Шу билан бирга, минг йиллар давомида зираворлар, олтин, кумуш, мис каби қимматбаҳо металлардан ясалган буюмлар ҳам товар айирбошлашда тўлов воситасига айланган.

Ўрта Осиёда қадимги даврларда – милоддан олдинги мингйилликларда товар айирбошлашда тўлов воситаси вазифасини ҳам деҳқончилик маҳсулотлари, ҳам чорва моллари ўтаб келган бўлиб, минтақада тўлов узоқ асрлар мобайнида натура шаклда амалга оширилган. Фақатгина милоддан олдинги мингйилликнинг ўрталарига келиб минтақанинг ўтроқ аҳоли яшайдиган қисмларида – Марғиёна, Бақтрия, Суғдиёна ва Хоразмда ўзаро товар айирбошлашда муайян воситалар – металл тангалардан фойдаланиш усули қўлланила бошлаган. Ўрта Осиёнинг марказий ва жануби-ғарбий ҳудудларини ташкил этган ушбу тарихий-географик ўлкаларда қўлланилган илк металл пул Аҳамонийлар салтанатида қўлланилган «дарик» – подшо Доро томонидан қўлланилган тангалар бўлган, деб қаралади1. Илк маҳаллий тангалар Салавкийлар, Юнон-Бақтрия давлати (мил.олд. III – II асрлар) ва Кушон салтанати (мил. олд. I аср – мил. III асрлар)да зарб қилина бошланган, деб ҳисобланади2. Шу тариқа милод бошларида Суғд, Хоразм, милодий III – IV асрларда Қанғ давлати томонидан Чочда, илк ўрта асрларга келиб эса Уструшона, Фарғона, Ўтрор, Исфижоб (Сайрам) ва Еттисувда товар айирбошлашда танга-пуллардан фойдаланиш йўлга қўйилган. Хитой йилномаларида Парфиядаги танга зарби ҳақида шундай дейилади «давлатда хукмдорларнинг бош сурати туширилган кумуш танга ишлатилади. Ҳукмдор оламдан ўтса, янги хукмдорнинг бош сурати туширилган янги танга зарб эттирилади»3. Бу маълумот археологик топилмалар орқали ўз тасдиғини топган. Унга қўшни бўлган Ўрта Осиё мулкларида ҳам шунга ўхшаш ҳолат бўлганлиги ўз тасдиғини топган. Хитой манбаларда қайд қилинишича, Гибин, яъни Кашмир-Кобул ҳудудларида олтин, кумуш ва мис тангалар, Тангаларнинг олд томонида отлиқ тасвири, тескари томонида эса инсон қиёфаси акс эттирилган4. Бу маълумот Ўрта Осиё мулкликлари учун ҳам тааллуқли бўлиб, бу ердаги тангаларнинг аксарияти худди шундай, яъни бир тарафида инсон тасвири, асосан ҳукмдор тасвири, иккинчи томонида эса от тасвирлари ўрин олган( Сўғд ва Хоразм тангалари).

Илк ўрта асрларга оид Хитой йилномаларида суғдликлар ҳақида қизиқ бир факт учрайди, у қуйидагича «Кан (Суғд)ликлар ўғил бола туғилганда тилига тош асал (новот) суртишади, кафтига елим қўйишади. Шу йўсинда боланинг ширин тилли (хушмуомала) бўлиши ва қўли пулни қаттиқ ушлаши ният қилинади»5. Ушбу маълумот ўша кезларда ўрта осиёлик халқлар, хусусан, ўтроқ аҳоли маиший ҳаётида савдо-сотиқ билан шуғулланиш кенг тарқалгани ва аҳолининг ўз фарзандларининг товар-пул муносабатларидан яхши хабардор бўлишига интилганликларини кўрсатади.

Тўлов воситаси сифатида муайян металл пул – тангалардан фойдаланиш усули Ўрта Осиёнинг ўтроқ воҳаларида анча эрта жорий қилинган бўлса-да, минтақанинг дашт, чўл ва тоғлик қисмларининг кўчманчи чорвадор аҳолиси орасида узоқ асрлар бўйи тўловни натура шаклида амалга ошириш усули сақланиб қолган. Бу ҳолат илк ўрта асрларгача ўзгармасдан давом этган ва Турк хоқонлигининг тарих саҳнасига чиқиши билан кўчманчилар иқтисодий ҳаётида ҳам йирик ўзга-
ришлар юз берган.

