Annotation: The article analyzes the traditional activities of the pharmacy business and their work order, as well as the changes that occurred in this regard after the conquest of the country by the Russian Empire in the Turkestan region. The issues of opening pharmacies, their functioning and training of specialists were also studied. In particular, the attitude of the colonial government to the opening of private pharmacies, the area of the city where a pharmacy could be opened, as well as the conditions for opening a new pharmacy are indicated.
Key words: attar, pharmacist, bazar, prescription, powder, mixture, old city, governor-general
Аннотация: Ушбу мақолада Туркистон ўлкасида мавжуд бўлган анъанавий доригарлик машғулоти ва уларни ишлаш тартиби ҳамда ўлкани Россия империяси босиб олгандан сўнг бу борада юзага келган ўзгаришлар таҳлил қилинган. Шунингдек, дорихоналарни очилиши, фаолият юритиши ва мутахассислар тайёрлаш масаласи тадқиқ этилган. Жумладан, мустамлака ҳукуматининг хусусий дорихоналар очиш масаласидаги муносабати, дорихонани шаҳарнинг қайси қисмида очиш муҳимлиги ҳамда янги дорихона учун қўйилган шартлар кўрсатиб ўтилган.
Калит сўзлар: аттор, доригар, бозор, дорикўрсатма, кукун, аралашма, эски шаҳар, генерал-губернатор.
Аннотация: В статье анализируются традиционная деятельность аптечной дела и их порядка работы, а также изменения произошедшие в этом плане после завоевания страны Российской империей в Туркестанском крае. Также изучались вопросы открытия аптек, их функционирования и подготовки специалистов. В частности, указывается отношение колониального правительства к открытию частных аптек, район города, где могла быть открыта аптека, а также условия, предъявляемые для открытия новой аптеки.
Ключевые слова: аттар, аптекарь, рынок, рецепт, порошок, микстура, старый город, генерал-губернатор.
Миллий тиб анъаналарига кўра азалдан касалликнинг давоси беморни ўраб турган муҳитга боғлиқ деб билишган ҳамда минтақага хос доривор хом-ашёлардан кенг фойдаланишган. Кузатишлар натижасида ўсимликларнинг тиббий хусусиятлари, ҳайвон қисмларининг дориворлик жиҳатларига хос эмпирик билимлар тўпланган ҳамда аҳолини, беморларни зарур дори-дармон билан таъминлаш ҳакимлар, табиблар ва умуман соғлиқни сақлаш билан шуғулланувчи барча мутахассисларнинг вазифаларидан бирига айланган. Шу сабабли аксарият даволаш муассасаларида, табибларнинг уйи ёки бошқа бемор қабул қиладиган нуқталарда дориларни сақлаш, қуритиш ва керакли миқдорда ўлчаш учун зарур шароит ҳамда асбоб-анжомлар бўлган.
Ўрта асрларда яратилган тибга доир аксарият асарларда ҳам инсонда бошқдан-
оёқ кузатиладиган касалликлар билан бир қаторда унга даво бўлувчи дориворларни сақлаш ва дорини қандай тайёрлаш, истеъмол қилиш услубларига алоҳида эътибор қаратилган. Одатда табиблар мустақил равишда доривор гиёҳларни йиғишган, қуритиш ва сақлаш тадбирларини ҳам ўзлари амалга оширишган. Бундан ташқари ўлкада мавжуд бўлмаган гиёҳлар Эрон, Ҳиндистон, Афғонистон, Қошғар ва бошқа ҳудудлардан савдогарлар томонидан олиб келинган. Одатда дори савдоси билан тажрибали ва бораётган ҳудудни яхши билган тужжорлар шуғулланишган. Улар кўпроқ фойда олиш мақсадида ўзлари бораётган ўлкага камёб ва қиммат бўлган дориворларни олиб боришга интилганлар. Шунингдек, савдо мижозларининг буюртмалари, илтимосларига кўра ноёб дориворларни ҳам олиб келишган.
