Annotation. This article is devoted to the study of the Zoroastrian religion and its sacred book «Avesto» in Arab countries. It emphasizes the significance of the «Avesto» not only for the peoples of Turan and Iran, but also for all mankind as a historical and cultural heritage. The article notes that Arab scholars, in the process of studying the «Avesto», conducted a comparative analysis from religious, historical, and cultural perspectives. In particular, the importance of comparing the ethical principles of the «Avesto» with Islamic philosophy and Sufism by Arab thinkers is emphasized.
The article analyzes the differences in research conducted in Arab countries, in terms of religious and historical orientation. In particular, it is shown that in Saudi Arabia and Egypt, the religious approach prevails, while in Lebanon and other countries, more attention is paid to the historical aspect. The article also examines translations of the «Avesto» from Persian into Arabic made by Arab scholars, commentaries on it, and scientific approaches to its study.
The authors reveal the connections of Zoroastrianism with other religions, the historical and cultural significance of the values contained in the «Avesto», as well as its place in Arab historiography and religious studies. This study is an important source for historians and religious scholars studying Zoroastrianism.
Keywords: Avesto, Zoroastrianism, Ahriman, Ahura Mazda, Mithra, Anahita, Gathas, Shuubiyah.
Аннотация. Мазкур мақола Зардуштийлик дини ва унинг муқаддас китоби «Авесто»нинг араб давлатларида ўрганилишига бағишланган. Унда «Авесто»нинг нафақат Турон ва Эрон халқлари, балки бутун инсониятнинг тарихий-маданий меросидаги аҳамияти таъкидланади. Мақолада араб олимларининг «Авесто»ни ўрганиш жараёнида диний, тарихий ва маданий нуқтаи назарларни қиёсий таҳлил қилгани қайд этилади. Хусусан, араб мутафаккирларининг Ислом фалсафаси ва тасаввуфи билан «Авесто» ахлоқий тамойилларини солиштириши муҳим ўрин тутгани таъкидланади.
Мақолада араб давлатларидаги тадқиқотларнинг диний ва тарихий йўналишлардаги фарқлари таҳлил қилинган. Жумладан, Саудия Арабистони ва Мисрда диний ёндашув устувор эканлиги, Ливан ва бошқа давлатларда тарихий жиҳат кўпроқ ўрганилгани кўрсатилган. Шунингдек, араб олимлари томонидан «Авесто»нинг форс тилидан араб тилига таржималари, шарҳлари ва бу борадаги илмий ёндашувлар ўрганилади.
Мақола давомида муаллифлар томонидан зардуштийликнинг бошқа динлар билан алоқалари, «Авесто»даги қадриятларнинг тарихий ва маданий аҳамияти ҳамда араб тарихшунослиги ва диншунослигидаги ўрни очиб берилади. Ушбу тадқиқот зардуштийликни ўрганувчи тарихчилар ва диншунослар учун муҳим манба ҳисобланади.
Калит сўзлар: Авесто, Зардуштийлик, Аҳриман, Аҳурамазда, Митра, Анаҳита, Гатлар, Шуубия.
Аннотация. Данная статья посвящена изучению зороастрийской религии и ее священной книги «Авесты» в арабских странах. В ней подчеркивается значение «Авесты» не только для народов Турана и Ирана, но и для всего человечества как историко-культурного наследия. В статье отмечается, что арабские ученые в процессе изучения «Авесты» проводили сравнительный анализ с религиозной, исторической и культурной точек зрения. В частности, подчеркивается важность сравнения арабскими мыслителями этических принципов «Авесты» с исламской философией и суфизмом.
В статье анализируются различия в исследованиях, проводимых в арабских странах, с точки зрения религиозной и исторической направленности. В частности, показано, что в Саудовской Аравии и Египте преобладает религиозный подход, в то время как в Ливане и других странах больше внимания уделяется историческому аспекту. Также рассматриваются переводы «Авесты» с персидского языка на арабский, выполненные арабскими учеными, комментарии к ней и научные подходы к ее изучению.
В статье авторы раскрывают связи зороастризма с другими религиями, историческое и культурное значение ценностей, содержащихся в «Авесте», а также ее место в арабской историографии и религиоведении. Данное исследование представляет собой важный источник для историков и религиоведов, изучающих зороастризм.
Ключевые слова: Авеста, зороастризм, Ахриман, Ахура Мазда, Митра, Анахита, Гаты, Шуубия.