Илк ўрта асрларда Ўрта Осиё аҳолисининг бир бўлагини туркий элатлар ташкил этиб, уларнинг катта бир қисми кўчманчи чорвадорлар, сезиларли бир қисми эса ўтроқ деҳқонлар, ҳарбийлар, бошқарувчи тоифа вакиллари ва ҳоказолар бўлган. Айниқса, Еттисув ва Сирдарёнинг ўрта ҳавзаси, Чоч ва Фарғонадаги туркийлар орасида кўчманчилик билан бирга ўтроқ яшаш тарзи бирмунча устунлик қилган минтақа аҳолиси товар-пул муносабатлари билан таниш бўлиб, Чочда милоднинг III – IV асрларида, Ўтрор, Исфижоб (Сайрам), Еттисув ва Фарғонада бирмунча кейинроқ – VII – VIII асрларда танга бостириш анъанаси йўлга қўйилган эди. Ушбу ҳукмдорликлар тангаларидаги матнлар суғдий ёзувда бўлиши билан бирга қадимги турк-рун ёзувини эслатувчи белгилар, Фарғона тангаларида эса қадимги турк-рун ва суғдий ёзув ўрин олгани кўзга ташланади. Сирдарё бўйидаги ҳукмдорликлар ва Еттисув тангаларида асосан қадимги туркча унвонлар: «хоқон», «жабғу», «жабғу-хоқон», «тегин», «элтабар», «тудун» (Чоч), «хоқон» (Фарғона, Еттисув), «тутуқ» (Ўтрор), «чўр», «эркин» (Еттисув, Исфижоб) унвонларининг учраши ушбу тангаларнинг Ғарбий Турк хоқонлиги ва бош-қа туркий сулолаларга тегишли эканини кўрсатади6. Ушбу ҳудудлардаги археологик ёдгорликларда илк ўрта асрларга тегишли кўплаб нумизматик материалларнинг топилиши бу ерларда товар-пул муносабатлари анча ривожланганидан дарак беради.

Шу ўринда туркий элатлар орасида савдо-сотиқ ва иқтисодий муносабатларнинг қай йўсинда олиб борилганига қисқача тўхталиб ўтсак. Милоддан олдинги III – II асрлардан то милодий VI асргача Марказий Осиёнинг шимолий ва шимолий-шарқий қисмларида ҳукм сурган Хун, Юечжи, Усун, Гаогюй, Жуан-Жуан, Юебан каби кўчманчи негизли давлат уюшмалари даврига оид танга-пуллар топилмагани улар жамиятида савдо-сотиқ ишларининг асосан натура шаклида олиб борилганини кўрсатади7. Фақат Турк хоқонлиги, айниқса, унинг кунботардаги қаноти бўлмиш Ғарбий Турк хоқонлиги даврида бу анъана ўзгариб, олди-сотди ишларида тангалардан фойдаланиш йўлга қўйилганини юқорида келтириб ўтилган Сирдарёбўйи, Суғд, Тохористон ва Еттисув тангалари кўрсатиб турибди. Турк хоқонлигидан олдин минтақанинг шимолий ва шимоли-шарқий ҳудудларида танга-пулдан фойдаланилмагани, хоқонлик даврида эса бунинг тескариси кузатилишини бир қатор омилларга боғлаб тушунтириш мумкин. Биринчидан, хоқонлик ўзидан олдинги кўчманчи негизли давлатлардан фарқли ҳолда минтақанинг ўтроқ аҳоли яшайдиган ҳудудларини ҳам ўз ичига олган йирик салтанат эди. Хоқонликнинг бошқарув марказлари кўпроқ Суяб (Тўқмоқ), Тароз, Жабғукат (Чоч) каби ўтроқ ва кўчманчи аҳоли қўшни ва аралаш яшайдиган воҳаларда жойлашган бўлиб8, бу ерларда савдо-сотиқ ишлари асосан танга-пул воситасида амалга оширилар эди. Иккинчидан, хоқонлик Ипак йўли тармоқларининг катта бир қисми устидан назорат қилиши, халқаро савдода танга-пулга эҳтиёж туғилиши турк хоқонларини ўз тангаларини чиқаришга ундаган бўлиши керак.