Туркистонда аҳоли ўзлари учун зарур бўлган дориларни табиблардан ёки бозорларда дори сотувчилардан ҳамда атторлардан ҳарид қилишган. Кўпинча маълум касалликни даволашга ихтисослашган табибда муолажаси учун зарур дориворлар захираси бўлган. Масалан, синиқчиларда мумиё, тери касалликларини даволовчиларда симоб, олтингугурт каби кимёвий минераллар ва ҳ.к. бундан ташқари дори-дармонларнинг соғлиқни сақлаш тизимида тутган ўрни ҳисобга олинган ҳолда ҳукумат ҳам зарур хом-ашёларни захирасини шакллантирган. Бу захирадан кўпроқ хос табиблар ҳамда сарой ҳакимлари фойдаланишган. Бу тизимли жараён ўлкани Россия империяси босиб олгунга қадар туркистонликлар саломатлик маданиятининг ажралмас қисми бўлиб келди.
Босқинига қадар Туркистонда беморларни дори-дармонлар билан таъминлаш табиблар билан бир қаторда атторлар томонидан ҳам амалга оширилган. Табиблардан фарқли ўлароқ атторлар дориларни уйма-уй юриб тарқатган, лекин шундай бўлса-да, бозорларда дориларни сотуви йўқолмаган. Хусусан, немис сайёҳи Ҳ. Швайнитс 1909 йилда Бухорога қилган саёҳатида бозорларга таъриф бериб, махсус расталарда дорилар сотилишини қайд этган. У «дорихона моллари сотиладиган йўлакларда халталаб шифобахш вомиқ-ёнғоқлари бўлган», дея дори турларини ҳам келтириб ўтади1.
Туркистон генерал-губернаторлиги ташкил қилингач, дори сотиш иши махсус биноларга кўчирилди. Дорихоналарни жойлашувига кўра, таъсисчи ташкилотларга кўра ва мулкка эгалик қилиш шаклига кўра таснифлаш мумкин. Генерал-губернаторликда шаҳар, уезд, қишлоқ; шунингдек, ҳарбий, шахсий, жамоавий; ҳамда турли жамият ва савдо уйлари, ширкатлар томонидан ташкил этилган дорихоналар бўлган2. Туркистонда дорихона очиш ва фаолият юритиши билан боғлиқ масалалар Ички ишлар вазирлигининг 1872 йил 10 февралда тасдиқланган «Дорихона очиш тартиб-қоидалари тўғрисида»ги Низом асосида тартибга солинган3. Мазкур Низомга кўра, янги дорихона очишга рухсат берилишида ҳудуддаги аҳоли сони ҳамда мавжуд дорихоналарга уч йил давомида келиб тушган йиллик дорикўрсатмалар ва қайта мурожаатларнинг ҳисоби инобатга олинган4. Жумладан, пойтахт ва марказий губернияларда янги дорихона очишга 10 000 кишига 15 000 та дорикўрсатма тўғри келганда рухсат берилган5. Белгиланган меъёрларни шаҳарчалар, посёлкалар ва кичик қишлоқлар учун қўллаб бўлмаслиги туфайли, бу ҳудудларда дорихоналар ўртасидаги оралиқ масофадан келиб чиқиб рухсат берилган6. 1873 йилда дорихоналарни ташкил қилиш қоидалари империя даражасида кўриб чиқилиб, айрим ўзгаришлар киритилади7. Хусусан, ҳудудларда аҳоли сони ҳамда мавжуд дорихоналарда дорикўрсатмалар ҳисоби ва улар ўртасидаги масофага қўйилган талаблар қисқартирилади. Шундан сўнг бирин-кетин давлат ва хусусий дорихоналар сони ошиб борган. Туркистон ўлкасида янги тартибда ташкил этилган дорихона Тошкентдаги ҳарбий касалхона қошида йўлга қўйилди ва унинг вазифаси ҳарбийлар, ундан кейин «янги шаҳар» аҳолиси эҳтиёжларини қондиришга қаратилди. Кейинчалик, 1874 йилда ҳарбий қисмдан ташқарида давлат дорихонаси очилган бўлса8, 1880 йилга келиб, Тошкентнинг «янги шаҳар» қисмида
И. Краузега тегишли биринчи хусусий дорихона фаолиятига рухсат берилган.