Зардуштийлик динининг муқаддас китоби бўлган «Авесто» нафақат Турон ва Эрон халқларининг маънавий мероси, балки бутун инсоният тарихи ва маданиятининг ноёб ёдгорлиги ҳисобланади. Ушбу қўлёзмада қадимги аждодларимизнинг тарихи, дунёқараши, фалсафаси, ахлоқий ва ҳуқуқий тамойиллари, урф-одатлари ва анъаналари акс этган. «Авесто»нинг бебаҳо тарихий, адабий ва маданий аҳамияти уни турли халқлар ва минтақаларда, жумладан, араб давлатларида ҳам чуқур ўрганишга сабаб бўлган. Авесто кўп хронологик қатламли ноёб манба, унинг «Видевдат» китобида Туроннинг қадимги вилоятлари ва хақларининг номлари илк бор тилга олинади1. Шу сабабли ҳам, Авестонинг ўрганилиши доим ҳам долзарб мавзулардан бири бўлиб келган.
Араб олимлари ва тадқиқотчилари «Авесто»ни ўрганиш жараёнида унинг диний, тарихий, адабий ва маданий жиҳатларини таҳлил қилиб, уни асосан Ислом маданияти ва фалсафаси билан қиёсий асосда тадқиқ қилганлар. Хусусан, зардуштийлик ғоялари ва «Авесто»нинг ахлоқий тамойиллари ўрта асрларда араб мутафаккирлари томонидан ислом фалсафаси ва тасаввуф таълимоти билан солиштирилган. Ушбу ёндашув «Авес-то» нинг нафақат Ўрта Осиё халқлари, балки кенг мусулмон дунёсидаги маънавий ва илмий меросга қўшган ҳиссасини очиб беришда муҳим ўрин тутган.
Мазкур мақолада «Авесто» китобининг араб давлатларида ўрганилиши, унинг тадқиқот манбалари ва араб олимларининг илмий ишлари таҳлил қилинади. Хусусан, «Авесто» нинг таржималари, шарҳлари ва мазкур матнга қаратилган ёндашувлар тарихий ва илмий нуқтаи назардан ёритилиб, араб тарихшунослиги ва диншунослигидаги ўрни аниқланади.
20-юзйилликнинг охири ва 21-юзйиллик бошларида араб давлатларида зардуштийлик дини ва Авесто китоби доирасида тадқиқот олиб борган бир қанча олим ва изланувчилар бўлиб, улар мавзунинг асосан диний томонига урғу беришган. Холид Кабир Аълал2, Жамшид Юсуфий3, Манзур Ҳайик4, Саид Абуд Самар5, Абдураҳмон Ҳалил6, Жамшид Юсуфий7, Абдуллоҳ Аъбадоний8, Аднан Яҳё9, Шофеъ Аҳмад10 каби кўплаб изланувчилар айнан мазкур мавзуда бир нечта тадқиқотларни олиб борганлар. Ушбу олимларнинг баъзилари форс тилидаги мавзуга тегишли адабиётларни араб тилига таржима қилишган. Маълумки, Эрон давлатида Зардуштийлик дини ва «Авесто» китоби ҳақида жуда кўп илмий-таҳлилий китоблар нашр қилинган.
Араб давлатлари сони кўп ва улардаги илмий тадқиқот йўналишлари хилма-хил бўлгани учун, бу мавзудаги ёндашувлар ҳам турлича. Хусусан, Зардуштийлик дини ва Авес-то китобига муносабат араб дунёсида турли йўналишларга бўлинади. Саудия Арабистони, Миср, Жазоир, Сурия каби давлатларда асосан диний йўналишдаги тадқиқотлар салмоқли бўлгани ҳолда, Ливан, Ироқ, Сурия каби давлатларда тарих йўналиши устувор ҳисобланади. Бу илмий изланишларни шартли равишда икки қисмга бўлишимиз мумкин:
1) Тарихий (илмий) йўналишдаги тадқи-
қотлар;
2) Диний йўналишдаги тадқиқотлар.
Авесто сўзи араб тилида икки хил тарзда ёзилади. Биринчиси «آفستا», иккинчиси эса «أبستاق» шаклда қўлланилган. Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, аксарият араб давлатларида Зардуштийлик дини ва Авесто китоби ҳақида гап кетганида, аввало, Эрон давлати назарда тутилади. Диннинг пайдо бўлиши, унинг тарихи, Авестонинг яратилиши ҳақидага маъ-
лумотлар бевосита Эрон давлати билан боғланади.