Мўғулистон, Жанубий Сибир, Шимолий Хитой (Ордос), Шарқий Олтой каби кўчманчи аҳоли яшайдиган Шарқий Турк хоқонлигидан фарқли ҳолда Ғарбий Сибир, Жануби-Ғарбий Олтой, Балхашбўйи каби аҳолисининг катта қисмини кўчманчи элатлар ташкил этган Ғарбий хоқонликнинг сезиларли бир қисмида ўзаро товар айирбошлаш – савдо-сотиқ асосан натура (бартер) шаклида олиб борилган бўлиб, бу ҳолат ушбу ҳудудлар аҳолиси эҳтиёжига мос эди9.

Демак, қадимги турклар ўз яшаш шароитидан келиб чиқиб, ўзаро товар айирбошлашда икки хил усулдан фойдаланганлар: 1) натура шаклида, яъни от, қўй, қорамол, мўйна, тери, қимматбаҳо тошлар ва ҳоказолар орқали тўлов қилиш; 2) Қадимги турк ёзма ёдгорликларидан бири – 726 йилда ёзилган Тунюқуқ битиктошида Турк хоқонлиги қўшинларининг 700-йилларда араб босқинларига қарши Суғдга юриши чоғида «сарығ алтын урунг кумуш қыз қудуз эгри теби ағы бунгсуз келурти – сариқ олтин, оқ кумуш, қиз-жувон / қимматбаҳо қутос, эгри туя, ипак ҳадсиз келтирдилар» деган маълумотлар учрайди10. Айрим изланувчилар Тунюқуқ битиктошидаги ушбу жумлаларда хоқонлик қўшинлари ўлжа сифатида кўп миқдорда олтин, кумуш буюмлар билан бирга чўри сифатида қиз-жувон, ўркачли туя, ипак буюмлар келтирилганлигига урғу берилган деб ёзсалар, бир туркум изланувчилар эса битиктошда Суғддан ўлжа ёки ўлпон ўлароқ олтин, кумуш тангалар ва ипак буюмлар олиб келингани ҳақида сўз бориб, танга-пуллар сиртида туя ва қутос тасвирлари бўлган олтин ва кумушдан тангалардан иборат бўлган, деб қарайдилар11.

Шарқий Турк хоқонлигининг марказий ҳудудлари бўлмиш Мўғулистон, Жанубий Сибир ва Олтой атрофларидан топилган хитой тангалари юзасида қадимги турк-рун ёзувида жумлалар учраб, улардан бирида бакыр бiңi äб кiчiг урықа «минг бақири (пули) – уй (хонадон), кичик ўғил учун», бың урум ақча «Пинг-чи (ёки минг) – зарб қилинган танга»12, ақчасы қоп эртi қара сачынтег «Ақчаси (пули) кўп эди қора сочи каби» деб ўқилса, айримларида эса «қутлуғ бўлсун» ибораси ўрин олган. Айрим туркологлар ушбу жумлаларга таяниб, қадимги турклар, хусусан, Шарқий Турк хоқонлиги ўз пул тизимига эга бўлган, деб тахмин қиладилар. Бироқ бу қарашга тўлақонли қўшилиб бўлмайди. Сабаби, хитой тангалари Шарқий Турк хоқонлиги ҳудудларидаги археологик ёдгорлик-
ларда онда-сонда топилиб турса-да, бундай топилмаларни хоқонликка тегишли тангалар деб айтиш қийин. Кўринишидан ушбу топилмалар турли йўллар билан Хитойдан келиб қолган буюмлар сирасига кириб, қадимги турклар улардан пул сифатида эмас, шунчаки тақинчоқ (амулет – тумор) ёки бошқа мақсадларда фойдаланган бўлишлари мумкин. Агар ушбу топилмаларнинг сиртида уларнинг танга-пул эканига ишора қадимги туркча жумлалар стандарт ҳолатда бир хил шаклда учраганда эди, уларни Шарқий Турк хоқонлиги пул сифатида ишлатган дейиш имконияти бўлар эди. Шу билан бирга, бундай топилмаларнинг айримларида қадимги турк-рун ёзувида «ақча» (пул), «бақир» (мис) сўзининг учраши ўз изоҳини талаб қилади13. Чамаси, туркийларнинг кўчманчи қисми ҳам товар-пул муносабатларидан бирмунча хабардор бўлишган ва шу йўсинда хитой тангалари устидан шу мазмундаги жумлаларни ёзган кўринади.