Афсуски, 20-юзйилликнинг бошларига қадар ўлкада ташкил қилинган дорихоналар аҳолини бирламчи дорилар билан тўла таъминлаш қувватига эга бўлмаган. Биргина Тошкентнинг «янги шаҳар» қисмида 1901 йилгача учта дорихона фаолият юритган бўлса, «эски шаҳар»да 1903 йили юқоридаги дорихонанинг шаҳобчаси иш бошлаган9. Солиштириш учун айтиш жоизки, 1866 йилда Империядаги Владимир губерниясининг ўзида 16 та дорихона бор эди. 20-юзйиллик бошида Россия империясининг Европа қисмидаги губерния ёки вилоятларига ўртача 64 та дорихона тўғри келган бўлса, шарқдаги мустамлака ҳудудлари, яъни империянинг Осиё қисмидаги ўлкаларда мазкур кўрсаткич энг паст – 21 тани ташкил қилган10.
Нега Туркистон ўлкасида дорихоналар сони бу даражада кам эди? Биринчидан, янги дорихоналарни очиш ҳаракатлари ва бунинг учун ҳукуматдан маблағ олиш ишлари ҳам маълум вақтни талаб қилган. Тошкентнинг «эски шаҳар» қисмида дорихона очиш харажатлари туркистонлик бойлардан йиғилган маблағлар ҳисобидан қопланган. Чунки, дорихона очиш учун ажратилган маб-лағлар ҳамда тўпланган пул ҳар сафар бош-қа мақсадларда ишлатиб юборилган11.
Иккинчидан, дорихона очишга ҳукумат рухсатини олиш бир неча йилларга чўзилган. 1906 йилда Фарғона вилояти губернаторининг Туркистон генерал-губернаторига янги дорихона очишни рухсат сўраб қилган мурожаати 1907 йилда ижобий тасдиқ олган ва умуман бу жараён 1909 йилга қадар чўзилиб, шу йили амалий ишларга рухсат берилган12. Дорихона очишни 3–4 йилга чўзилишига раҳбарларнинг тиббиётга ихтисослашмаганлиги ва ушбу дорихона қуриладиган ерда яшовчи аҳолининг этник таркибига ҳам боғлиқ эди.
Учинчидан, дорихоналарни фаолият юритиши учун ҳукуматдан маблағ олиш ишлари маълум қийинчиликлар ва вақтни талаб қилган. Шу сабабли, Учинчидан, дорихоналар фаолиятини таъминлаш учун кадрлар сони етарли эмасди. Бу соҳада миллий кадрлар тайёрлаш тизими йўлга қўйилмади (айрим истиcноларни ҳисобга олмаганда), марказдан маълум қулайликлар эвазига бўлса-да, мутахассис жалб қилиш сиёсати доим ҳам ижобий натижа бермади. Натижада ҳукуматдан рухсат олиш, молиявий таъминлаш масалалари ижобий ҳал қилинган вазиятларда ҳам малакали кадрларнинг етишмаслиги дорихоналар фаолиятида жиддий тўсиқларни юзага келтирди13. Дорихоналарни ташкил қилиш ва уларнинг фаолиятига оид умумимперия қонунлари Туркистон ўлкасида алоҳида тартиб асосида қўлланилган. Туркистон генерал-губернаторлигидан ташқари Бухоро амирлиги ва Хива хонлиги ҳудудларида ҳам дориларнинг яроқлилиги, дори қутисида Россия герби туширилиши ва фойдаланиш қоидалари давлат томонидан текиширилган. Бу орқали генерал-губернаторлик савдодан бош-қа дориларни суриб чиқариш ва ўзлари ишлаб чиқараётган дорилар билан бозорни тўлдириш сиёсатини юритган.