Холид Кабирнинг «Зардуштийлик ислом даврида мажусийлар томонидан ихтиро қилинган дин»11 деб номланган тадқиқотида асосий урғу Зардуштийлик ва Ислом дининг ўзаро таққосланиши устида кечади. Мазкур асар уч қисмдан иборат бўлиб, уларда Форсларнинг исломдан олдинги диний тарихини сохталаштириб кўрсатиш, Ислом даврида мажусийларнинг зардуштийликни сунъий тарзда яратишининг тарихий далиллари, мажусийлар ўз динларини зардуштийликка ўзгартирганлигининг илмий асослари каби масалалар таҳлил қилинган. Холид Кабирнинг бу асари зардуштийликнинг келиб чиқиши ҳақидаги анъанавий қарашларни қайта кўриб чиқишга уриниш сифатида қизиқиш уйғотади. Унинг асосий ғоясига кўра, зардуштийлик Исломдан олдин мавжуд бўлмаган ва у Ислом даврида мажусийлар томонидан яратилган. Ушбу даъвони қўллаб-қувватлаш учун муаллиф тарихий, археологик ва диний далилларни келтиради. Жумладан, Ислом вужудга келган даврдан бошлаб форслар ўзларининг тарихи ва динини ўзгартириш ҳаракатини бошлаб, халқ орасида ёлғон маълумотларни тарқата бошладилар. Бу жараён айниқса «шуубия»12 (حركة الشعوبية) ҳаракати доирасида кенг оммалашди. Бундан мақсад ўзларининг диний тарихларини исломлаштириш, ундаги камчилик ва нуқсонларни тўғрилашдан иборат эди. Улар ўз динларига Ислом динининг ақидалар ва тушунчаларини кирита бошладилар13.
Форслар Иброҳим пайғамбар аслида Зардушт бўлиб, форсларнинг аждоди бўлганлиги даъво қиладилар ва бир нечта асарларда бу ҳақида маълумотлар келтирилганлар. Холид Кабир эса бу маълумотни ишончсиз деб атаб, уйдирма эканлигини таъкидлайди ва қуйидагича асослашга ҳаракат қилади:
- Иброҳим ва Зардушт ўртасидаги улкан даврий фарқ мавжуд. Зардушт милоддан аввалги VII асрда яшаган, бу Иброҳим алайҳиссалом вафотидан юзлаб йиллар кейин.
- Зардушт Форсда, Иброҳим алайҳиссалом эса Арабистонда (Ироқ ва Фаластинда) яшаган. Шунинг учун бу икки шахс бир хил бўлиши мумкин эмас.
- Иброҳим алайҳиссалом сомий бўлган ва арабларнинг (аввал Аднан қабиласи, кейин яҳудийлар) отаси бўлган. Зардушт эса орийлардан бўлган, сомий эмас. Шунинг учун Зардушт Иброҳим алайҳиссалом бўлиши мумкин эмас ва аксинча.
- Зардушт Аллоҳнинг пайғамбари Иброҳим бўлганида, Қуръони Каримда унинг зикри ва хабари келган бўлар эди14.
Холид Кабирнинг фикрича, Зардуштийлик яккахудолик эмас, аксинча кўпхудолик дини ҳисобланади. Бунга асос қилиб бир нечта археологик топилмалардан мисоллар келтирлади. Жумладан, Нақши Рустамдаги қоятош суратлари, Сосоний шоҳи Ардашернинг тангалари, Шопур биринчининг битиклари ва бошқалар. Уларда Илоҳа Анахита, Аҳурамазда, Аҳриман сингари илоҳлар тасвирланган бўлиб, улар ҳаммаси зардуштийликда худолар сифатида тасвирланишини таъкидлайди ва бу кўпдухудоликнинг белгиси сифатида талқин қилинади15. Бу ёндашув фақатгина бир томонлама бўлиб, кўплаб хорижий давлатларда, жумладан Ўзбекистонда олиб борилган тадқиқотларда ҳам Зардуштийлик яккахудолик дини деб талқин қилинади16.