Минтақанинг шимолий ва шимоли-шарқий қисмларининг кўчманчи чорвадор аҳолисидан фарқли ўлароқ Амударё – Сирдарё оралиғи ва унга туташ ҳудудлардаги Тохористон, Суғд, Бухоро, Марв, Хоразм, Уструшона, Чоч, Ўтрор, Исфижоб (Сайрам), Фарғона каби ўтроқ аҳоли яшайдиган воҳаларида юқорида айтиб ўтилганидек товар айирбошлашда танга-пуллардан фойдаланиш анча эрта йўлга қўйилган эди. Ҳар бир ҳукмдорлик – мулкликнинг пул тизими ҳақида бугунгача кенг кўламли маълумотларга эга бўлсак-да, айрим танга турларини ҳисобга олмаганда, тангаларнинг қиймати қандай бўлгани ва товар-пул муносабатларининг мазмун-моҳияти қандай бўлганини тўлақонли аниқлаш имконияти чекланган. Фақатгина ёзма манбаларда кўпроқ тилга олингани учун ўша даврда «драҳма» – дирҳам деб аталган танга турларининг қиймати бўйича муайян тасаввурларга эга бўлиш мумкин.

Ўрта Осиёда Бухоро дирҳамлари асосий кумуш пул вазифасини бажариб, улар сосоний ҳукмдорлар – Варахран V (420 – 438) ва Пероз (461 – 484) даврида Эронда зарб қилинган дирҳамлардан ўрнак олинган ҳолда зарб қилина бошлаган эди. Кумуш танга – драхма (дирҳам)лардан фарқли ўлароқ мис тангалар қиймати айнан қандай бўлгани ҳақида аниқ тасаввурларга эга бўлиш бирмунча қийин. Боиси, айрим истисноларни айтмаганда исломдан олдинги даврда Ўрта Осиёда нарх-наво қандай бўлганига доир аниқ маълумотлар кам сақланиб қолган. Айрим ёзма маълумотларга таянилса, ўша кезларда 1 драҳма = 16 «пани» (фен)га тенг бўлган14. Илк ўрта асрларда минтақада мис буюмлар муомаласи бир хил турдаги турли номинал (белгиланган баҳо)даги тангаларга асосланган эди.

О.И. Смирнованинг ёзишича, гарчи чекланган ёзма маълумотлар етиб келган бўлса-да, VIII асрнинг биринчи ярмида араблар томонидан Мовароуннаҳрдан олинадиган йиллик пул ўлпонининг умумий миқдори бўйича муайян тасаввурларга эга бўлиш мумкин. Бухородан йиғиладиган йиллик тўлов халифа хазинасига 200 минг дирҳам, халифанинг бу ердаги ноибига 10 минг дирҳам миқдорида бўлган. Араб ноиблари ва Самарқанд ихшидлари орасида 712 йилда тузилган «Самарқанд шартномаси»га кўра, Самарқанд томонидан ҳар йили бир хил миқдорда 200 минг дирҳам тўланиши шарти қўйилган. Ёзма манбаларда ўша кезларда Фарғона ва Бухоро ҳукмдорлари ҳам Араб халифалигига худди шундай миқдорда ўлпон тўлаши шарт қилинган бўлиб, VIII асрнинг биринчи чорагида Бухоро, Самарқанд ва Фарғонадан халифага йиллик ўлпоннинг умумий миқдори 600 минг дирҳамга тенг эди. Халифаликка тўланадиган хирож – ўлпоннинг пул кўринишидаги қисми, ўша давр маълумотларидан англашилича, Суғд дирҳамларида тўланган бўлиб, айрим араб муаллифлари уларни «Бухоро дирҳами» деб атаганлар. Бундай аталишига сабаб исломдан олдинги даврда Ўрта Осиёда халқаро пул вазифасини Бухорхудотлар сулоласига тегишли кумуш тангалар – дирҳамлар бажарган. Бухоро дирҳамлари Суғд ва унга қўшни ҳудудларда асосий ҳисоб-китоб бирлиги бўлиб хизмат қилганини ҳам ёзма манбалар, ҳам нумизматик материаллар тасдиқлайди. Бухоро дирҳамлари асосан стандарт кўринишда бўлиб, уларнинг вазни ва кўламида катта ўзгаришлар кўзга ташланмаган. Бу ҳолат ушбу дирҳамларнинг халқаро пул алмашинувида унинг ўзига хос меъёр вазифасини бажарганлиги билан боғлиқ эди15.