Хусусий дорихона очиш бўйича 1890 йилдаги махсус Низом асосида империянинг Бухородаги сиёсий агенти алоҳида тартиб-қоидалар яратган. Унга кўра, Бухоро амирлиги ҳудудида хусусий дорихоналар очишга қуйидаги талабга кўра рухсат берилган:
– Туркистонликлар яшайдиган ҳудудларда дорихоналар очишга талабгор шифокор россиялик ва Россия университети дипломига эга бўлиши керак;
– очилиши кўзда тутилаётган дорихоналар атрофида туркистонликлардан ташқари россиялик аҳоли ҳам истиқомат қилиши шарт14.
Амирликдаги мавжуд дорихоналар Бухоро ҳукумати ва сиёсий агентнинг рухсати билан «Шифокорлик қоидалари ва тартиблари»га доир Низом асосида расмийлаштирилган15. Унга кўра, бундай ҳуқуқ фақат европалик (асосан руслар) шахсларгагина берилган. Чунки, миллий аҳоли юқорида тилга олинган талабларни бажарола олмаган. Бундай чекловлар Туркистонда дорихоналарни кўпайишига тўсқинлик қиларди. 1910 йилга келиб, Россия империясининг ғарбий ҳудудида дорихоналар сони 1888 йилга нисбатан икки баробар кўпайиб, 2669 тадан 4536 тага етган бўлса, Туркистон ўлкасида Бухоро амирлиги ҳудудидаги дорихоналар билан бирга 614 та эди, холос16. Бу империя бўйича умумий кўрсаткичнинг 13%ни ташкил қилиб, марказий ҳудудларга нисбатан қарийб олти баробарга кам эди.
Дорихонани ташкил қилишда Бухоро амирлиги ва Хива хонлигига нисбатан Туркистон генерал-губернаторлигида муаммо камроқ бўлган. Чунки, генерал-губернаторликда бу талабларга мос тушадиган европалик аҳоли вакилларини топиш имконияти катта эди. Жумладан, 19-юзйиллик охири – 20-юзйиллик бошларида Фарғона вилоятида фаолият кўрсатган барча дорихоналар Европа миллатига мансуб фармацевт ва тадбиркорлар томонидан ташкил этилган. Уларнинг орасида яҳудийлар кўпчилик бўлиб, хусусий дорихоналарнинг катта қисмига эгалик қилган. Умуман олганда, фармацевтика соҳасида фаолият кўрсатган барча ходимлар: дорихона ишчилари, муассаса эгалари, бошқарувчилар, доришунослик бўйича амалиётчи-ўқувчилар орасида миллий аҳоли вакиллари бўлмаган17.
Тиббиётни бошқа тармоқларида бўлгани каби ҳукуматнинг дорихоналар фаолиятига доир белгилаган тартиб-қоидалари бирёқлама бўлди. Мустамлака ҳукумати дорихоналарни ташкил қилиш, соҳа учун миллий мутахассислар тайёрлаш ва энг асосийси, ўлканинг чекка ҳудудларини ҳам қамраб олиш тадбирларини амалга оширмади. Очилган дорихоналарнинг жойлашуви ҳам Туркистон ўлкасининг россияликлар истиқомат қилувчи қисмида эди. «Эски шаҳар» аҳолиси учун очилган дорихоналарнинг жойи ҳам «янги шаҳар» чегарасидан узоққа кетмади. Ҳукумат аксар дорихоналарни «янги шаҳар»нинг рус шифокорлари ишлайдиган муассасага яқин жойда ва улар яшайдиган манзиллар атрофида очишга рухсат берган, бошқалари темирйўл бекатларига яқин жойларда ташкил қилинган18. Ҳудуддаги аҳоли сони ва дорихона ўзаро тенг масофада бўлиши зарурлиги каби Низом талаблари инобатга олинмади.