Умуман олганда мазкур ишда муаллиф зардуштийлик ва ислом динини ўзаро ўхшаш ва фарқли жиҳатларини таҳлил қилишга ҳаракат қилади, даврий жиҳатидан ислом дини аввалроқ пайдо бўлганлигини таъкидлайди. Бироқ унинг илмий асослари етарли даражада эмас. Дунё миқёсида зардуштийлик дини ва «Авесто» китоби устида олиб борилган тадқиқотларни жалб этмаган. Муаллиф ўз назариясини қўллаб-қувватловчи далилларни танлаб келтиради ва қарама-қарши далилларни эътиборсиз қолдиради. Баъзи тарихий манбаларни ўз талқинига мос равишда нотўғри талқин қилади. Тадқиқот хулосаларида тарихий фактларни талқин қилишда диний нуқтаи назарга таянилганлиги сезилиб туради.
Ливанлик тадқиқотчи Жамшид Юсуфий ўзининг «Зардуштийлик: дин, маросимлар ва ундаги ўзгаришлар»17 деб номланган асарида диннинг тарихи, ундаги маросимлар, вақт ўтган сари уларнинг ўзгариш динамикаси, бошқа динларга (яҳудийлик, насронийлик, ислом) таъсирини таҳлил қилади. Бу ишнинг манбавий асосига келадиган бўлсак, паҳлавий тилидаги манбалар, форс ва араб тилидаги асарлар, хорижий тилдаги асарлар ҳам жалб қилинган. Ишда зардуштийлик дини билан боғлиқ барча жабҳалар қамраб олинган. Оила, никоҳ, тарбия, байрамлар, тақвимлар, илоҳлар ҳақида тушунтиришлар бериб ўтилган. Муаллифнинг фикрига кўра, бу диннинг асосий мақсади инсонни тарбиялаш ва ундаги олий маънавий фазилатларни ривожлантириш эканлиги айтилади. Зардуштийлик нуқтаи назаридан, ростгўй инсон ер юзида бахтга эриша оладиган, яхши фазилатларга эга бўлган, ҳаёт йўлида чиройли фикрлайдиган, чиройли сўзлайдиган ва чиройли иш тутадиган инсондир. Ушбу амаллар орқали у бахт ва хотиржамликка эриша олади. Зардуштийлик таълимоти амалий асосларга қурилган бўлиб, Зардушт ҳақиқий устоздир ва унинг таълимоти хурофот ва ёлғонлардан йироқдир. Бу фикрлардан кўриш мумкинки, Жамшид Юсуфий бу динга нисабатан ижобий хулосасини беради18. Муаллиф
зардуштийлик тарихини даврий жиҳатдан икки қисмга бўлиб ўрганишни таклиф қилади. Биринчиси, Зардуштнинг асл таълимоти бўлиб, у «Гатлар»да баён этилган. Бу қисмда Зардушт ўзининг фикрлари ва эътиқодларини соф ҳолда ифодалаган. Иккинчиси эса, Зардуштдан кейин пайдо бўлган ва унинг асл таълимотига қўшимчалар киритилган қисмдир. Бу қисмда хурофотлар, афсоналар ва сеҳргарлик каби нарсалар аралашган. Жамшид Юсуфийнинг иши зардуштийликни ўрганишга қимматли ҳисса қўшади. Унинг тадқиқоти зардуштийликнинг асл моҳиятини тушунишга, унинг тарихий ривожланиш босқичларини аниқлашга ва бошқа динлар билан ўзаро алоқасини ўрганишга ёрдам беради. Ушбу асар зардуштийликни ўрганувчи тарихчилар, диншунослар ва бошқа тадқиқотчилар учун муҳим манба бўлиб хизмат қилади.
