Annotation: This article analyzes the formation, historical stages, and current significance of the Zangi-Ota historical-architectural complex located in the Tashkent region. It examines the evolution of the architectural monument, created as a result of the reverence for the personality and spiritual heritage of Zangi-Ota (Oykhoja ibn Toshkhoja) a major 12th-century representative of Sufism and a follower of the Yassaviya order during the era of Amir Timur and the Timurids. Furthermore, the article assesses the large-scale works carried out during the years of Uzbekistan’s independence to reconstruct the complex and transform it into a modern center for pilgrimage tourism, and its resulting contribution to the socio-economic life of the region. The research focuses on the issues of preserving historical heritage and harmonizing it with modern development to enhance regional potential.

 

Keywords: Zangi-Ota, Anbar-ona, Yassaviya, Sufism, Amir Timur, architectural complex, pilgrimage tourism, cultural heritage, modernization, socio-economic development, Zangiota district.

 

Аннотация: Мазкур мақолада Тошкент вилоятида жойлашган Занги Ота тарихий-меъморий мажмуасининг шаклланиши, тарихий босқичлари ва бугунги кундаги аҳамияти таҳлил қилинган. XII асрнинг йирик тасаввуф намояндаси, Яссавия тариқатининг давомчиси Занги Ота (Ойхўжа ибн Тошхўжа) шахсияти, унинг маънавий мероси ва унга нисбатан Амир Темур ва Темурийлар давридаги эҳтиром натижасида бунёд этилган меъморий ёдгорликнинг эволюцияси кўриб чиқилади. Шунингдек, Ўзбекистон мустақиллиги йилларида мажмуани реконструкция қилиш ва уни замонавий зиёрат туризми марказига айлантириш борасида амалга оширилган кенг кўламли ишлар, бунинг натижасида ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига қўшаётган ҳиссаси баҳоланади. Тадқиқотда тарихий меросни асраш ва уни замонавий тараққиёт билан уйғунлаштириш орқали ҳудудий салоҳиятни юксалтириш масалаларига эътибор қаратилган.

 

Калит сўзлар: Занги Ота, Анбар она, Яссавий, тасаввуф, Амир Темур, меъморий мажмуа, зиёрат туризми, маданий мерос, модернизация, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, Зангиота тумани.

 

Аннотация: В данной статье анализируются формирование, исторические этапы и современное значение историко-архитектурного комплекса Занги-Ата, расположенного в Ташкентской области. Рассматривается эволюция архитектурного памятника, созданного в результате почитания личности и духовного наследия Занги-Ата (Ойходжа ибн Ташходжа) — крупного представителя суфизма XII века, последователя тариката Яссавия — во времена Амира Темура и Темуридов. Также оценивается вклад в социально-экономическую жизнь региона, внесённый в результате масштабных работ по реконструкции комплекса в годы независимости Узбекистана и его превращения в современный центр паломнического туризма. В исследовании уделено внимание вопросам сохранения исторического наследия и его гармонизации с современным развитием в целях повышения регионального потенциала.

 

Ключевые слова: Занги-Ата, Анбар-она, Яссавия, суфизм, Амир Темур, архитектурный комплекс, паломнический туризм, культурное наследие, модернизация, социально-экономическое развитие, Зангиатинский район.

 

Ўзбекистоннинг бой тарихий ва маданий мероси унинг халқаро туризм салоҳиятини белгиловчи асосий омиллардан биридир. Мамлакат ҳудудида жойлашган 7 мингдан ортиқ тарихий ёдгорлик нафақат миллий маданиятнинг, балки умумбашарий цивилизациянинг ажралмас қисми ҳисобланади. Ушбу объектлар орасида Занги Ота тарихий-меъморий мажмуаси Марказий Осиёдаги муҳим зиёратгоҳлардан бири сифатида алоҳида ўрин тутади. Мажмуа нафақат ўрта асрлар меъморчилигининг ноёб намунаси, балки XII асрда минтақада Ислом дини ва тасаввуф таълимотининг ривожига улкан ҳисса қўшган Занги Ота номи билан чамбарчас боғлиқдир.

Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, «Буюк аллома Ойхўжа ибн Тошхўжа – Занги Ота номи, бу муборак зотнинг Тошкент вилоятидаги зиёратгоҳи мусулмон оламида маълуму машҳурдир». Бу эътироф мазкур меросни илмий жиҳатдан чуқур ўрганиш, унинг тарихий аҳамиятини ва замонавий ривожланишдаги ўрнини аниқлаш долзарб вазифа эканлигини кўрсатади. Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини ривожлантиришга доир қабул қилинган давлат
дастурлари, жумладан, Президентнинг 2016 йил 2 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони тарихий обидаларнинг салоҳиятидан самарали фойдаланиш учун ҳуқуқий ва институционал асос яратди.

Мақоланинг мақсади – Занги Ота мажмуасининг тарихий шаклланишидан то бугунги кундаги ижтимоий-маданий ва иқтисодий марказга айланишигача бўлган жараённи комплекс таҳлил қилиш, унинг ҳудуд тараққиётидаги ўрнини баҳолашдан иборат. Мақолани тайёрлашда тарихий-қиёсий таҳлил, тизимли ёндашув, манбашунослик ва меъморий таҳлил усулларидан фойдаланилди. Тадқиқот манбавий асосини тарихий асарлар («Рашаҳот айну-л-ҳаёт», «Музаккири аҳбоб»), мавзуга оид тарихий ва қисса-ривоятлар, Ўзбекистон Республикасининг меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари ҳамда мажмуанинг бугунги ҳолатига доир эмпирик маълумотлар ташкил этади.

 

Занги Ота шахсияти ва унинг маънавий мероси

Занги Ота номи билан машҳур бўлган Ойхўжа ибн Тошхўжа (XII аср) Марказий Осиё тасаввуф мактабининг йирик вакилларидан биридир. Унинг шажараси отаси Тожиддинхўжа, бобоси Абдумаликхўжа ва бобокалони Мансурота орқали Яссавия тариқатининг асосчиси Хожа Аҳмад Яссавийга бориб тақалади. Манбаларда унинг Шайх Арслонбобнинг тўртинчи авлоди эканлиги қайд этилган. Ташқи кўринишининг буғдойранг, қорача бўлгани учун халқ орасида «Занги Ота» номи билан танилган.

Занги Ота ҳаёти ва фаолияти оддийлик, ҳалол меҳнат ва чуқур билимнинг уйғунлигига асосланган. Асосий касби чўпонлик бўлишига қарамасдан, у ўз даврининг етук билимдони сифатида Яссавия тариқатининг бешинчи шайхи даражасига эришган. Унинг маърифати исломий ахлоқ, инсонпарварлик, меҳнатсеварлик каби фазилатларни тарғиб қилишга қаратилган эди.

Занги Отанинг турмуш ўртоғи Анбар она (Ҳаким отанинг беваси, Хоразмшоҳ Бўғрохоннинг қизи) ҳам ўз даврининг маърифатли аёлларидан бўлиб, доялик билан шуғулланиб, халққа хизмат қилган. Уларнинг никоҳи ва ҳаёти ҳақидаги ривоятлар («Рашаҳот» асарида келтирилган) халқ орасида кенг тарқалган бўлиб, уларда тақдир, илоҳий ишора ва авлиёларнинг кароматларига оид тасаввуф қарашлари акс этган. Занги Ота ва Анбар онанинг авлодлари кейинчалик Тошкент ва Самарқанд воҳаларида яшаб, илм-маърифат тарқатишда давом этганлар. Жумладан, тазкиранавис олим Ҳасанхўжа Нисорий ўзининг «Музаккири аҳбоб» асарида ўз наслини Занги Отага боғлайди.

 

Занги Ота меъморий мажмуасининг шаклланиш босқичлари

Занги Ота вафотидан сўнг унинг қабри оддий зиёратгоҳ бўлган. Мажмуанинг меъморий ёдгорлик сифатида шаклланиши бевосита Соҳибқирон Амир Темур номи билан боғлиқ. Ривоятларга кўра, Амир Темур тушида олган аёнлик сабабли Занги Ота қаб-
рини топиб, 1397 йилда унинг устига мақбара қурдирган. Бу ҳолат Темурийларнинг тасаввуф шайхларига, хусусан, Яссавия тариқати вакилларига бўлган чуқур ҳурматининг амалий ифодаси эди. Дастлаб мақбара зиёратхона ва гўрхонадан иборат содда иншоот бўлган.