Аслида, дорихоналарни ташкил қилиш ишни бир қисми ҳисобланади. Уни тўғри фаолият юритиши масаланинг иккинчи томони эди. Афсуски, дорихоналарда назорат ва тартиб тўғри ўрнатилмаган ва сотиладиган дори-дармонлар кўпинча сифатсиз эди. Чунки, дорилар шифокорнинг кўрсатмасида ёзилганидек, ҳажм ва кетма-кетлик бўйича эмас, балки катта оғишлар билан тайёрлаб берилган. Энг кўп тайёрланадиган кукун, аралашма ва бошқа кўринишдаги дори-дармонлар аниқ вазнига қараб эмас, балки кўз билан чамалаб олинган19. Дорининг таъсири ёки ножўя асорати кузатилганда беморларнинг норозилиги шифокорга қаратилган. Дорини тайёрлаган панада қолиб, масъулият уни тавсия этган мутахассисга юкланган. Қонунга кўра, дорихоналарни бир йилда камида уч марта текшириш белгиланган бўлса-да, бу ишлар икки-уч йилда бир марта амалга оширилган20. Афсуски, ўртача икки ёки уч йиллик текширув ҳам расмиятчиликдан нарига ўтмаган. Дорихоначилик иши катта фойда келтирадиган соҳага айлангач, ўлкада хусусий дорихоналар очишга қизиқиш ошиб бораверди. Бевосита дорихоналарнинг фойдасини кўрадиган бўлсак, биргина 1908 йилда Тошкентдаги шаҳар дорихонаси савдо нуқтаси сифтида 10 000 рублдан зиёдроқ соф фойда кўрган21. Хусусий дорихоналарнинг пул айланмаси бундан ҳам катта бўлиб, ўртача 100 000 рублни ташкил қилган. Тошкентдаги кўзга кўринган Каплан ва унинг ўғилларига тегишли дорихона ҳамда улгуржи дори омборининг пул айланмаси 500000 рублдан ошган22. Дори тадбиркорлиги яхшигина фойда олиб келгани сабабли ҳукуматга Туркистон бўйлаб бундай дорихоналарни очишни сўраган мурожаатлар мунтазам келиб турган. Ҳукумат ҳам бу борада қатъий назорат ўрнатди ва ўзига фойдали бўлмаган сўровларни кўриб ҳам чиқмади. Афсуски, ушбу айланма даромадларнинг фойдаси дорихоналар тизимини ислоҳ қилиш, янги дорихоналарни очиш ёки мавжуд дорилар таннархини пасайтиришга қаратилмаган. Ҳудудларда ташкил қилинган дорихоналар узоқ вақт шаҳарда ягоналигини сақлаб қолган ва дори тадбиркорлигида мутлоқ якка ҳокимликни ўрнатган. Айниқса, хусусий дорихоналар жойлашган шаҳар ёки вилоят марказларида янги дорихона очилиши мавжуд хусусий муассаса эгалари томонидан жиддий хавф сифатида баҳоланган. Ҳудудлар кесимида янги дорихоналарни очиш ва уларнинг барчасига ўз вақтида дориларни етказиб беришда муаммолар бўлгани сабабли маъмурий марказларда кўпроқ ягона давлат дорихонаси ташкил қилинган. Хусусий дорихона очишга рухсат берувчи шартларига эътибор қаратсак, уларни туркистонлик аҳоли бажара олмасди. Биринчидан, доричилик бўйича олий маълумотли мутахассисни талаб қилинишиёқ мазкур соҳани ўлка аҳолиси учун бегонага айлантирган. Иккинчидан, соҳага доир миллий мутахассисларни яратиш тизими жорий этилмагани, кейинчалик ҳам бу муассасаларни европаликлар қўлида қолишини таъминлаган.