Сурияда олиб борилган тадқиқотлардан яна бири, Манзур Ҳайикнинг19 асари бўлиб, унда ҳам асосан Зардуштийлик динининг тўлиқ тарихи баён қилинган. Ишда илмий таҳлил тизимли тарзда олиб борилган, Зардуштнинг туғилган вақти, жойи, исми, оила аъзолари ҳақидаги маълумотлар турли манбалар билан таққосланади. Зардуштнинг туғилган жойи ҳақида ҳам турли қарашлар келтирилган. Ҳозирги Туркманистон ҳудуди, Озарбайжон, Эроннинг Рай шаҳри, Афғонистоннинг Балх шаҳри каби тахминлар орасидан муаллиф Озарбайжонни ҳақиқатга яқинроқ деб ҳисоблайди. Кам сонли араб тарихчилари қатори уни эронлик бўлмаган, балки туркларнинг ўғуз қабиласидан бўлганлиги таъкидланади. Асарнинг кейинги қисмлари асосан таржималардан иборат бўлиб, маълум бир қисмлар ажратиб олинган ва араб тилига таржима қилинган. Ушбу асарда муаллиф бошқа араб тарихчиларидан фарқли равишда Авестонинг кўпроқ тарихий жиҳатларига ва таржимасига эътибор қаратади. Кўплаб араб тарихчиларининг бу дин ва унинг китоби ҳақида гап кетганида Эрон ҳудуди билан боғланиш фикрини инкор этади. Айнан шу тадқиқотда Авестонинг ватани Марказий Осиё бўлиши мумкинлиги ёзилган. Фойдаланилган адабиётлар рўйхати келтирилмаган ва бу асарнинг камчилиги ҳисобланади. Муаллиф хулосасига кўра, баъзи бир мусулмонлар Зардуштни пайғамбар сифатида билса-да, кўпчилиги ундай ҳисобламайди. Асосий масала деб унинг ғоялари ва ислоҳотларига қарайдиган бўлсак, ўз даври учун бу шахс катта ишни амалга оширган. Ундан ташқари кўплаб дин тарафдорлари, жумладан, яҳудийлар ўз динларидаги баъзи бир жиҳатларни айнан зардуштийликдан олган бўлиши мумкин. Форслар Бобилни босиб олганда бу ҳолат содир бўлган. Христианлик дини билан эса ўхшаш жиҳатлари деярли учрамайди. Ислом дини билан баъзи бир ҳолатлар мос тушса-да, фарқли томонлари анча салмоқлидир.
Ироқлик археолог Саад Абуд Самар Зардуштийлик динидаги сув ва ҳосилдорлик илоҳаси Анаҳитага бағишланган мақола20 ёзган. Мақолада қуйидаги масалалар ёритилади: Анаҳита номининг келиб чиқиши, бош-
қа қадимги маданиятлардаги аёл илоҳалар (Иштар, Исида, Афродита, Артемида, Лот, Уззо) билан қиёсий таҳлил қилинади. Барча аёл илоҳалар ягона илоҳанинг турли кўринишлари бўлиши мумкинлиги тахмин қилинади. Анаҳита ҳинд илоҳаси Сарасватидан келиб чиққан бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тахмин ўрганилади. Анаҳитага ибодат қилиш жараёни, Анаҳитага сиғинишдаги ўзгариш-
лар, Анаҳитага оид тарихий ёдгорликлар таҳлил қилинади. Самар Эрон тарихининг турли даврларида (Аҳамонийлар, Салавкийлар, Сосонийлар) Анаҳитанинг жамиятдаги ўрни ва ривожланиш босқичларини таҳлил қилади. Мақолада Турон ҳудудидаги Анаҳитага сиғиниш ҳақида маълумот берилмаган.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, араб мамлакатларида Туроннинг қадимги тарихига оид бошқа мавзулардан фарқли ўлароқ, Зардуштийлик дини ва Авесто муқаддас китобига бағишланган тадқиқотлар нисбатан кенг ёритилган ва хилма-хил ёндашувлар билан ажралиб туради. Бу ҳолат араб шарқшунослигида ушбу масалага бўлган қизиқишнинг юқорилигидан далолат беради. Араб тадқиқотчиларининг Зардуштийликка ёндашувини қуйидаги уч асосий гуруҳга ажратиш мумкин:
1. Традиционалистлар. Бу гуруҳга мансуб олимлар Зардуштийликни мустақил дин сифатида тан оладилар ва унинг таълимотини ислом динига яқин деб ҳисоблайдилар. Улар Зардуштни ҳақиқий пайғамбар сифатида эътироф этадилар ва Авестони илоҳий ваҳийга асосланган муқаддас китоб деб биладилар. Бу ёндашув, асосан, Эрон билан тарихий ва маданий алоқалари кучли бўлган араб мамлакатларида (масалан, Ироқ, Ливан) кенг тарқалган.
2. Ревизионистлар. Бу гуруҳ вакиллари Зардуштийликнинг мустақил дин эканлигига шубҳа билан қарайдилар ва унинг келиб чиқишини ислом дини билан боғлайдилар. Улар Зардуштни пайғамбар деб ҳисобламайдилар ва Авестони асосан мажусийларнинг афсона ва ривоятлари тўплами сифатида баҳолайдилар. Бу ёндашув, асосан, Саудия Арабистони ва Миср каби мамлакатлардаги айрим олимлар томонидан илгари сурилади.