Мажмуанинг кейинги ривожланиш босқичи Мирзо Улуғбек даврига (1420 йил) тўғри келади. Улуғбек томонидан мажмуада қўшимча қурилиш ишлари олиб борилиб, унинг меъморий қиёфаси бойитилган. Шундан сўнг мажмуа асрлар давомида минтақанинг муҳим диний ва маданий марказларидан бири бўлиб хизмат қилган.

 

Мустақиллик давридаги трансформация ва замонавий инфратузилма

ХХ асрдаги тарихий ўзгаришлардан сўнг эътиборсиз қолган мажмуа Ўзбекистон мус-
тақилликка эришгач, қайтадан эътиборга тушди. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 20 октябрдаги қарори асосида 2014–2015 йилларда амалга оширилган кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари унинг қиёфасини тубдан ўзгартирди. Ушбу лойиҳа доирасида қуйидаги ишлар амалга оширилди: Янги иншоотлар қурилиши: 1000 ўринли янги жоме масжиди, 32 метр баландликдаги минора, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоят вакиллиги биноси, таҳоратхона ва бошқа ёрдамчи бинолар барпо этилди.

Реставрация ишлари: Занги Ота ва Анбар она мақбаралари, қадимий мадраса биноси тўлиқ таъмирланди, мажмуадаги 5 та тарихий гумбаз қайта тикланди.

Инфратузилмани ривожлантириш: Сайёҳлар ва зиёратчилар учун 120 ўринли чойхона, миллий услубдаги шийпонлар, фавворалар, автотураргоҳ, ер ости ўтиш йўли, миллий ҳунармандчилик дўконлари ва деҳқон бозори қурилди.

Ободонлаштириш ва ахборот таъминоти: Мажмуа ҳудуди кўкаламзорлаштирилиб, 60 та паннога ҳадислар, ҳикматли сўзлар ва зиёрат одобига оид маълумотлар ўрнатилди. Шунингдек, замонавий аудиогид тизими жорий этилди.

Бугунги кунда мажмуа «Энг обод ва кўп гул экилган ҳудуд» сифатида эътироф этилади, бу эса унинг эстетик жозибадорлигини оширмоқда.

Зиёрат туризми ва ҳудуд иқтисодиётига таъсири

Амалга оширилган модернизация ишлари натижасида Занги Ота мажмуаси нафақат маҳаллий, балки халқаро зиёрат туризми марказига айланди. Статистик маълумотларга кўра, мажмуага иш кунлари 800-1000 нафар, дам олиш кунлари эса 2-3 мингдан ортиқ зиёратчи ташриф буюради. Бу ўзгаришлар ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига ижобий таъсир кўрсатмоқда: Туризм инфратузилмасининг ривожланиши: Зиёратчилар оқимига хизмат кўрсатиш мақсадида «ZANGIOTA» хостели каби замонавий жойлашув воситалари, умумий овқатланиш шохобчалари ва савдо нуқталари фаолияти йўлга қўйилди.

Ҳунармандчиликнинг тикланиши: Мажмуа атрофида 50 га яқин оилавий ҳунармандлар фаолият юритиб, эсдалик совғаларини тайёрлаш орқали даромад манбаига эга бўлди. Сайёҳлар учун маҳаллий усталарнинг иш жараёни (ёғоч ўймакорлиги, миллий чолғу асбоблари ясаш) билан танишиш имконияти яратилган.

Хавфсизликнинг таъминланиши: Президентнинг 2019 йил 6 мартдаги қарорига асосан, мажмуа ҳудудида Тошкент вилояти ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармасининг «Туризм полицияси» хизмати фаолият юритмоқда. Бу сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш ва уларга сервис хизматлари кўрсатишда муҳим аҳамиятга эга.

Агротуризм элементлари: Хорижий сайёҳларнинг маҳаллий аҳоли хонадонларига ташрифи, уларнинг турмуш тарзи, томорқа хўжалиги билан танишуви ҳудудда агротуризмнинг ривожланишига замин яратмоқда.