Қисқача ифодалаганда, дорихоналарни ташкил қилиш, фаолиятини таъминлаш ва маҳсулотни етказиб бериш масалалари ҳам мустамлака тиббиётининг бошқа тармоқлари каби хусусий ҳолат (фақат ўзлари ва кўчиб келган европаликлар учун)дан умумийлик (қисман марказда истиқомат қилувчи туркистонлик аҳолини ҳам қамраб олиш)ка секинлик билан ўтиб борди.
Туркистон ўлкасининг кўпчилик аҳолиси «эски шаҳар» ва марказдан узоқ ҳудудларда яшаши ва ерда тиббий жиҳозлар, дори-дармон воситалари, моддий имкониятнинг пастлиги, биринчидан, ҳудуд аҳолисини бирламчи ёрдам олиш имкониятини йўққа чиқарган бўлса, иккинчидан, мавжуд муаммолар мутахассисларнинг руҳий ҳолати ҳамда иш фаолиятига таъсир ўтказган. Бунинг натижасида тизим ҳам ичидан (кадрларда ҳафсаласизликнинг вужудга келиши), ҳам ташқаридан (генерал-губернаторликнинг олиб борган бирёқлама тиббий сиёсати оқибатлари) таназзулга учрашига сабаб бўлган, лекин аҳолининг тиббий эҳтиёжи ўсишдан тўхтамади.
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:
1. Амонова Ф. Бухоро амирлиги иқтисодиётига тарихий назар (XIX аср охири ‒ XX аср бошлари). – Тошкент: Yangi nashr, 2013
2. Аптекарский устав. LXX. – СПб., 1880.
3. Бадалов А. Фарғона вилоятида дорихоналарнинг ташкил этилиши ва фаолияти тарихидан (XIX аср охири – XX аср бошлари) // Ilmiy xabarnoma. – 2022. – №1.
4. Дахтаев У., Шопабаева А. История развития аптечного дела и первые фармацевты в Казахстане // Вестник КазНМУ. 2012. Сп. выпуск.
5. Добросмыслов А. Ташкент в прошлом и настоящем. – Ташкент, 1912.
6. Жолобова Г. Проблемы правового обеспечения частного и общественного интересов в сфере коммерческой фармацевтической деятельности в России 1881–1912 гг. // Политика и общество. – 2013. – №10.
7. Жураковский И. Некоторые данные о состоянии лекарственной помощи в бывшем Туркестанском крае // Медицинский журнал Узбекистана. – 1957. – №1.
8. Из истории аптечного дела в России // Ремедиум. 2012. №9.
9. Қличев О. Бухоро амирлигида дорихоналарни ташкил этиш масалаларига доир ёзишмалар // O‘zMU xabarlari. – 2012. – №1.
10. Қличев О. Бухородаги дорихоналар фаолияти ва тарихи хусусида ёзишмалар // O‘zMU xabarlari. – 2012. – №3.
11. Мягтина Н. История социальной медицины в России. – Москва: Юрайт, 2021.
12. Сидорова Л. Первые Ташкентские аптеки // Новый век. 2000 год, 6 апреля.
13. Тошмухаммедов Э., Тошмухаммедов Д. 130-летию организaции первой аптеки в Узбекистане // Медицинский журнал Узбекистана. – 2003. – №2.
14. Ўз МА. И–1-жамғарма, 16-рўйхат, 680-йиғмажилд, 7-варақ.
15. Ўз МА. И–3-жамғарма, 2-рўйхат, 125 а-йиғмажилд, 19 б-варақ.
16. Ўз МА. И–3-жамғарма, 2-рўйхат, 125 а-йиғмажилд, 21 б-варақ.
17. Якубова М. Германиялик сайёҳ Ҳанс-Германн граф фон Швайнитцнинг тадқиқотларида Бухоро таърифи (XIX аср охири – XX аср бошлари) // «Бухоронинг ислом цивилизaциясидаги тутган ўрни ва унга қўшган ҳиссаси» мавзуидаги халқаро илмий-амалий анжуман материаллари тўплами. – Бухоро, 2020.