Илк ўрта асрлар Ўрта Осиё тангалари бўйича маълумотлар хитой16, суғдий, қадимги турк, қадимги хоразм, араб, форс ва бошқа тиллардаги ёзма манбаларида ўрин олган. Бироқ ёзма манба маълумотларининг асосий қисми тангалар ҳақида умумий ва қисқа бўлиб, улар асосида минтақада пул тизими – товар-пул муносабатлари айнан қандай бўлганини аниқлаш қийин. Маълумотлар камлиги учун ҳам кўпчилик тангашунослар Ўрта Осиё тангаларидаги ёзувларнинг ўқилиши, тангаларда ўрин олган сўз ва ибораларнинг ижтимоий ва сиёсий ҳаёт билан қанчалик алоқадорлиги, тангалардаги тасвирлар ва рамзий белгилар ҳамда уларнинг ижтимоий-маданий муҳит билан қанчалик боғлиқлиги каби масалаларга кўпроқ эътибор қаратадилар.

 

------

1   Эрназарова Т., Кочнев Б. Тангалар ўтмиш даракчилари. – Тошкент: «Фан» нашриёти, 1977. – Б. 6.

2   Вайнберг И.Б. Монеты древнего Хорезма. – М., 1977. – С. 19, 21.

3   Хўжаев А. Фарғона тарихига оид маълумотлар: Қадимий ва илк ўрта аср Хитой манбаларидан таржималар ва уларга шарҳлар. Фарғона: “Фарғона нашриёти”, 2013. – Б. 37.

4   Бичурин Н.Я. (Иакинф). Собрание сведений о народах обитавших в Средней Азии в древние времена. В 3-х томах. Том II. – C. 179.

5   Бичурин Н.Я. (Иакинф). Собрание сведений о народах обитавших в Средней Азии в древние времена. В 3-х томах. Том II. – C. 310.

6   Бабаяров Г., Кубатин А. Новые чтения легенд на монетах доисламских правителей Семиречья. – С. 85-100; Бобоёров Ғ. Исфижоб - Сайрамнинг янги тангалари// Moziydan Sado, 2022, 1/93. – Б. 12-14; Шагалов В. Д, Кузнецов А. В. Каталог монет Чача III–VIII вв. – Ташкент, 2006.

7   Вессьер Э. де ла. Хунны и сюнну / Археология и история Центральной Азии в трудах французских ученых. Том II. – Самарканд: МИЦАИ, 2014. – С. 117-133; Maenchen-Helfen O. The World of the Huns. Studies in Their History and Culture. – Berkeley: University of California Press, 1973.

8   Хатамова М. Турк хоқонларининг Чочдаги қароргоҳлари: Жабғукат ва Хотункат // O‘zbekiston tarixi. – Тошкент, 2009. – №1. – С. 3–13; Хатамова М. Турк хоқонлиги шаҳарлари (VI–VIII асрлар).: Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) диссертацияси автореферати. Т., 2018.

9   Бобоёров Ғ. Ғарбий Турк хоқонлиги тарихи ва танга-пул тизими. – Тошкент: “Tafakkur avlodi”, 2021.

10 Абдураҳмонов Ғ., Рустамов А. Қадимги туркий тил. – Тошкент: Ўқитувчи, 1982. – Б. 77-78;

11 Нумизмат Бобоёров Ғ. нинг оғзаки мулоҳазаси. – Дисс.

12 Кызласов Л.И. Монеты с тюркоязычными енисейскими надписями (к вопросу о денежном обращении в древнехакасском государстве) // Нумизматика и эпиграфика, Т. XIV. – Москва: Наука, 1984. – С. 88-90, 92;

13 Кызласов Л.И. Монеты с тюркоязычыми енисейскими надписями (к вопросу о денежном обращении в древнехакасском государстве). – С. 84-99.

14 Смирнова О.И. Очерки из истории Согда. М., 1970. – С. 198.

15 Смирнова О.И. Очерки из истории Согда. – С. 156-157.

16 Хўжаев А. Фарғона тарихига оид маълумотлар: Қадимий ва илк ўрта аср Хитой манбаларидан таржималар ва уларга шарҳлар. Фарғона: “Фарғона нашриёти”, 2013. – Б. 37-38, 55, 87.