Шу билан бирга, мажмуа руҳиятини акс эттирувчи юқори бадиий савиядаги рамзий эсдалик совғалари ишлаб чиқаришни кенгайтириш, бу борада тасвирий санъат ва ёғоч ўймакорлиги имкониятларидан самарали фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.

Занги Ота туманининг замонавий иқтисодий-ижтимоий қиёфаси

Занги Ота мажмуаси жойлашган туман ҳам сўнгги йилларда жадал ривожланмоқда. 1933 йилда ташкил этилган, маъмурий чегаралари бир неча бор ўзгарган туман бугунги кунда Тошкент вилоятининг стратегик ҳудудларидан биридир. 73 та маҳаллани бирлаштирган туманда 175,6 минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Туман иқтисодиётининг асосий «драйвер»лари сифатида саноат, логистика, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш соҳалари белгиланган. Туман маркази Эшонгузар шаҳарчасида «Эшонгузар Сити» лойиҳаси, Маданият саройи, Марказий боғ каби замонавий иншоотларнинг қурилиши унинг қиёфасини тубдан ўзгартирмоқда.

Занги Ота мажмуаси ва унинг атрофидаги ҳудуд тарихий мерос ва замонавий тараққиёт уйғунлигининг ёрқин намунасидир. Оддий қабрдан бошлаб, Амир Темур ва Темурийлар даврида монументал меъморий мажмуага айланган бу обида, мустақиллик йилларида амалга оширилган кенг кўламли реконструкция ишларидан сўнг халқаро аҳамиятга эга зиёрат туризми ва маданият маркази сифатида қайта шаклланди.

 

Тадқиқот натижалари шуни кўрсатадики

Занги Отанинг маънавий мероси бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган ва мажмуанинг маънавий-маърифий жозибадорлигини таъминловчи асосий омил бўлиб қолмоқда.

Тарихий обидани замонавий инфратузилма билан бойитиш унинг сайёҳлик салоҳиятини кескин оширди ва ҳудуд иқтисодиётига мультипликатив таъсир кўрсатди (янги иш ўринлари, ҳунармандчилик ва хизмат кўрсатиш соҳаларининг ривожланиши).

Мажмуанинг ривожланиши Занги Ота туманининг умумий ижтимоий-иқтисодий тараққиёти билан узвий боғлиқликда кечмоқда, бу эса маданий мерос объектларини ҳудудий ривожланиш стратегияларига интеграция қилиш муҳимлигини исботлайди.

Келгусида Занги Ота мажмуасининг илмий-тадқиқот маркази сифатидаги ролини кучайтириш, унинг тарихи ва тасаввуф илмидаги ўрнига оид илмий асарларни хорижий тилларга таржима қилиб, халқаро миқёсда тарғиб этиш муҳим вазифалардан ҳисобланади.

 

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

1.           Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 2 декабрдаги «Ўзбекис-
тон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-4861-сон Фармони. // Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2016 й.

2.           Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6 мартдаги «Транспорт ва туризм объектларида жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг самарали тизимини жорий этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-4229-сон қарори. // Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz).

3.           Мирзиёев Ш.М. Янги Ўзбекистон стратегияси. – Тошкент: «O‘zbekiston» нашриёти, 2021.

4.           Али Сафий. Рашаҳот айну-л-ҳаёт / Форс-тожик тилидан таржима, сўзбоши ва изоҳлар муаллифи: М. Ҳасаний. – Тошкент: А. Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 2003.

5.           Нисорий Ҳасанхожа. Музаккири аҳбоб / Форс тилидан таржима, кириш сўз ва изоҳлар муаллифи: И. Бекжонов. – Тошкент: А. Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 1993.

6.           Ҳазрати Занги Ота. – Тошкент, 2008. (З.Жўраев таржимаси).

7.           Захидов П.Ш. Архитектурные памятники Заамина. – Ташкент: «Фан», 1982. (Занги Ота мажмуаси меъморий услубига қиёсий таҳлил учун).

8.               Массон М.Е., Пугаченкова Г.А. Мавзолей Ишратхана. – Ташкент, 1958. (Темурийлар даври мақбара меъморчилиги ҳақида).