3. Синкретиклар. Бу гуруҳга мансуб тадқиқотчилар Зардуштийликни ислом ва бошқа динлар билан ўзаро таъсир натижасида шаклланган дин деб ҳисоблайдилар. Улар Зардуштнинг пайғамбарлигини инкор этсалар-да, унинг диний ғояларида муайян ҳақиқат борлигини ва Авестода тарихий ва маданий жиҳатдан қимматли маълумотлар мавжудлигини тан оладилар. Бу ёндашув нисбатан кам тарқалган бўлиб, асосан, Авестони фалсафий ва адабий асар сифатида ўрганувчи олимлар орасида учрайди.
Шунингдек, араб давлатларида Авестога ёндашувда ҳам фарқ мавжуд. Марказий осиёлик тадқиқотчилар Авестони ўрганишда унинг тарихий аҳамиятига кўпроқ эътибор қаратсалар, араб олимлари ушбу китобни асосан диний ва фалсафий нуқтаи назардан тадқиқ қиладилар. Бу фарқлар, асосан, минтақавий ва маданий хусусиятлар билан боғлиқ бўлиб, уларни ҳисобга олиш Авесто ва Зардуштийликни ҳар томонлама ва объектив ўрганиш имконини беради.
-----------------
1 А. Асқаров. Қадимги Турон энеолит, бронза ва илк темир даври цивилизациялар тарихидан лавҳалар. Тошкент. Фан нашриёти. 2023. 275-б.
2 الجزائر: 10 / رمضان/ 1440- 15/ماي / 2019 في العصر الإسلامي. الز ديانة ابتدعها المجوس خالد كبير علال.
3 جمشيد يوسفي. الدكتور جمشيد يوسفي. الزرادشتية الديانة والطقوس والتحولات اللاحقة. الطبعة الاولى ٢٠١٢. ص. 510.
4 منذر الحايك. أبستاق كتاب زرادشت المقدس. الإصدار الأول 2019 م. ص. 416.
5 سعج عبػد سسار. الإلية آناىيتا. جامعة واسط / كلية التخبية . 2018. ص. 42.
6 خليل عبد الرحمن. الكتاب المقدس للديانة الزرادشتية. 2008. ص. 914.
7 جمشيد يوسفي. الزرادشتية الديانة والطقوس والتحولات اللاحقة. مكتبة زين الحقوقية والادبية ش.م.م. 2012. ص. 510.
8 عبد الله صالحي العباداني. تاريخ الديانة الزرادشتية. 2011. ص. 162.
9 أسامة عدنان يحيى. الديانة الزرادشتية ملاحظات وآراء. 2016. ص. 170.
10 الشفيع الماحي أحمد. زرادشت والزرادشتية. 2001. ص. 120.
11 الجزائر: 10 / رمضان/ 1440- 15/ماي / 2019 في العصر الإسلامي. الز ديانة ابتدعها المجوس خالد كبير علال.
12 Shuubiya harakati – VIII-IX asrlarda paydo bo’lgan ijtimoiy-siyosiy va mafkuraviy harakat bo’lib, arablarning ustunligini tan olmaslik va arab bo’lmagan musulmonlarning (ayniqsa, forslarning) teng huquqliligini talab qilishga asoslangan harakat. Bu harakat keyinchalik ilmiy doiraga ko’chib, adabiyotning rivojlanishiga katta hissa qo’shdi.
خالد كبير علال. ص – .5 13
14 Ўша асар. 8 – 9-бетлар.
خالد كبير علال. ص – 24-25. 15
16 Қаранг. А. Асқаров. Қадимги Турон энеолит, бронза ва илк темир даври цивилизациялар тарихидан лавҳалар. Тошкент. Фан нашриёти. 2023. 360 б.
17 جمشيد يوسفي. الزرادشتية الديانة والطقوس والتحولات اللاحقة. الطبعة الاولى ٢٠١٢. ص. 510.
18 جمشيد يوسفي. ص. 400-402.
19 منذر الحايك. أبستاق كتاب زرادشت المقدس. الإصدار الأول 2019 م. ص. 416.
20 سعد عبود سمار. الإلية آناىيتا. جامعة واسط / كلية التخبية . 2018. ص. 42.