--------
1 Якубова М. Германиялик сайёҳ Ҳанс-Германн граф фон Швайнитцнинг тадқиқотларида Бухоро таърифи (XIX аср охири – XX аср бошлари) // «Бухоронинг ислом цивилизaциясидаги тутган ўрни ва унга қўшган ҳиссаси» мавзуидаги халқаро илмий-амалий анжуман материаллари тўплами. – Бухоро, 2020. – Б. 74.
2 Қиличев О. Бухородаги дорихоналар фаолияти ва тарихи хусусида ёзишмалар // O‘zMU xabarlari. – 2012. – №3. – Б. 4.
3 Ўз МА. И–1-жамғарма, 16-рўйхат, 680-йиғмажилд, 7-варақ.
4 Аптекарский устав. ЛХХ. – СПб., 1880. – С. 166.
5 Қиличев О. Бухоро амирлигида дорихоналарни ташкил этиш масалаларига доир ёзишмалар // ОъзМУ хабарлари. – 2012. – №1. – Б. 25.
6 Бадалов А. Фарғона вилоятида дорихоналарнинг ташкил этилиши ва фаолияти тарихидан (ХИХ аср охири – ХХ аср бошлари) // Илмий хабарнома. – 2022. – №1. – Б. 54.
7 Жолобова Г. Проблемы правового обеспечения частного и общественного интересов в сфере коммерческой фармацевтической деятельности в России 1881–1912 гг. // Политика и общество. – 2013. – №10. – С. 1243.
8 Сидорова Л. Первые Ташкентские аптеки // Новый век. 2000 год, 6 апреля.
9 Тошмухаммедов Э., Тошмухаммедов Д. 130-летию организации первой аптеки в Узбекистане // Медицинский журнал Узбекистана. ¬– 2003. – №2. – С. 85.
10 Из истории аптечного дела в России // Ремедиум. 2012. №9.
11 Сидорова Л. Первые Ташкентские аптеки // Новый век. 2000 год, 6 апреля.
12 Бадалов А. Фарғона вилоятида дорихоналарнинг ташкил этилиши ва фаолияти тарихидан (ХИХ аср охири – ХХ аср бошлари) // Илмий хабарнома. – 2022. – №1. – Б.58.
13 Сидорова Л. Первые Ташкентские аптеки // Новый век. 2000 год, 6 апреля.
14 Ўз МА. И–3-жамғарма, 2-рўйхат, 125 а-йиғмажилд, 21 б-варақ.
15 Амонова Ф. Бухоро амирлиги иқтисодиётига тарихий назар (ХИХ аср охири ‒ ХХ аср бошлари). – Тошкент: Янги нашр, 2013. – 9-бет.
16 Из истории аптечного дела в России // Ремедиум. 2012. №9.
17 Бадалов А. Фарғона вилоятида дорихоналарнинг ташкил этилиши ва фаолияти тарихидан
(ХIХ аср охири – ХХ аср бошлари) // Илмий хабарнома. – 2022. – №1. – Б. 59.
18 Ўз МА. И–3-жамғарма, 2-рўйхат, 125 а-йиғмажилд, 19 б-варақ.
19 Жураковский И. Некоторые данные о состоянии лекарственной помощи в бывшем Туркестанском крае // Медицинский журнал Узбекистана. – 1957. – №1. – С. 70.
20 Дахтаев У., Шопабаева А. История развития аптечного дела и первые фармацевты в Казахстане // Вестник КазНМУ. 2012. Сп. выпуск. – С. 107.
21 Сидорова Л. Первые Ташкентские аптеки // Новый век. 2000 год, 6 апреля.
22 Добросмыслов А. Ташкент в прошлом и настоящем. – Ташкент, 1912. – 348-стр.